loader

СОҒУНИЙ, АЛИХОНТЎРА

Алихонтўра Шокирхонтўра ўғли Соғуний (р. алайҳ), Туркистоннинг атоқли олими ва адиби, улкан давлат арбоби ва саркардаси, Шарқий Туркистон ислом жумҳуриятининг биринчи президенти ва маршали. Милодий 1885 йилда Туркистон ўлкасининг Тўқмоқ шаҳрида туғилган. (Адабий тахаллуси туғилган шаҳрининг қадимий номи Баласоғун номи билан боғлиқ). Яхши билим олган Алихонтўра улуғ олим ва сиёсий арбоб бўлиб етишди. Тафсир, ҳадис, фиқҳ илмлари билимдони, маърифатпарвар ва тақволи зот эди. Умрининг катта қисмини Шарқий Туркистонда миллий-озодлик ҳаракатини бошқариш ишига сарфлади, Туркистон қайғуси ва миллат дарди билан яшади. Бир неча асарлари бор: булардан пайғамбаримиз сийратларига бағишланган «Тарихи Муҳаммадия» советлар зулмидан халос бўлган халқимизга Исломни танитган илк китоб бўлди. Бундан ташқари «Туркистон қайғуси» хотиралар китоби, шеър ва достонлари, табобатга оид «Шифа ул-илал» асарлари чоп этилган. У «Темур тузуклари», Аҳмад Донишнинг «Нодир воқеалар», Ҳерман Вамберининг «Мовароуннаҳ ёки Бухоро тарихи» ва бошқа асарларни ўзбекчага ўгирган. 1976 йил 29 февралда Тошкентда вафот этган.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР