loader

Умарнинг мусулмон бўлиши

Худди мана шу қалтис вазиятда қурайш қабиласидаги аслзода, шерюрак кишилардан бири Умар ислом динига кирди. То шу пайтгача у мусулмонларнинг ашаддий душмани бўлиб, расулуллоҳ тарафдорларига жуда кўп озору кулфатлар етказган эди. Ҳабашистонга жўнаб кетган Лайло бу ҳақда шундай ҳикоя қилади: Умар ибн Хаттоб мусулмон бўлганимиз учун бизни жуда ёмон кўрарди. Мен сафарга отланиб, эндигина туяга минганимда Умар келиб қаёққа кетаётганимни сўради. Мен, ислом динига кирганимиз учун сизлардан кўп жабр кўрдик, энди бирон тинчроқ жой топиб, жонимизни асрамоқчимиз, дедим. Умар оқ йўл тилаб қолди. Эрим келгач, унга Умарнинг тўсатдан ширинсўз, мулойим бўлиб қолганини айтдим. Омир: "Умарни имонга келади, деб умид қилмай қўя қол. Худо ҳаққи, эшаги мусулмон бўлмагунча Умар имон келтирмайди", деди. Омир Умарнинг мусулмонларга нисбатан қўпол ва шафқатсизлитани яхши билгани учун шундай деган эди. Мана шу бераҳм одам расулуллоҳнинг қилган дуолари хосияти гуфайли исломга кирди. Пайғамбар алайқис-салом: "Эй худо, Умар билан ислом динини қувватлантиргин", дея дуо қилган эдилар. Орадан кўп ўтмай Умар мусулмонлар тўпланадиган Арқам ибн Абу Арқамнинг ҳовлисида имон келтирди. Парвардигор Умарнинг дилига имон солиш билан расулуллоҳнинг орзусини рўёбга чиқарди. "Саҳиҳ-ул-Бухорий"да ривоят қилинишича, Умар исломга киргач, мусулмонлар кучайиб, ўзларига ишонч пайдо бўлган ва унинг талабига биноан номозни масжидда ўқий бошлашди.
Умарнинг мусулмонлар сафига ўтганини кўрган мушрикларни ғам босди, ундан қандай ўч олишни билмай охири ўлдиришга қарор қилишди. Бир тўда мушрик тил бириктириб Умарнинг уйи атрофида изғиб юришганда бани саҳимлик Ос ибн Воил келиб қолди ва уй эгасидан нима бўлганини сўраб-суриштирди. "Мусулмончиликни қабул қилганим учун сенинг қавминг мени ўлдирмоқчи", деди Умар. "Мен бундай шармандаликка йўл қўймайман", деди Ос ва селдек оқиб келаётган қутурган оломоннинг йўлини тўсиб чиқди. "Биз динини сотган Умарни ўлдирмагунча қўймаймиз, йўлдан қоч", деди кўзи қонга тўлган жоҳиллар. "Жонидан тўйган одам Умарнинг уйига яқинлашсин", деди Ос қиличини яланғочлаб. Унинг важоҳатини кўрган оломон орқасига чекинди.

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР