loader

МУЗДАЛИФА

Ҳаж пайтида ҳожилар биринчи ҳайит куни Арафотдан тушиб келадиган жой номи. Унинг Муздалифа деб номланишига сабаб – одамлар кечанинг бир бўлагида у ерга тушишгани ёки жам бўлиб тушишгани ёхуд улар Минога яқин бўлишгани ё Одам алайҳиссалом Ҳавво билан ўша ерда топишгани учундир. У Мино билан Арафот ўртасида жойлашган. Муздалифанинг чегараси Муҳассир водийидан бир-бирига туташ Маъзамин тоғигачадир. Муздалифа ҳам Ҳарам ҳудудига киради, кўпчилик муфассирлар Қуръони каримдаги «Машъарул Ҳаром»дан мурод Муздалифадир, дейишган. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ерга туяларини оҳиста юрғизиб келиб талбия айтганлари, дуо ва зикрлар қилганлари, Қуръони карим оятларини ўқиганлари ривоят қилинади. Ҳожилар зулҳижжанинг тўққизиничи куни қуёш ботгач Арафотдан қайтиб, Муздалифада шом ва хуфтон намозларини бир азон, икки иқомат билан қўшиб ўқишади ва шу ерда тунашади. Эртасига бомдоддан сўнг Минога қайтишади. Муздалифанинг чегараси Муҳассир водийидан Маъзамингачадир. Маъзамин икки бир-бирига юзланган тоғ бўлиб, ўртасида йўл бор. Муздалифанинг бошланиши ва тугаши ҳақида хабар берувчи ишора-белгилар бор. Ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида, Муздалифада масжид томондан тушаётганларида шом билан хуфтонни жамлаб ўқидилар. Ва у зот: «Мана шу ерда турдим», деб ҳаммасини бир маконга жамладилар. Ушбу макон 9-зулҳижжа куни қуёш ботганидан кейин Арафотдан тушаётган пайтда ҳожилар ётиб қоладиган жойдир. У ерда шом билан хуфтонни қаср қилиб, бир азон ва икки такбир билан жамъу-таъхир қилиб ўқишади, Аллоҳга дуо қилишади. Бомдод намозидан кейин Минога кетишга ҳаракат қилишади. Ана шу ердан отадиган тошларини олишлари мумкин. Иложи топилмаса, йўлдан ёки Минодан олишади.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР