loader

ТАВҲИД

Луғатда «якка, ягона, бир» маъноларини англатувчи «воҳид» сўзидан олинган. Истилоҳда Парвардигоримиз Аллоҳ таолонинг яккаю ягоналигини, Унинг барҳақлигини англаш, ўрганиш ва бунга иқрор бўлиш «тавҳид» дейилади. Саййид Жаъфар Сажжодий луғатида тавҳидга шундай таъриф берилган: «Тавҳид + Ягона илоҳий руҳ сари олиб борадиган илмдир, яъни Парвардигорни яккаю ягона деб билиш ва шу Бирликка интилишдир». Абулҳасан Ужвирий фикрига кўра тавҳид ҳақиқати Аллоҳнинг бирлигига иймон келтириш, иқрор бўлиш ва шунга ҳукм этишдир. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Илмларнинг аввали + Аллоҳни таниш», деганлар. Ислом тавҳид, яъни Аллоҳ таолонинг биру борлигига иймон келтириш асосига қурилган. Тавҳиднинг шиори + «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Олимлар биринчи хил тавҳидни Рубубиёт тавҳиди (эътиқодий тавҳид), иккинчи тавҳидни Улуҳиёт тавҳиди (амалиёт тавҳиди) деб номлашади. Аллоҳнинг тавҳидига ақлий ва нақлий далиллар тўлиб-тошиб ётибди. Буни ўрганувчи илм «тавҳид илми» дейилади. Тавҳид илми уч хилдир: бири + Ҳақнинг ўзига йўналган Ҳақ илми, яъни Унинг ягоналиги илми; иккинчиси + Ҳаққа йўналтирилган Ҳақ илми, яъни Унинг тавҳид ҳақидаги ҳукмлари ва бандаси кўнглига тавҳидни етказиш илми; учинчиси + халқнинг Ҳаққа йўналган тавҳиди, яъни кишиларнинг Аллоҳ ваҳдониятига етишиш илми. Тавҳидга ишонмаслик, шубҳа қилиш, уни инкор этиш ширк саналади, ширк энг оғир гуноҳдир. Тасаввуфда нафсидан фоний ва Ҳақ билан боқийлик ҳолига эришган сўфийлар «муваҳҳид», яъни тавҳид аҳли дейилади. Тасаввуф олимлари наздида халқ тавҳиди, зиёлилар тавҳиди, хосларнинг тавҳиди, феъл тавҳиди, сифат тавҳиди, зот тавҳиди мавжуд.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР