loader

УСМОНЛИЛАР

Милоднинг ўн учинчи асри охирига келиб, Ислом оламида умавийлар ва аббосийлардан кейин тарих саҳнасига кўтарилган ҳамда 1517-1924 йилларда ҳукм сурган сулола “Усмонлилар” (Усмонийлар) деб аталади. Сулоланинг асосчиси Усмон биринчи ибн Эртуғрул тахтни ҳижрий 680 (милодий 1281) йили эгаллаган. Салжуқийлар салтанати инқирози устига бино бўлган Усмонли давлати 1517 йилга келиб, бир томони Болқонгача, у ёғи Араб ва Африка мамлакатларига қадар чўзилган Ислом халифалигини ўз қўлига олди. Мисрлик аббосийларнинг сўнгги халифаси Мутаваккил Учинчи Миср фотиҳи Султон Салим Явузга шаҳомат қиличини топшириб, халифа деб эълон қилди. Усмонли давлатида ўттиз саккиз подшоҳ ва бир халифа бўлган, булардан ўнтаси фақат подшоҳ, йигирма саккизтаси ҳам подшоҳ, ҳам халифа, бири фақат халифа бўлган. Усмонлиларнинг машҳурларидан тўртинчи султон Муҳаммад Фотиҳ Иккинчи Истанбулни фатҳ этиб, шаҳарни пойтахт қилиб белгилаган, Византия императорлигини тугатган. Султон Абдулҳамид Иккинчи даврида чуқур ислоҳотлар ўтказилган. Султон Сулаймон Қонуний «Сулаймония» жомеъси ва мадрасаларини қурдирган. Халифаларнинг охиргиси Султон Абдулмажид ибн Абдулазиз бўлди. 1923 йилда Туркия жумҳурияти тузилди ва 1924 йил 3 мартда Усмонли халифалиги батамом тугатилди. Усмонли давлати салкам 650 йил, Усмонли турк Ислом халифалиги 400 йилдан зиёд ҳукм сурди.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР