loader

ПАЙҒАМБАРИМИЗ ВАЗИФАДОРЛАРИ

Расулуллоҳнинг (с.а.в.) эркак хизматчилари ва хос вазифадорлари қуйидагилар бўлишган: Анас ибн Молик, Ҳинд ибн Ҳориса, Асмо ибн Ҳориса, Робиъа ибн Каъбул Асламий, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Уқба ибн Омир, Билол Ҳабаший, Саъд, Мухрима ибн Абу Нажоший, Бакир ибн Шаддоҳ, Абу Зарр Ғифорий, Айман ибн Умму Айман, Аслаъ ибн Шарик, Муҳожир, Наъим ибн Робиъа, Абул Ҳамро Ҳилол ибн Ҳорис, Абус Самаҳ Абод. Аёллардан эса Барака умму Айман ал-Ҳабашийя, Ҳавла, Рофиънинг оналари Салма, Маймуна бинти Саъд, Умму Аёш Расули акрамнинг хизматларини қилишган. Масалан, Қайс ибн Саъд Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида миршаб вазифасини бажарган, Билол у зотнинг харажатларига, Муайқит ибн Абу Фотима муҳрларига, Ибн Масъуд пойабзал, таҳорат учун сув ва мисвокка масъул эдилар. Уқба ибн Омир сафарларда улов етаклар, Абу Рофиъ юкларини кўтарар, Ҳазрати Абу Бакр эса Пайғамбаримиз ҳузурларига келган элчиларга масъул эдилар. Расулуллоҳ икки ишни ҳеч кимга буюрмаганлар: тундаги таҳорат учун сувни ўзлари тайрлаганлар ва тиланчига садақани ўз қўллари билан берганлар.