loader

РАМАЗОН ҲАЙИТИ НАМОЗИ

Рамазон ҳайитида икки ракат ийд фитр намозини адо этмоқ вожибдир. Ийд фитр намози шундай тартибда ўқилади: қиблага қараб «Икки ракат ийд фитр намозини ушбу имомга иқтидо қилиб, юзимни Каъбанинг бир томонига қаратиб, холис Аллоҳ таоло учун ҳамма такбирлари билан адо этишни ният қилдим», деб ният қилингач,  «Аллоҳу акбар», деб биринчи такбир айтилиб қўллар боғланади. Овоз чиқармасдан «Субҳанака...» ўқилади. Имом билан биргаликда яна уч бор «Аллоҳу акбар», деб қўллар қулоқлқр тўғрисига кўтарилиб такбир айтилади, аммо бу такбирларнинг аввалги иккитасидан кейин қўллар ёнларга ташлаб турилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланади. Имом Фотиҳа сураси билан бир сурани ўқийди, бошқалар қулоқ солиб жим турадилар. Сўнгра рукуъ ва икки сажда қилиниб, иккинчи ракатга турилади. Иккинчи ракатда имом яна Фотиҳа сураси ва зам сура ўқийди. Сўнгра рукуъдан аввал яна уч марта такбир айтилади, такбирлар орасида қўллар қулоқлар тўғрисигача кўтарилади ва такбирлар орасида улар ёнда тутилади. Тўртинчи такбир айтиб рукуъга борилади. Рукуъ ва икки сажда қилиб, қаъдада ўлтирилади, «ташаҳҳуд», саловот, дуо ўқиб, салом берилади. Сўнг имом минбарга чиқади, хутбани ўқигандан кейин яна меҳробга қайтади, дуо қилади. Рамазон ҳайити кунида тонг отгач, ҳайит намозигача тамадди қилиб, тишларни мисвок билан тозалаб, ғусл билан покланиб, хушбўй атру гулоблар сепиб, покиза, оҳорли кийимлар кийиб, фитр садақасини бериб ҳайит намозига бормоқ мустаҳаб амаллардандир. Ҳайит намозигача нафл намоз ўқимоқ макруҳ. Жума намози кимларга вожиб бўлса, ҳайит намози ҳам уларга вожибдир. Намоздан сўнг икки хутба ўқиш суннатдир. Ҳайит намозининг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилгач, то туш вақтигачадир. Туш вақти киргач, ҳайит намозини ўқиб бўлмайди.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР