loader

ҚУРБОНЛИК

Қурбон ҳайити кунларида ибодат нияти билан қўй ёки эчки ёхуд мол сўйиб амалга ошириладиган ибодат “қурбонлик” дейилади. Қурбонлик худди закот каби ҳижратнинг иккинчи йилида шаръий бўлган. Лекин унинг тарихи анча узоқларга – Иброҳим алайҳиссалом замонларига бориб тақалади ва у зотдан бизга суннат бўлгандир. Бу ибодатда ҳам ихлос муҳим ўрин тутади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга (қилган қурбонликларингизнинг) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин У Зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар» (Ҳаж, 37). Бу ибодат хусусида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам бир қанча ҳадислар ворид бўлган: «Кимнинг шароити яхши бўла туриб қурбонлик сўймаса, у намозгоҳимизга яқинлашмасин» (Аҳмад, Ибн Можа); «Расули акрам оқ рангли, шохдор икки қўчқорни қурбонлик қилардилар» (Муслим). Қурбонлик қилиш қурби етадиган одамларга, яъни нисоб миқдорида бойлиги бор кишиларга, Имоми Аъзам мазҳабига кўра, вожибдир. Маблағи нисобга етган шахслар қурбонлик қилишлари шарт. Бошқалар нофила сифатида сўйса, жоиз, сўймаса, гуноҳкор бўлмайди. Қўй, эчки, туя, сигир каби ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам сўйилиши мумкин. Булардан туя беш ёш, сигир икки ёш, қўй ва эчки бир ёшга тўлган бўлиши керак. Бироқ олти ойлик бўлишига қарамай, бир ёшликка ўхшаб кўринган қўйни ҳам қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Биргаликда қурбонлик қилувчилар ҳайвонни бирга сотиб оладилар ёки ораларидан бир кишига сотиб олиш учун ваколат берадилар. Қурбонликнинг сўйиш вақти ҳайит намози ўқилгандан кейинги уч кундир. Қурбонлик қилувчи ҳайвонни сўя  олса – ўзи, бўлмаса – ишончли кишисига ваколат бериш орқали сўйдиради. Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар қусурсиз бўлиши керак. Икки ёки бир кўзи кўр, ўта ориқ, юролмайдиган даражада оқсоқ, қулоғи ёки қуйруғининг учдан бири кесик, қўй-эчкида бир, сигирда икки эмчаги қуриган, эмчагининг учи кесилган, бурни кесик, ўлар даражада касалланган, нажосат егач, бир қанча муддат тоза емиш берилмаган, дори билан сути кесилган ҳайвонларни қурбонлик қилиш жоиз эмас. Шохсиз, шохи кесилган ҳайвонларни қурбонлик қилса жоиз.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР