loader

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

Майдони: 447 400 кв. км., аҳолиси: 27, 5 миллион киши, пойтахти: Тошкент шаҳри, тузуми: республика, давлат бошлиғи: президент, маъмурий тузилиши: 12 та вилоят ва 1 мухтор республикадан иборат, йирик шаҳарлари: Самарқанд, Наманган, Андижон, Бухоро, Қўқон, пул бирлиги: сўм. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида илк давлат милоддан аввалги 1-минг йилликларда пайдо бўлган, 8-асрдан бошлаб эса қадимий Бақтрия, Хоразм, Сўғд, Парфия давлатлари мавжуд эди. 6-4-асрларда форс ахомонийлари, Македонияли Искандар қўшинлари бу ерга бостириб кирди. Милоддан олдинги 2- ва милоддан кейинги 8-асрларда бу заминда Қанг, Фарғона, Тохарийлар, Эфталитлар, Кушон империяси, Турк ҳоқонлиги ҳукмронлик қилган. 8-асрда юртга араб фотиҳлари келишди ва Ислом дини ёйила бошлади. 9-13-асрларда бу ўлка Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразм давлатлари таркибида бўлди, шундан кейин уни мўғуллар истило қилди. Ўзбек халқининг шаклланиши асосан шу даврларга тўғри келди. 14-15 асрларда мамлакатни темурийлар салтанати бошқарди, аср охирида эса Шайбоний ўзбеклар давлати вужудга келди. 16-асрдан бошлаб Бухоро ва Хива хонлиги, 18-асрдан Қўқон хонлиги ташкил топди. 19-асрнинг 60-70-йилларидан Туркистоннинг баъзи ерларини Россияга қўшиб олиш бошланди. 1918 йил мартида Туркистон АССР ва 1924 йил 27 октябрда СССР таркибида Ўзбекистон ССР ташкил этилди. 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикаси мустақил деб эълон қилинди. Мамлакат аҳолисининг 88 фоизи Аҳли сунна вал жамоанинг ҳанафий мазҳабидаги мусулмонлардир. Ўзбекистон Ислом динининг йирик ўчоқларидан, Ислом ҳазорасига улкан ҳисса қўшган илм-фан марказларидан саналади. Бу ердан жаҳонга машҳур Имом Бухорий, Термизий, Мотуридий, Замахшарий, Марғиноний каби улуғ олимлар етишиб чиққан. Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Қўқон ва бошқа шаҳарларда қадимий меъморий обидалар асрлар оша савлат тўкиб турибди. Ҳозир Ўзбекистонда 2035 та масжид, Ислом университети ва институти, 10 та ўрта махсус Ислом билим юрти (мадраса) ишлаб туурибди. Кўплаб диний адабиётлар, газета ва журнал нашр этиляпти. 2007 йилда мамлакат пойтахти Тошкент Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди. Ўзбекистон 1996 йилда Ислом Конференсияси Ташкилотига аъзо бўлган.