loader

ЎРХОН БИРИНЧИ

1326-1359 йилларда ҳукмронлик қилган усмонли турк султони. Ўрхон Биринчи Никодемияни босиб олиб, у ерда биринчи турк мактабини очган. Отаси анъаналарини давом эттириб, 1330 йили Филокрин яқинида византияликларга зарба берди, шаҳарни эгаллаб, у ерда мактаблар ҳамда саноат корхоналари очдирди. Миллатнинг ҳақиқий бунёдкори сифатида у барча эски юнон билимгоҳларини сақлаб қолди:  уларни  Ислом тартиб-қоидаларига мослаштириб, ўзиники қилиб олди. Қўшинларини қайта қуриб, «Жоннисорлар» (дин учун ўлимга тайёрлар) деб номланган ҳарбий қисм ташкил қилдики, у кейинчалик шон-шавкати ҳамда чексиз садоқати жиҳатидан турк қўшинларидаги энг яхши қисмга айланди. Унинг аъзолари жоннисорлар номини олдилар. Дастлаб қарам насроний ўлкаларнинг фарзандларидан ҳам улар сафига олиниб, алоҳида имтиёзли шароитларда таълим берилди. Бу йигитларнинг кўпидан машҳур додхоҳлар етишиб чиқди, уларнинг ҳаммаси мусулмон саналарди. Султонга мутаассибларча содиқ кишилардан ташкил топган бу қисм махсус қўшин сифатида донг таратди. Жоннисорлар қарийб уч юз йил мобайнида етакчилик қилишиб, кейин айниб кетишди.