loader

МУСО АЛАЙҲИССАЛОМ

Мусо алайҳиссалом Қуръоннинг 118 жойида зикр қилинган, самовий китоблардан Таврот нозил қилинган пайғамбар. У Яъқубнинг учинчи ўғли Лавийнинг набираси бўлмиш бир зотнинг аёлидан туғилган. Ўша пайтда Мисрда яшайдиган Бани Исроил қавми мисрлик қибтийлар томонидан қулдек ишлатилиб, азоб чекар эди. Қибтийлар юлдуз ва бутларга сиғинишар, уларнинг подшоси Фиръавн эса худоликни даъво қилар эди. Бир коҳиндан Бани Исроилда туғилган бир бола давлати ва салтанатини олишини эшитган Фиръавн қавмда туғилган барча ўғил болаларни ўлдира бошлайди. Илоҳий амрга кўра гўдак Мусо сандиқ ичида Нил дарёсида оқиб бораётганида Фиръавннинг хотини Осиё уни қутқариб тарбиясига олади, боланинг онаси саройга сут она (энага) қилиб жойланади. Ҳазрати Мусо Фиръавн саройида қирқ йил яшайди. Сўнгра бир воқеа туфайли Мисрдан Мадянга кетади. У ерда Шуайб алайҳиссаломнинг қизи Сафура билан турмуш қуради. Икковлари Мисрга кетишаётганида Тур тоғида Аллоҳ таолодан ваҳий келиб, акаси Ҳорун икковлари Фиръавнни ҳақ динга даъват қилишга буюрилади. Аммо Фиръавн ва қавми Ҳазрати Мусога иймон келтирмади. Шунда Аллоҳ таоло Ҳазрати Мусо ва унинг издошларини таъқиб этаётган Фиръавн ва қўшинини денгизга ғарқ қилиб ҳалок этди. Мусо алайҳиссалом бир юз йигирма ёшида Тиҳ саҳросида, Байтул-Муқаддас атрофида вафот этди, қабри ҳам ўша жойда.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР