loader

УММОН СУЛТОНЛИГИ

Майдони: 309.500 кв.км., аҳолиси: 2 милён 542 минг киши, пойтахти: Маскат, маъмурий тузилиши: 59 та вилоят, тузуми: шоҳлик монархия, давлат бошлиғи: султон, йирик шаҳарлари: Ибри, Салала, Ал-Бурайма, Матрах, пул бирлиги: Уммон риёли. Уммон энг қадимий ўлкалардан ҳисобланади. Тадқиқотчилар саёҳатчи Марко Полони жалб этган афсонавий Мағон замини айнан Уммон ҳудудида бўлган, дейишади. Яна тарихчилар бу ўлкани сайёҳ Синдбоднинг ватани деб ҳисоблашади. Сулаймон (алайҳиссалом) туфайли Аллоҳга имон келтирган Сабаъ маликаси Билқис ҳам айнан шу ерларда ҳукмронлик қилган, дейдиганлар ҳам  бор. Милоддан аввалги тўртинчи-учинчи асрларда Месопотамия ва Ҳиндистонни Миср ва Ҳабашистон билан боғлайдиган савдо йўллари Уммон бандаргоҳларидан ўтган. Милоднинг еттинчи асрида аҳолиси асосан араблар бўлган бу юрт исломият билан шарафланди. 634 йили Араб халифалиги таркибига кирди. 751 йили аҳолисининг асосий қисми хорижийлар бўлган Уммонда имом давлат раҳбари этиб тайинланди ва у мустақил имоматга айланди. Тўққизинчи асрдан бошлаб у яна аббосий халифалар сулоласи қўл остида бўлди. 1154 йили маҳаллий қабила вакиллари ҳокимият тепасига келди. 1426 йили яна имомлар салтанатни эгаллашди. 1508 йили Маскат ва соҳилбўйи туманларни португал босқинчилари эгаллаб олишди ва бутун Шарқий Африка қирғоқларида ҳокимиятларини мустаҳкамлашди. Орадан юз йил ўтиб, улар яна ҳокимиятни бой беришди. Кейинчалик форс қўшинлари ва инглиз-голланд флотининг тазйиқи билан португаллар бу ўлкани тарк этишга мажбур бўлишди. ¤н саккизинчи асрда мамлакатда турли қабилалар ўртасида чиққан фуқаролар урушидан фойдаланган форслар унинг энг муҳим жойларини босиб олишди. Кейин Буюк Британия, Франсия ҳамда Марказий Арабистон бу ерда ҳукмронлик ўрнатиш учун курашишди. Аммо Англия зўрроқ чиқиб қолди ва «Ост Индия» компанияси бутун савдо ҳуқуқини қўлга киритди. 1798 йилда Уммон Буюк Британиянинг вассалига айланди. Саид бин Султон ҳукмронлиги даврида бу ёғи Занжибаргача, у ёғи Белужистон ва Форсгача бўлган бутун Шарқий Африка соҳиллари Уммон қўл остида бўлган. 1853 йилга келиб у шартномавий Уммон мақомини олди. Аммо ташқи босқинлар ва ички урушлар тўхтамади. Англия билан етти йиллик урушдан сўнг 1920 йили Уммон имомати мустақил давлат сифатида тан олинди. 1970 йили отаси Саид ибн Таймурдан ҳокимиятни олган султон Қобус ибн Саид Уммонни энг ривожланган, осойишта мамлакатлардан бирига айлантириш йўлидан бормоқда. 1964 йили Уммон ҳудудида нефт кони топилиши мамлакат қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Мамлакат аҳолисининг 75 фоизини араблар, 21 фоизини ҳиндлар, форслар, балужлар ташкил этади. Аҳолининг ҳаммаси мусулмон. Уларнинг 20 фоизи сунний, қолгани шиа мазҳаби тарафдорлари.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР