loader

УСМОН МУСҲАФИ

Ислом давлатининг учинчи раҳбари Усмон ибн Аффон замонларида Ислом таълимотининг асосий манбаи Қуръони каримни ўқишдаги ихтилофларга барҳам бериш мақсадида Китобнинг ягона нусхаси (Мусҳаф) тузилди ва уни бир неча нусхада кўпайтириб, турли Ислом ўлкаларига юборилди. Мусҳафнинг ўша қадимий табаррук нусхаларидан бири ҳозирги пайтда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқда. Ҳазрати Усмон Мусҳафининг юртимизга келиб қолиши тарихи ҳақида турли ривоятлар бор. Бу ҳақда таниқли олимлардан шайх Исмоил махдум Саттиев, шайх Юсуфхон Шокиров, Ҳамид Зиёев, Ҳабибуллоҳ Солиҳ ва бошқаларнинг фикрлари эътиборга лойиқ. «Талфикул ахбор фи тарихи Қозон ва Булғор» номли тарих китоби муаллифи шайх Муҳаммадмурод ибн Абдуллоҳ ар-Рамзий Мусҳафи Усмоннинг Ўрта Осиёга келиб қолиши ҳақида шундай ёзади: «Самарқанддан Петербургга олиб кетилган ва ҳозирда император кутубхонасида сақланаётган Мусҳафи Усмон деб танилган Қуръон Сарой ўлкасида сақланиб, уни забт қилган Амир Темур олиб кетган нусха шу бўлиши керак, бу ҳақиқатга яқин тахминдур. Буни инкор қилувчиларнинг ҳеч бир қатъий далиллари йўқдур». Бу Мусҳафни кўп йиллар Ироқда яшаган ва умрининг охирида ватанга қайтишни ният қилган атоқли олим Имом Абу Бакр Қаффол Шоший Бағдоддан Ўрта Осиёга келтирганлар, деган ривоят ҳам бор. «Тарихул Мусҳафил Усмоний фи Тошканд» асарининг муаллифи шайх Исмоил махдумнинг ёзишларича, Мусҳафи шариф аввалда Хожа Аҳрор Валий масжидига ёндош «Оқ мадраса» номи билан шуҳрат топган Нодир девонбеги мадрасасида сақланган. Кейинчалик Хожа Аҳрорнинг фарзандлари ихтиёрида қолган ҳамда Самарқанднинг баъзи жомеъ масжидларида ҳам турган. 1869 йил майида Туркистон бош губернатори генерал фон Кауфман буйруғи билан Самарқанд шаҳри ҳокими Серов воситачилигида ерли мусулмон уламолари розилиги билан Мусҳаф Санкт-Петербургга жўнатилди ва 1917 йилга қадар ўша ердаги кутубхонада асралди. Тўнтаришдан сўнг Петербург миллий округи вилоят қурултойи Китобни ҳақиқий эгалари бўлмиш мусулмонларга қайтариш ҳақида қарор чиқарди ва у катта тантана билан Уфа шаҳрига жўнатилди. Туркистон жумҳурияти ҳукуматининг аралашуви ва саъй-ҳаракатлари билан марказий ҳукуматнинг 1923 йил 25 июндаги қарорига кўра Мусҳафи Усмон унинг ҳақиқий ворислари бўлмиш Туркистон мусумонларига қайтарилди ва орадан бир йил ўтгач махсус поездда Тошкентга олиб келинди. Мусҳафи шариф бошда бирмунча вақт Тошкент масжидларида сақланди. Аммо бу бебаҳо меросни асраш жиддий масъулият туғдирганини инобатга олиб у Тошкентдаги Ўзбекистон халқлари тарихи музейига кўчирилди. 1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлган мусулмонларнинг тўртинчи қурултойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Мусҳафи Усмон мусулмонлар ихтиёрига қайтариб берилгани эълон қилинди. Шундан буён табаррук Китоб мамлакат мусулмонлари идорасининг кутубхонасида авайлаб сақланмоқда. Ҳар йили бу нодир Мусҳафни минглаб ватандошларимиз ва хорижий меҳмонлар зиёрат қилишади.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР