loader

ҚАТАР ДАВЛАТИ

Майдони: 11.437 кв.км., аҳолиси: 600 минг киши, пойтахти: Доха шаҳри, тузуми: мутлоқ подшоҳлик, давлат бошлиғи: амир, йирик шаҳарлари: Духон, Умм-Саид, ал-Хойр, пул бирлиги: қатар риёли. Форс қўлтиғидаги Қатар ярим оролида жойлашган бу давлат жанубда Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари билан чегарадош. Ислом келмасидан олдин ҳозирги Қатар ҳудудида кўчманчи араб қабилалари макон тутган эди. Милодий еттинчи асрда Қатар заминига Ислом дини кириб келди. Ўн учинчи-ўн тўртинчи асрларда эса Баҳрайн амирлари Қатарни эгаллаб олишди. Орадан икки юз йил кейин Португалия босқинчилари ҳужумига учради ва бир неча йил оврупаликлар зулми остида қолди. Шундан сўнг Қатарни Усмонли салтанат португаллардан озод қилиб, ўз тасарруфига олди. 1916 йили у  Британия вассали бўлиб қолди. 1971 йилга келибгина Қатар мустақилликни қўлга киритди. 1949 йили Духонда нефт конларининг ишга тушиши билан мамлакат тараққиётида янги саҳифалар очилди. Бир вақтлар қум барханлари узра онда-сонда туялар карвони ўтиб қоладиган мудроқ ва қолоқ ўлка қисқа вақт ичида таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Мамлакат аҳолисининг 40 фоизини қатарликлар (араблар), 18 фоизини покистонликлар,  яна шунчасини ҳиндлар, 10 фоизини эронликлар ташкил этади. Қатарда давлат дини Ислом  ҳисобланади. Мамлакат аҳолисининг 98 фоизи сунний мусулмонлардир. Улар асосан аҳли сунна вал жамоанинг таркибий қисми бўлган ҳанбалия, моликия мазҳабларига эътиқод қилишади. Булардан ташқари оз миқдорда ҳиндукийлар, яҳудийлар, насронийлар ҳам бор. Ислом мамлакат ҳаётида катта ўрин тутади. Қатар қонунчилиги шариат талабларига мослаштирилган. Дохада Ислом университети, Ислом тадқиқот маркази, кўплаб диний мактаблар фаолият кўрсатмоқда. Умумараб “Ал-Жазира” телеканали ҳам ўз кўрсатувларини Қатардан бутун дунёга тарқатади. Қатар пойтахти Дохадаги дунёда энг катта Ислом маданияти музейи мамлакатнинг чинакам фахрига айланган. Қатарда Ислом дини адабиётларини нашр этишга ҳам алоҳида аҳамият бериляпти. Улар орасида аждодларимизнинг илмий мероси намуналари, жумладан, Олтинхон тўранинг Қуръони карим маънолари  ўзбекча таржимаси, Имом Бухорийнинг “Ал-жомиҳ ас-саҳиҳ”, Имом Термизийнинг “Сунан” китоблари, шунингдек, Қуръони каримнинг  Қозон босма нусхаси ҳам бор.  
ҚАТОДА. Абул Хаттоб Қатода ибн Диома ас-Садусий ал-Акмаҳ, Ироқнинг таниқли тобеъинларидан, асли араб миллатидан. Ҳижрий 60 йилда туғилган. Кўп вақт Басрада яшаган. Анас ибн Молик (р.а.), Ибн Сирийн, Икрима, Ато ибн Рабоҳ ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Ўткир ҳофизаси, билимдонлиги, араб тили ва тарихини яхши билгани учун тафсир илмида шуҳрат қозонган. Ҳижрий 117 йили вафот этган.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР