loader

НАЖД

Араб жазирасидаги қадимий ўлканинг номи. Исломдан аввал арабларнинг кинда қабиласига қарашли бўлган. Милодий ўн саккизинчи асрда Нажд амирлиги ваҳҳобийлик ҳаракатининг маркази бўлган. Марказий Арабистоннинг ясси тоғликларида жойлашган. Унинг жанубида ва шимолида теп-текис, гиёҳ ўсмас чўллар бор, жануб томондагиси Руб-ал-Ҳоли деб, шимол тарафдагиси эса - Нуфуд чўли деб аталади. Нажд ўзича қуруқ, лекин кишига тетиклик бағишловчи иқлимга эга ҳушҳаво бир манзилгоҳдир.  У ҳар доим жасур қабилалари ва зотдор отлари билан донг таратиб келган. Бугунги кунда Нажд  нефт қазиб чиқариш билан боғлиқ корхоналар марказига айланган. Арабистон қироли Амир Сауд ана шу ерларда таваллуд топган. Унинг отаси Амир Абдул Азиз ибн  Сауд ал-Ҳижозни ҳам забт этди ва эндиликда Яман, Ҳазаралмавт ва жануби-ғарбий соҳилни истисно қилганда, бутун мамлакат Саудия Арабистони деб аталади. 1932 йилда Ҳижоз ва Нажд вилоятлари бирлаштирилиб, Саудия Арабистони давлатига асос солинган.