loader

ФИТР САДАҚАСИ

Луғатда «фитр» сўзи “оғиз очиш” маъносини, яъни рўза тутишнинг тўхтатилишини англатади. Фитр садақаси рамазон ойи якуни билан боғланган садақа бўлиб, у ой давомида тутилган рўзанинг Аллоҳ даргоҳида қабул бўлмоғи учун, ана шу даврда билиб-билмай йўл қўйилган хато-нуқсонлардан поклаш учун берилади. У оиладаги катта-кичик ҳисобидан жон бошига берилгани боис «бош садақа» деб ҳам аталади. Унинг миқдори буғдой (ун), талқондан жон бошига ярим соъ (1900 грамм), арпа, қуруқ хурмо ва майиздан бир соъ (3800 грамм) қилиб белгиланган. Уламоларимиз ҳисобга тўғри ва осон бўлиши учун икки кило буғдой миқдорини асос қилиб олишган. Уни бериш вақти рўза ҳайити куни субҳи содиқдан бошланади, намозга чиқишдан олдин адо этиш мустаҳаб. Лекин уни ҳайитдан аввал берса ҳам бўлаверади. Фитр садақаси рамазон ойининг сўнггига етишган ва ҳожати аслиясидан бошқа камида нисобига етган молга эга бўлган мусулмонга вожибдир. Кичик болалар садақасини бериш отасига вожиб. Балоғатга етган болалари ва хотини учун фитр бермоқ вожиб эмас. Уни байрам (ийди рамазон) куни тонг отганда бериш вожиб ва савоблидир. Фақирлар эҳтиёжини ўйлаб байрамгача олдинроқдан бериб қўйилса яхши. Фитр садақаси фақат закот бериладиган кишиларга берилади. Бир фақир кишига бир неча фитрни тўплаб топширса бўлади, аммо бир фитр садақаси бир неча фақирга тақсимланмайди. Фитр садақаси дунё ва охират саломатлигига, рўзанинг мақбуллигига, қабр азобидан қутулишга сабаб бўлиши билдирилган.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР