loader

НАЖМИДДИН КУБРО

Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад Хивақий ал-Хоразмий, шайх Нажмиддин Кубро куняси номи билан машҳур бўлган йирик аллома ва тасаввуф шайхи. Ҳижрий 540 (милодий 1145) йили Хоразмнинг Хива шаҳрида туғилган. Ўн етти ёшида ватанни тарк этиб, илм излашга чиқади. Хуросондан Маккага бориб ҳадис тўплайди, улуғ муҳаддис, фақиҳ, муфассир бўлиб етишади. Кейин шайх Исмоил Қасрий, Аммор Ёсир, Мисрда шайх Рўзбеҳхон ал-Форсийлар хизматида бўлиб, тасаввуф оламига киради. Рўзбеҳхон унга Нажмиддин (дин юлдузи) номи билан фотиҳа беради. Миср, Шом, Ироқ сафаридан Бадлисга + пири шайх Аммор ҳузурига қайтиб, шу ерда валийлик ҳирқасини кияди. Йигирма беш йиллик ҳижратдан сўнг 1185 йили Хоразмга қайтиб, умрининг охиригача шогирдлар тарбияси билан машғул бўлади. Шариат илмлари ва тариқат тартибларини бирлаштиришдаги катта хизмати учун унга «Ал-имом аз-зоҳид ал-қудва» унвони берилган. У тасаввуфдаги Кубровия тариқати асосчисидир. Унинг «Фавоих ал-жамол», «Усул ул-ашара», «Рисолат ал-хоъиф», «Одоб ул-зокирин» каби асарлари бор. 1221 йили мўғуллар босқини чоғида жангда шаҳид бўлган.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР