loader

ҲУДАЙР

Ҳудайр (р.а.) ҳам саҳобийлардан. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в) бир неча аскарни топшириқ билан юбордилар. Улар ичида Ҳудайр номли киши ҳам бор эди. Ўша йили очарчилик бўлиб, одамларда овқат камайиб кетган эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) аскарларнинг барчасини овқат билан таъминладилар-да лекин Ҳудайрга овқат беришни унутиб қўйдилар. Аммо Ҳудайр сабр қилган ҳолда:  «Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар валҳамду лиллаҳи ва субҳаналлоҳи вала ҳавла вала қуввата илла биллаҳи», «Эй Раббим, мана шу менга энг яхши зоди роҳиладир», деб отлиқларнинг охирида юрар эдилар. Шу пайт Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб: «Раббим  ҳузурингизга юбориб, Ҳудайрга зоди роҳила беришни унутганингизни ва у айтаётган калималар қиёмат куни ер билан осмон оралиғида қай даражада нур бўлишини ҳамда унга зоди роҳила жўнатишингиз хабарини бериш учун юборди», дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир кишини чақириб, унга Ҳудайрнинг зоди роҳиласини бердилар-да ва «Агар унинг олдига етиб борсанг, у нима деяётганини ёдлаб ол, зоди роҳилани топшираётганингда ҳам нима деяётганини ёдлаб ол, Расулуллоҳ сенга салом айтиб ҳамда зоди роҳила беришни унутганимни ва Аллоҳ  Жаброил алайҳиссаломни юбориб сени эслатишни, мақоминг қанақалиги хабарини берганини айтгин», дедилар. Юборилган киши Ҳудайрнинг олдига келганида Ҳудайр юқоридаги калималарни айтаётган эди. Кейин унга яқинлашиб: «Расулуллоҳ (с.а.в.) сенга салом айтдилар ва мени сенга зоди роҳила билан юбордилар, чунки аввал беришни унутган эканлар, Аллоҳ Жаброил алайҳиссаломни осмондан юбориб буни эслаттирибди», деган эди, Ҳудайр Аллоҳга ҳамду сано ва Расулулоҳ (с.а.в.) га салавот айтди-да сўнгра: «Оламлар робби Аллоҳга ҳамд бўлсин. Роббим еттита осмон тепасидан, Аршининг юқорисидан туриб очлигим ва заифлигимга раҳм қилибди. Эй Роббим, Ҳудайрни Сен унутмаганингдек Ҳудайрни ҳам Ўзингни унуттирмайдиган қилгин», деди. Ҳалиги юборилган киши Ҳудайр айтган нарсаларни ёдлаб, Расулуллоҳ (с.а.в.)га хабар берган эди, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Агар бошингни осмонга кўтарганингда у айтган сўзларнинг ер билан осмон оралиғида таралиб турганини кўрар эдинг», дедилар. 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР