loader

ҚАБР АЗОБИ

Инсон ўлганидан кейин қабрдаёқ бериладиган жазо «қабр азоби», дейилади. «Барзах азоби», ҳам дейилади. Таҳовий ақидасининг шарҳида шундай ёзилади: «Қабр азоби барзах азобидир. Азобланишга мустаҳиқ бўлган ҳар бир маййит азобдан ўзига яраша насибасини олади. Хоҳ дафн этилган бўлсин, хоҳ этилмаган, хоҳ йиртқичлар еб кетган бўлсин, хоҳ ўтда куйдирилиб, кули кўкка совурилган, хоҳ дорга осилган ва ё сувга чўкиб кетган бўлсин, фарқи йўқ, барибир унинг руҳига ва жасадига азоб етаверади. Бу борадаги хабарлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир йўли ила собит бўлган. Уларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимани мурод қилган бўлса, ўша нарсани тушуниш, чуқур кетмаслик ёки улардан бирон нарсани камайтирмаслик, бошқа бир эҳтимоллар қилмаслик вожибдир».