loader

Абдуллоҳнинг Оминага уйланиши

Абдуллоҳ Абдулмутталибнинг энг суюкли боласи эди. У ўн саккиз ёшга кирганда отаси унга Ваҳобнинг қизи Оминани олиб берди. Ваҳоб Абдумонофнинг ўғли, Абдумоноф Зуҳранинг ўгли, Зуҳра эса Килобнинг ўғли эди. Омина қурайш аёллари орасида насл-насаб жиҳатдан энг зоти поклардан ҳисобланарди. У Абдуллоҳга турмушга чиққач, пайғамбар алайҳис саломга ҳомиладор бўлди. Гумона эндигина икки ойга тўлганда Абдуллоҳ вафот этди ва Адий ибн Нажжор авлодидан бўлмиш тоғалари уни Мадинага дафн этдилар. Абдуллоҳ Шом (Сурия)га савдо-сотиқ билан бориб келаётганида Мадина шаҳрида қазо қилди. Оминанинг ой куни етиб, гўзал ахлоқ, илм-маърифат ва покиза эътиқод билан оламни мунаввар этгувчи чақалоқ туғилди. Мисрлик мунажжим Маҳмуд Пошо Муҳаммад алайҳис-салом рабиул аввал (ҳижрийнинг учинчи ойи)нинг тўққизинчи куни душанба эрталаб туғилганларини, бу қувончли ҳодиса мелодий 571 йил тўртинчи ойнинг 21 кунига, яъни фил* воқеасининг биринчи йилига тўғри келишини аниқлаган.
Пайғамбар алайҳис-салом Бани Ҳошим кўчасидаги Абутолиб хонадонида дунёга келдилар, Абдураҳмон ибн Авфнинг онаси Шаффо доялик ҳилди. Бу хушхабарни эшитган пайғамбар алайҳис-саломнинг бувалари чақалоққа Муҳаммад дея исм қўйди. Илгари арабларда бундай от қўйиш расм бўлмаган эди. Аввалги пайғамбарларга нозил қилинган Таврот,* Инжил* каби илоҳий китобларда бу исм зикр этилган, Оллоҳ ўша китоблар зикр қилинган нарсани амалга оширишни ирода қилиб, расулуллоҳнинг отини буваларининг кўнглига солган. Пайғамбар алайҳис-саломнинг энагаси Абдуллоҳнинг чўриси ҳабаш Умму Айман Барака, илк дафъа эмизган аёл эса амакилари Абдулаҳабнинг чўриси Сувайба эди.

____________
*Фил воқеаси — Маккада юз берган машур воқеа. Араблар бу воқеани тарих боши қилиб олишган. Қуръоннинг "Фил" сурасида ҳам бу воқеа зикр этилади. Унда айтилишича, Яманга ҳукмронлик қилган ҳабаш подшоларидан бири Маккага ҳужум қилиб, Каъбани бузмоқчи бўлади. У баҳайбат бир филни олиб келади. Оллоҳ таоло тумшуғида тош тишлаган қушларни юбориб, ғанимларни ер билан яксон қилди ва Каъбани сақлаб қолди.
*Таврот — яҳудийларнинг муқаддас китоби.
*Инжил — Насронийларнинг муқаддас китоби.

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР