loader

ТАЯММУМ

Луғатда «қасд қилмоқ» маъносини англатади. Шаръий истилоҳда тоза тупроқ (ёки тупроқ жинсидан бирор нарса) билан покланишни ният қилиш «таяммум» дейилади. Таҳорат олмоқчи ёки ғусл қилмоқчи бўлган мусулмон сув тополмаса ёки сувни ишлатиш имкони бўлмаса, таяммум қилади. Таяммум ҳам таҳорат, ҳам ғусл ўрнига ўтади. Таяммум ҳижратнинг олтинчи йили машруъ қилинган. Қуръон ва суннат ҳукми билан собит бўлган. Қуйидаги ҳолатларда таяммум қилинади: 1. Сув бор жойдан тўрт минг қадам узоқда бўлинса ёки сув чуқурда бўлиб уни ололмаса; 2. Сув зарар қилса; 3. Сув олдига бориш хавфли (душман, ваҳший ҳайвон) бўлса; 4. Ҳавонинг совуқлиги хавф солса; 5. Сувига таҳорат қилса, у тугаб қолиб ташналикдан қўрқса; 6. Таҳорат қилганда ийд ва жаноза намозларига етолмай қолишдан қўрқса. Таяммум қуйидаги тартибда қилинади: «Бисмиллаҳ...» билан кафти ғубор ёки ер жинсига бир марта урилиб, юзга тўла суртилади. Кейин яна бир марта уриб, икки қўлнинг тирсагигача масҳ тортиб сийпаб чиқилади. Таяммум фарзлари тўрттадир: 1. Намоз ўқиш нияти билан таяммум қилмоқ; 2. Таяммумни пок ер жинсига қилмоқ; 3. Юзга масҳ тортмоқ; 4. Икки қўлни тирсаклари билан қўшиб масҳ тортмоқ. Таҳоратни синдирувчи нарсалар таяммумни ҳам синдиради. Таҳоратга кифоя қиладиган сув топилса ҳам, таяммум синган ҳисобланади. Сувни топишга умид қилган кишига намозни охирги вақтида ўқимоқ мустаҳабдир. Сувни яқинда деб гумон қилган кишига сувни қидирмоқ вожиб бўлади.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР