loader

СУННАТ

Луғатда «маънавий йўл» маъносини билдиради. Ислом шариатининг Қуръони каримдан кейинги иккинчи манбаи номи «суннат»дир. Суннат турли истилоҳларда турлича маъноларда келади: 1. Муҳаддислар истилоҳида + Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан асар бўлиб қолган гап, амал, тақрир, халқий сифат, хулқий сифат ва сийратлар маъносида (пайғамбарликларидан олдин содир бўлган бўлса ҳам). 2. Фақиҳлар истилоҳида + Пайғамбар алайҳиссаломдан собит бўлган фарз ёки вожиб бўлмаган нарсалар маъносида. 3. Усули фиқҳ олимлари истилоҳида + Расулуллоҳдан (с.а.в.) содир бўлган, шаръий ҳукмга далил бўлишга салоҳияти бор ҳар бир гап, амал ёки тақрир маъносида. 4. Саҳобалар истилоҳида + Пайғамбар алайҳиссаломдан содир бўлган нарсаларнинг фақат шаръий ҳукмга тегишлисини суннат деб, бошқаларини суннат демаслик саҳоба ва тобеъинларнинг одатлари бўлган. Суннатнинг шаръий асослиги Қуръони карим, ижмоъ билан собит бўлган. Қуръони карим оятларида Расулуллоҳга (с.а.в.) итоат этишга буюрилган, у зотга итоат қилиш Аллоҳ таолога итоат этиш экани баён қилинган. У зотнинг сўзлари, ибодат тарзлари ҳаётликларидаёқ асҳоблар томонидан ёд олинди. У зот вафотларидан кейин Умар ибн Абдулазиз кўрсатмаси билан Зуҳрий (Ибн Шиҳоб) биринчи марта ҳадисларни тўплади. Кейинчалик ҳадис ўрганувчи – муҳаддислар етишди. Ислом оламида катта шуҳрат қозонган ишончли (саҳиҳ) ҳадислар китоблари «Кутубус-ситта» ёки «Сиҳоҳи-ситта» (олти ишончли китоб) дейилади. Улар Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Ибн Можа томонидан тўпланиб ёзилган. Имом Бухорий ва Муслим «Икки шайх», китоблари эса «Саҳиҳайн» («Икки саҳиҳ»), дейилади, қолган тўрт китобга «Сунан» номи берилган.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР