loader

УСМОН ибн АФФОН

Усмон ибн Аффон ибн Абул-Ос ибн Абдушшамс ибн Абдуманноф (р.а.), атоқли саҳобий, Хулафои рошидиннинг учинчиси. Ҳижратдан қирқ етти йил аввал туғилганлар. Қурайш қабиласидан, умавий уруғиданлар. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сулолалари билан бешинчи отада (Абдуманофда) бирлашади. «Сабиқуни Ислом», дейилган ва ҳазрат Ҳадичадан кейин мусулмон бўлган саккиз зотдан тўртинчиси, Абу Бакр далолатлари ила мусулмон бўлганларнинг биринчиси эдилар. Ашараи мубашшарадан. Ҳазрати Умардан сўнг халифа бўлганлар, халифаликлари ўн икки йил давом этган. Исломга киргач, ҳазрат Усмон жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Руқия исмли қизларига уйланиб, Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар. Руқия вафотидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна бир қизлари – Умму Кулсумга уйландилар ва «Зуннурайн» (икки нур эгаси), деган лақаб олдилар. Бадр ғазотидан ташқари (унда Руқиянинг бетоблиги сабабли қатнаша олмаганлар) барча жангларда иштирок этганлар. Бадавлат киши бўлганларидан «Рум қудуғи»ни сотиб олиб, мусулмонларга вақф қилганлар, қўшинларни ғазотга тайёрлаганлар. Ҳазрати Усмон халифаликларининг иккинчи ярмида катта фитналар бошланиб кетди. Асли яманлик яҳудий бўлган Абдуллоҳ ибн Сабаънинг яширин фирқаси мусулмонларга қарши фасод ва душманлик фаолиятини бошлади, ҳазрат Усмонга туҳмат-бўҳтонлар уюштирди, машҳур «Мактуб масаласи» тўқиб чиқарилди. Бу фитналар ҳазрат Усмонни шаҳид этиш билан ҳам тўхтамади. Ҳазрати Усмон пайғамбарликнинг ваҳий котибларидан эдилар, чиройли ёзар, кучли хатиб эдилар, доимо Қуръон ўқирдилар. Ҳазрат Абу Бакр тўплатган Мусҳафнинг асосий нусхаларини кўпайтириб, ҳамма томонга тарқатгани учун у зотга «Ношир ул-Қуръон» номи берилганди. Расули акрамдан 146 та ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 35 (милодий 656) йили саксон икки ёшларида рўзадор ва Қуръон ўқиётган ҳолларида Ислом душманлари томонидан ўлдирилганлар. Қабрлари Бақиъ қабристонида.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР