loader

САВР

Макканинг жанубида, Масжидул-Ҳаромдан 4 км. узоқда жойлашган тоғнинг номи. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Сиддиқ Макка мушриклари таъқибидан қочиб яширинган ғор шу тоғнинг тепасида бўлган. Савр тоғи ҳам Ҳиро каби Ислом тарихида ном қозонган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр розийаллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилишни қасд қилиб ушбу ғорга етишганида, Абу Бакр Сиддиқ у зотдан олдин ғорга кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни асраб-авайлаш мақсадида у ерда илон ёки йиртқич бормикин-йўқмикин, деб қараб чиқдилар. Кейин Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Абдуллоҳ ибн Абу Бакр кечаси икковлари ҳузурларида ётиб қолардилар. Саҳар чоғида қайтиб кетиб, тонгни Маккада Қурайш билан бирга оттирардилар. Қоронғу ғира-ширади улар ҳақидаги хабарни икковларига етказар эдилар. Абу Бакрнинг қуллари Омир ибн Фахийра Абдуллоҳ кетганларидан кейин из йўқолиши учун қўйларини ҳайдар эдилар («Саҳиҳи Бухорий»). Қуйидаги оятда ана шу ғорнинг зикри келган: «Агар сизлар унга (яъни, Пайғамбарга) ёрдам қилмасангиз, (Аллоҳнинг Ўзи унга ёрдам қилур). Уни кофирлар икки кишининг бири бўлган ҳолида (яъни, бир ҳамроҳи билан Маккадан) ҳайдаб чиқарганларида, унга Аллоҳ ёрдам берди-ку. Ўшанда икковлон ғорда бўлган пайтларида ҳамроҳига: «Ғамгин бўлма, албатта Аллоҳ биз билан биргадир», дейиши билан Аллоҳ Ўз томонидан унинг устига – қалбига бир хотиржамлик туширди ва уни сизлар кўрмаган лашкарлар (яъни, фаришталар) билан қўллаб-қувватлади» (Тавба, 40).

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР