loader

Расулуллоҳнинг Оишага уйланишлари

Ҳадича вафот этиб, орадан бир ой ўтгач, расулуллоҳ дўсти Абубакрнинг ҳали еттидан ўтмаган қизи Оишани никоҳларига олиб қўйдилар. Расулуллоҳ Ойшадан бошқа қиз олган эмаслар. Мадинага ҳижрат қилишганидан кейингина иккалови бир ёстиққа бош қўйишди, унгача пайғамбар алайҳис-салом Савда билан Маккада ҳаёт кечирдилар.
Хадичанинг вафотидан бир ой ўтар-ўтмас расулуллоҳнинг амакилари Абутолиб оламдан ўтди. Гарчанд у киши Муҳаммад алайҳис-саломнинг пайғамбарлигига шубҳа билдирмаган, сарвари оламни дин душманларининг хуружларидан ҳамиша ҳимоя қилган бўлса-да, ўзи иймон келтириб, мусулмончиликка кирмади. Бу ҳақда Қасос сурасининг 57-оятида бундай дейилади: "Сен яхши кўрган одамингни ҳидоят қилолмайсан, лекин Оллоҳ истаган одамини ҳидоят қилади, ҳидоят топгувчилар унга яхши аён". Абутолиб расулуллоҳга пушти-паноҳ бўлгани учун Оллоҳ у кишининг гуноҳларини енгиллатади, дея умид қиламиз.
Расулуллоҳнинг қариндош-уруғлари ислом динига кирмаганида ҳам ҳикмат бор, агар улар пайғамбар алайҳис-саломга эргашиб, дарров ислом динига киришса, мушриклар Муҳаммаднинг қавми устунликка эришиб, подшоликни қўлга киритмоқчи, шунинг учун янги дин ўйлаб топишди, дейишарди. Расулуллоҳга эргашганлар бутунлай бегона, ҳатто пайғамбар алайҳис-саломга душман бани Умайя қавмидан Усмон ибн Аффондек кишилар эканини кўргач, қандай важ-корсон кўрсатишни билмай Муҳаммад эр-хотинни бир-биридан жудо қиладиган сеҳргар, ғойибни биламан дейдиган коҳин, дея иғво тарқатишга ўтишди. Энг яқин кишиларидан айрилганлари етмагандек мушрикларнинг хуружлари авж олгани расулуллоҳ учун ғоят оғир мусибат бўлди.
Абутолибнинг вафотидан кейин илгари сал ҳайиқиб турган мушриклар энди очиқдан-очиқ душманлик қила бошладилар. Расулуллоҳ кўчада кетаётганларида устларидан тупроқ сочишар, намоз ўқиётганларида бошларига қўйнинг елинини епиштириб қўйишар, сен нега шунча илоҳни бир илоҳга айлантирмоқчисан, дея ўжарлик билан ҳадеб битта саволни такрорлайверишарди. Мусулмонлар оз, жисмоний ва ҳарбий қудратга эга бўлмаганликлари учун у кишини ҳимоя қилишга ботинишолмасди. Фақат бир сафар Абубакр: "Роббим ёлғиз Оллоҳ деган кишига шунча зулм қиласизларми?" дея ўртага тушди. Пайғамбар алайҳис-саломнинг аҳволлари кундан-кунга оғирлашаверди.

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР