loader

ҚУРБОН ҲАЙИТИ НАМОЗИ

Қурбон ҳайити намози ҳам рамазон ҳайити намози кабидир. Лекин қурбон ҳайити намозини ўқишдан илгари бирор нарса истеъмол қилинмайди ва масжидга боргунга қадар учрашган мусулмонлар бир-бирларига қуйидаги такбири ташриқни айтиб борадилар: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд». Чин арафа куни бомдод намозидан кейин то қурбон ҳайитининг тўртинчи куни аср намозидан кейинга қадар ҳар бир фарз намозларидан сўнг мазкур такбири ташриқни овоз чиқариб айтмоқ вожибдир. (Имом тасодифан бу такбири ташриқни айтишни унутса, ўтирганлардан бири такбири ташриқни овоз чиқариб ўқийди. Қолганлар ҳам овоз чиқариб унга қўшилиб ўқийдилар.) Вожиб бўлмиш икки ракатлик қурбон ҳайити ушбу усулда ўқилади: қиблага қараб «Икки ракат қурбон ҳайити намозини адо этишни ният қилдим, ушбу имомга иқтидо қилдим, холис Аллоҳ таоло учун», деб ният қилинади. Имом билан биргаликда «Аллоҳу акбар», деб биринчи такбир айтилиб, қўллар боғланади. Овоз чиқармасдан «Субҳанака...» ўқилади. Имом билан биргаликда «Аллоҳу акбар», деб иккинчи такбир айтилади, аммо бу такбирдан кейин қўллар ёнларга ташлаб турилади. «Аллоҳу акбар», деб учинчи такбир айтилганда қўллар ёнларга туширилади. Яна «Аллоҳу акбар», деб тўртинчи такбир айтилиб, қўллар боғланади. Имом Фотиҳа сураси билан бирга бир сурани ўқийди, бошқалар қулоқ солиб жим турадилар. Сўнгра рукуъ ва саждалар тамомланиб, иккинчи ракатга турилади. Иккинчи ракатда имом яна Фотиҳа ва зам сурани ўқийди. Сўнгра рукуъдан аввал яна уч марта такбир айтилади. Такбирлар орасида қўлларни кўтариб, бош бармоқларни қулоқнинг юмшоқроқ жойларига етказилади ва қўллар икки ёнга ташлаб турилади. Тўртинчи такбирда эса қўллар кўтарилмайди ва рукуъга кетилади. Рукуъ ва саждалар билан намоз тамомланиб, салом берилади. Намоз сўнгида ташриқ такбирлари айтилади. Имом хутбага чиқади. Хутбани ўқиганидан кейин яна меҳробга қайтади, дуо ўқийди. Ҳайит намозигача нафл намоз ўқимоқ макруҳ. Ҳайит намозининг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилгандан то туш вақтигачадир. Туш вақти киргач, ҳайит намозини ўқиб бўлмайди, ким шунгача улгурмаса, сўнгги куни ўқийди.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР