loader

ЎЛИМДАН КЕЙИНГИ ҲАЁТ

Ўлим – инсоннинг дунё ҳаётидаги фаолиятига нуқта қўювчи ва охират ҳаётининг бошланишини билдирувчи бир марра. Инсон ўлиши билан унинг охират ҳаёти бошланади. Мўминлар ўлимдан кейин тирилиб маҳшаргоҳда тўпланишларига, қилган яхши ва ёмон амаллардан ҳисоб беришларига иймон келтиришлари вожибдир. Амаллар Ҳақ тарозуси (Мезон)да тортилиб,  яхши амалли, иймонлилар абадий ором-фароғат маскани – жаннатга киради, иймонсизлар ва айрим гуноҳкорлар дўзахга ташланади. Ўлишдан кейин тирилишнинг муҳим ҳикмати бор. Модомики, дунёга келган эканмиз, бу ерда бир қанча исломий, инсоний вазифаларимизни ўташимиз, Аллоҳнинг буюрганларини бажаришимиз керак бўлади. Бунга осийлик қилганлар эса Аллоҳнинг ғазаби ва жазосига дучор бўладилар. Охиратдаги бахтли-саодатли ва осойишта ҳаёт бу дунёдаги қилган амалларимизга, савобли, хайрли ишларимизга боғлиқ. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Биз сизларни (ердан) яратдик, яна унга қайтарурмиз ва (қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз» (Тоҳа сураси, 55-оят), деган. Буни инкор қилиш Қуръонни инкор этишдир, бу эса куфри мужибдир. Ўлимдан сўнг қайта тирилмоққа ишониш иймон рукнларидан биридир. Мўминнинг ақли билан кофирнинг ақли шу нуқтада фарқланади.