loader

МУСОФИР НАМОЗИ

Пиёда ўртача юрганда уч кеча-ю уч кундузлик йўл юриб етадиган жойга сафарга чиққан киши яшайдиган жойи ҳудудидан чиқиши билан мусофир ҳисобланади (бу ҳанафий мазҳабида 96 километрга тенг). Ана шу масофадаги ерга машинада, поездда, тайёрада ва кемада йўлга чиққанлар ҳам мусофир ҳисобланади. У жойда ўн беш кундан камроқ муддат туришни ният қилган бўлсаю, ойлаб-йиллаб қолиб кетса ҳам, мусофир саналаверади. Агар борган жойида ўн беш кун ёки бундан кўп муддат туришни ният қилса, етиб боргач мусофир ҳисобланмайди. Мусофир киши: сафарда тўрт ракатли фарз намозларини икки ракатга қисқартириб (қаср қилиб) ўқийди; суннат намозларини қисқартирмайди; вақт тиғиз, шароитда қийинчиликлар бўлса, суннат намозлар адо этилмаслиги мумкин, лекин ётоқхона ёки бориб тушилган ўринларда ўқилади; мусофир таҳорат олгач, маҳсиси ёки этигига уч кеча-ю уч кундуз масҳ этиши мумкин. Мусофир киши қасддан тўрт ракатли намозни тўла ўқиса, гуноҳкор бўлади. У тўрт ракатли намознинг иккинчи ракатида ўтирган бўлса, икки ракатдан зиёдаси нафл намозига ҳисоб бўлади, ўтирмаган бўлса, намози дуруст бўлмайди, қайта ўқийди. Мусофир кишига муқим имом бўлса, мусофир имом билан намозини тўла адо қилаверади. Аммо намознинг вақти ўтгандан кейин мусофирнинг муқимга иқтидо қилиши мумкин эмас. Агар мусофир муқимга имом бўлса, муқим киши намозини комил қилади, мусофир эса намозини қаср қилиб ўқийди. Унинг намоз охирида «Намозларингни комил қилинглар, мен мусофирман», демоқлиги мустаҳабдир.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР