loader

ҚУРЪОНИ КАРИМ

Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга «Руҳул амин», «Руҳул-қудс» номларига мушарраф бўлган фаришта Жаброил алайҳиссалом воситаси ила нозил қилинган. Жаброил алайҳиссалом Қуръони карим оятларини Аллоҳ таолодан қандай эшитган бўлсалар, шундайича – бирор жойини, бирор ҳарфини ўзгартирмай, бирор калима қўшмай ёки қисқартирмай, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга омонат етказганлар. Уламолар таърифига кўра, у Аллоҳ таолонинг мўъжиза каломи бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий орқали тушган, тиловати ибодат ҳисобланувчи илоҳий Китобдир. Қуръони каримнинг илк оятлари бўлмиш «Алақ» сурасининг дастлабки беш ояти Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қирқ ёшга етганларида (милодий 609 йили), яъни ҳижратдан 13 йил аввал 24-Рамазонда Маккадаги Хиро тоғидаги ғорда ибодат қилаётганларида нозил бўлди. Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан арабий тилда, араб адабий тилининг намунаси, барча араб қабилалари лаҳжаларининг онаси ҳисобланган энг фасоҳатли ва чиройли Қурайш лаҳжасида нозил қилинган. Бухорий ва Муслимларнинг ривоят қилишича, Қуръони карим етти ҳарф (услуб)да содир бўлган. Лекин муулмонлар ўртасида ихтилоф ва тафриқалар бўлмаслиги учун битта Қурайш лаҳжасида қироат қилиш буюрилган. Пайғамбар алайҳиссалом даврларида саҳобийлардан (ҳаммалари ансорлардан) Убай ибн Каъб, Мусо ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайдлар Қуръонни тўла ёзиб олиб, ёд этганлар. Бошқа бир ривоятда бу рўйхатга Абу Дардо ҳам киритилган. Расулуллоҳ даврларида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган саҳобалар сони 30 киши эди. Расулуллоҳнинг 44 нафар ваҳий битиб берувчи котиблари бўлган. Шундан энг машҳур 14 нафари навбати билан котиблик қилганлар. Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан сўнг, ҳижратнинг 12-йили (642 йил) Ислом учун бўлган жангларда кўплаб мураттаб қориларнинг шаҳид бўлишлари туфайли Қуръон оятларини тўплаб, бир ерга жам қилиш эҳтиёжи туғилди. Бу иш Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) халифаликлари даврида 23 ёшли Зайд ибн Собит томонидан амалга оширилди. Зайд ибн Собит Қуръонни ёд олган кишилардан хурмо япроқлари, терилар, япалоқ тошлар, курак суякларга битилган ёзувларни бирма-бир йиғиб, Аллоҳнинг каломини бир жойга жам қилдилар. Қуръони карим  уч марта +– Расулуллоҳ алайҳиссалом замонларида, Абу Бакр Сиддиқ ва Ҳазрати Усмон розийаллоҳу анҳумлар даврларида жам қилинди. Биринчи ҳолатда оятлар суралардаги ўз ўрнига қўйиб, тартиби билан ёзилди, иккинчи ҳолатда оят ва суралар тартибга солиниб, саҳифаларда жамъ қилинди, учинчисида эса бу саҳифалар ягона қироат асосида мусҳаф қилиниб, китоб ҳолида кўчирилди. Ҳазрати Усмон ибн Аффон замонларига келиб Қуръони карим  оятлари қироатида ихтилофлар туғилганлиги сабабидан унинг ягона нусхасини тузиш ва бу нусхаларни пойтахтларга юборишга қарор қилинди. Бу ишга Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъд ибн Ос ва Абдураҳмон ибн Ҳишом жалб этилдилар. Бунга Ҳафса онамиз қўлларида сақланиб қолган Абу Бакр нусхаси асос қилиб олинди. Ҳижратнинг 24-йили Қуръони карим кийик терисига бир неча нусхада ёзилиб, Ислом оламининг марказий шаҳарларига юборилди. Ҳазрати Усмон мусҳафларидан бири турли йўллар билан Самарқандга келиб қолган (уни Амир Темур, Қаффол Шоший, ҳазрати Усмоннинг куёвлари Саид олиб келган, деган ривоятлар машҳур). Машҳур мусҳаф Хўжа Аҳрор валий масжидлари ёнидаги Оқ мадраса ҳужрасида сақланган. 1989 йилдан буён эса Мовароуннаҳр мусулмонлари идорасининг кутубхонасида сақланмоқда. Расулуллоҳ (с.а.в.) асрларидан сўнг Ислом тарихида биринчи бўлиб Қуръони каримга янгилик бўлмиш эъроб (ҳаракат) аломатларини олимлардан Убайдуллоҳ ибн Зайд ва Ҳажжож ибн Сақафийлар қўйишган. Қуръони карим маънолари илк марта IX-X асрларда юнон ва сурёний тилларига таржима қилинди. Ҳозирги пайтда Қуръон маънолари жаҳондаги барча асосий тилларга ўгирилган. Қуръони карим маъноларининг илк туркий таржимаси 1956 йилда Саудия Арабистонидаги ватандошимиз Олтинхон тўра томонидан, ўзбек тилидаги биринчи таржимаси 1991 йили (ҳижрий 1412) ўшлик ўзбек уламоси Алоуддин Мансур томонидан амалга оширилди. Матбаахоналар пайдо бўлиши билан Қуръони карим 1640 йили биринчи бор Венетсияда чоп этилди ва тўла босилиб бўлмай, каниса фармони билан йиғиб олинди. Иккинчи марта Қуръон 1694 йили Гамбургда босмадан чиқди, 1698 йили Падў шаҳрида яна бир бор нашр этилди. Лекин бу нусхалар Ислом оламида тарқалмаган. Қуръони каримнинг ҳамма талабларга жавоб берадиган Мусҳафи Усмон хатига мувофиқ ва мусулмонларга мақбул босмаси 1923 йили Қоҳира (Миср)да амалга оширилди. Бу нашр Миср подшоси Малик Фуод фармони билан «Жомиъул-Азҳар» дорилфунуни уламолари томонидан амалга оширилди. Бу босмада Қуръони каримнинг аломати ва белгилари машҳур қироат устозларидан Ҳафснинг ривояти бўйича, Осим қироати асосида қўйилган. Бутун дунёдаги уламолар томонидан билиттифоқ энг мукаммал нусха деб эътироф этилган бу нашрдан ҳозиргача Қуръони каримни кўпайтиришда фойдаланиб келинмоқда. Тафсир (шарҳлаш, тушунтириш) илми Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётлик пайтларидёқ пайдо бўлган, Расулуллоҳнинг ўзлари Қуръони каримнинг энг биринчи муфассири эдилар. Саҳобийлардан Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али бин Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит розийаллоҳу анҳум ажмаъинлар Қуръони каримни тўла ёд билибгина қолмай, оятларнинг маъносини тўғри ва асрорлари билан тушунардилар. Айниқса, Абдуллоҳ ибн Аббосни Расулуллоҳ «Қуръоннинг таржимони», деб атардилар. Тобеъинлар замонида чиққан машҳур муфассирлар Мужоҳид ибн Жабр ал-Маккий, Саъид ибн Жубайр, Ато ибн Рабоҳ ва бошқалар оғзаки ҳолда Қуръонни тафсир қилганлар. Биринчи мустақил тафсир ёзган олим 149 ҳижрий санада вафот этган Абдул Малик ибн Журайдий эди. Мусулмон оламида Ибн Жарир Табарий; Амр ибн Касир, Жалолиддин Маҳаллий ва Жалолиддин Суютий, Собуний, Абу Ҳайён Андалусий, Саййид Қутб, Иброҳим Қаттон, Муҳаммад Хуросоний ан-Найсабурий, Муҳаммад Тоҳир Ошур ва бошқа муфассирлар битган тафсирлар ном чиқарган. Мовароуннаҳрдан ҳам кўплаб машҳур муфассирлар етишиб чиққан. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг «Тафсир ул-кабир» тафсирлари бор, «Жомиъ ус-саҳиҳ» китобларида мингдан ортиқ ҳадис Қуръони карим оятларининг тафсири ҳисобланади. Имом Абу Мансур Мотурудий (Самарқанд, таваллуди ҳижрий 333)нинг «Таъвийлоту аҳлис-сунна», Имом Абу Лайс Самарқандий (вафоти 373 ҳижрий)нинг «Баҳрул улум», Имом Жоруллоҳ Замахшарий (Хоразм, ҳижрий 468-538)нинг «Тафсир ул-кашшоф», Имом Фахруддин Розий (Хоразм, таваллуди ҳижрий 543)нинг «Мафотиҳул ғайб», Имом Абул Баракот Насафий (Қарши, ҳижрий VII аср)нинг «Мадорик ут-танзил ва ҳақоиқ ут-таъвил» тафсирлари Ислом оламида машҳур. Замондош уламоларимиздан Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Тафсири ҳилол» туҳфа этдилар. Араб оламида Қуръони карим қироатини энг яхши ва хушсавт билан ўқийдиган қорилар асосан Миср ва Суриядан чиққан. Айниқса, мисрлик Абдулбосит Абдуссамад, Маҳмуд Халил Ҳусарий, Муҳаммад Сиддиқ Миншовий, Мустафо Исмоил, Али Банно каби ҳофизул-Қуръонларнинг шуҳрати кенг ёйилган.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР