loader

САЪД ибн АБУ ВАҚҚОС

Абу Исҳоқ Саъд ибн Абу Ваққос Молик ибн Ухайб Зуҳрий (р.а.), атоқли ва машҳур саҳобийлардан, Ашараи мубашшарага кирганлар. Қурайш қабиласидан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари каби Бани Зуҳра уруғидан, олтинчи отада (Ҳакамда) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сулолалари билан бирлашади. Ҳижратдан йигирма йил олдин (милодий 601 йили) туғилганлар. Маккалик мусулмонларнинг олтинчиси бўлиб 17 ёшда Исломга кирганлар. Мадинага ҳижрат қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча ғазотларда қатнашганлар, у зотнинг қўриқчилари бўлганлар. Исломда биринчи бўлиб ўқ узганлар ва биринчи бўлиб мушрик қонини тўкканлар. Уҳуд ғазотида мингдан ортиқ ўқ узганлар. Лашкарбоши сифатида Форс ўлкасини фатҳ этганлар. Қодисияда (ҳ. 15) форс лашкарбошиси Рустамни ўлдирганлар, Мадоинга ҳужум қилиб Хисрав хазиналарини қўлга киритганлар. Куфа шаҳрини барпо этганлар. Ҳазрат Усмон вафотларидан сўнг халифаликка ҳам даъвогарлик қилмай, барча ишлардан четландилар. Мадина яқинидаги Ақиқ деган жойда истиқоматда бўлиб, ҳижрий 55 (милодий 676) йили вафот этдилар. Расули акрамдан 270 та ҳадис ривоят қилганлар. Ашараи мубашшарадан энг охирги ўлган Саъд бўлдилар. Васиятларига биноан Бадр жангида кийган ва эллик беш йилдан бери асраб келган жуббада кафанландилар. Қабрлари Бақиъ қабристонида.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР