loader

СОМАЛИ ДЕМОКРАТИК РЕСПУБЛИКАСИ

Майдони: 637 700 кв. км., аҳолиси: 7,5 миллион киши, пойтахти: Могадишо шаҳри, тузуми: республика, давлат бошлиғи: вақтинчалик президент, маъмурий тузилиши: 18 та вилоятдан иборат, йирик шаҳарлари: Харгейса, Кисимайо, Барбара, пул бирлиги: сомали шиллинги. Икки минг йил муқаддам сомали тилида сўзлашувчи туябоқар кўчманчилар Ҳабашистон тоғолди ўлкаларидан ва Шимолий Кениядан бу ерга кўчиб келиб-ўрнашишган. Сомали жамияти ҳайвонлар учун сув ва ўтлоқ ахтариб кўчиб юрадиган қабилалардан иборат эди. Саккизинчи асрда Аббосийлар халифалигидан қочиб келган сунний мусулмонлар бу ерда Могадишо, Марка ва Барауэ шаҳарларига асос солишди ва маҳаллий аҳоли билан қўшилиб кетишди. Исломни қабул қилган Сомали сулолари жанубий ва шарқий ҳудудларга кўчиб бориб, у ерда деҳқончилик билан шуғуллана бошлашди. Кейин мамлакат ғарбликлар истилосига дучор бўлди, аввал 16-асрда португаллар Барауэни вайрон қилишди, сўнгра италянлар, инглизлар ва франсузлар бостириб киришди. 1960 йилнинг 1 июлида мустақил Сомали Республикаси ташкил топди. Шундан кейин ҳам мамлакатда тинчлик ўрнатилмади, ҳарбий тўнтаришлар, фуқаролик урушлари, қўшни мамлакатларнинг босқини ва баъзи ўлкаларини босиб олиши ҳозиргача тўхтамаётир. Ислом мамлакатнинг давлат дини саналади. Сомали аҳолисининг салкам 99 фоизи мусулмонлардир, уларнинг асосий қисми суннийликнинг шофеъий мазҳабига мансуб. Аҳолининг бир қисми ўртасида тасаввуф тариқатларига эргашувчилар бор. Сомали Ислом Конференсияси Ташкилоти аъзосидир.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР