loader

САҲОБИЙ

Луғавий маъноси «дўст», «ҳамроҳ», “суҳбатдош». Истилоҳда эса  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мусулмон ҳолида йўлиқиб, суҳбатларида бўлиб, сўзларини эшитган, мўмин ҳолида вафот этган киши “саҳобий” дейилади. Саҳобийларнинг умумий сони тақрибан 114 минг киши, баъзи манбаларда 124 минг киши, дейилади.  Эркак мусулмон «саҳобий», аёл мусулмон «саҳобия», буларнинг кўплиги эса «асҳоб» (асҳоби киром), дейилади. «Саҳоба» деб ҳам қўлланилади. Саҳобийларнинг энг машҳурлари Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиблар «чаҳорёрлар», «хулафои рошидинлар» деб аталган ва Пайғамбар алайҳиссаломдан сўнг Ислом дунёсига халифа бўлишган. Улардан кейин «Ашараи мубашшара», Бадр аҳллари, Уҳуд аҳллари, Ризвон байъати аҳллари туради. Саҳобийларни дўст тутиш ва ҳурмат қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Саҳобаларнинг ҳаммалари одилдир. Саҳобалардан Исломни илк қабул қилганлар: ҳур эрлардан Абу Бакр Сиддиқ (р.а.), болалардан Али ибн Абу Толиб (р.а.), аёллардан ҳазрат Хадича (р.а.), мавлолардан Зайд ибн Ҳориса (р.а.), қуллардан Билол ибн Рабоҳ (р.а.). Юз ёшларида Маккада вафот этган Абу Туфайл Омир ибн Васила ал-Лайсий, у кишидан олдинроқ 93 ёшда Басрада вафот этган Анас ибн Молик энг охирги вафот этган саҳобалардандир.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР