loader

САУДИЯ АРАБИСТОНИ ҚИРОЛЛИГИ

Майдони: 2,24 кв. км., аҳолиси: 21,1 миллион киши, пойтахти Ар-Риёз шаҳри, тузуми: мутлоқ теократик подшоҳлик, давлат бошлиғи: қирол, маъмурий тузилиши 13 та маъмурий округдан иборат, йирик шаҳарлари: Жидда, Мадина, Макка, Ал-Даммам, пул бирлиги: саудия риёли. Қадимдан, милоддан олдинги икки мингинчи йиллардан буён мамлакат ерларида кўчманчи араб қабилалари яшаб келган. Маккада туғилган Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳнинг ваҳийи нозил бўла бошлагач, Араб жазирасининг ғарбий қисми бўлган Ҳижозда Ислом дини аста-секин тарқалди ва  пойтахти Мадинада бўлган илк Ислом мамлакати вужудга келди. 7-8-асрларда ўлка умавийлар халифалиги, 8-9-асрларда аббосийлар халифалиги таркибига кирди. Кейинчалик Араб жазирасининг каттагина қисмида мустақил амирлик ва султонликлар юзага келди. Ислом ватани Ҳижоз эса узоқ йиллар фотимийлар, айюбийлар, мамлуклар ҳукмронлиги остида бўлди. 16-асрдан бошлаб у Усмонли салтанат қўл остида эди. Надж амирларидан Муҳаммад ибн Сауд 1745 йилда Арабистонни бирлаштириш учун кураш бошлади (шундан буён қиролликни Саудлар сулоласи бошқариб келяпти). 1915 йил декабрида Буюк Британия Надж мустақиллигини тан олди, аммо Антанта «араблар қироли» Ҳусайнни фақат Ҳижоз раҳбари деб ҳисобларди. Саудлар хонадони Арабистонни бирлаштириш учун курашни давом эттирди. 1927 йил январида Ибн Сауд Надж, Ҳижоз ва бошқа вилоятларни эгаллаб, мустақил Саудлар давлати тузилганини ва ўзининг бу ддавлатга қироллигини эълон қилди. 1932 йилдан бошлаб у Саудия Арабистони деб атала бошлади. Арабистон ярим ороли Ислом дини ватанидир. Саудия Арабистонида мусулмонларнинг икки табаррук шаҳри + Макка ва Мадина, ҳаж ва умра ибодати чоғида тавоф қилинадиган Байтуллоҳ (Каъба), Замзам булоғи, Масжидул_ҳаром ва Масжидул-Набавийя ва бошқа зиёратгоҳлар бор. Саудияда Ислом давлат дини саналади, аҳолининг 99 фоизи мусулмонлар, буларнинг ўндан тўққиз қисми эса суннийлардир, улар асосан ҳанбалия ва шофеъия, қисман моликия мазҳабларига эргашишади. Саудия Арабистонида Ислом олами Уюшмаси (Робита), Ислом Конференсияси Ташкилотининг доимий котибияти, Ислом Тараққиёт банки каби бир неча халқаро Ислом ташкилотлари жойлашган. Саудия Арабистони Қироллиги ИКТ аъзосидир. 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР