loader

ОД

Қуръони каримда баёни келган, ўз куч-қувватига маҳлиё бўлиб ноҳақ кибру ҳаво қилган ва бунинг сабабидан Аллоҳ таоло уларни жазолаш учун устларига даҳшатли бўрон юбориб, ҳалокатга учратган қавмнинг номи. Од Нуҳ алайҳиссаломнинг эвараси Авснинг ўғлидир. Авснинг отаси Ирам, унинг отаси Саам, унинг отаси Ҳазртаи Нуҳдир. Муфассир ва муаррихлар бу қавмни Биринчи Од ва Иккинчи Од деб икки давр инсонларига ажратишади. Ҳуд алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилгани Биринчи Од қавмидир. У ҳалок бўлганидан кейин бу қавмдан омон қолган насллардан Иккинчи Од тарқаган. Олимларнинг фикрича, Од қавми Ямандаги Уммон ва Хазрамавт оралиғидаги минтақада яшаган. Улар Ирам шаҳрида машҳур боғ (Боғи Ирам) барпо қилишган, Аллоҳ уларни жазолаш учун ёмғирни тўхтатиб қўйганидан бу боғлар қуриб битган.