loader

Ҳижратнинг биринчи йили. Масжид қуриш

Пайғамбар алайҳис-салом бани Нажжор маҳалласидаги туяси чўккан жойга масжид солишни ихтиёр этдилар. Бу ер Асъад ибн Зурора тарбиясидаги икки етим боланинг хурмо хирмони эди. Расулуллоҳ уларни чақириб, хирмон ўрнини ва унинг атрофидаги хурмозорларни сотишни илтимос қилганларида болалар масжид учун бу ерни текинга беражакларини айтишди, бироқ сарвари олам ҳақини тўлаб, ерни сотиб олдилар. Бу жойнинг бир қисми дарахтзор, бир қисми мушрикларнинг эски қабристони ва яна бир кисми катта-кичик жарлик эди. Қабристондаги жасадлар бошқа жойга кўчирилди, жарликлар текисланиб, дарахтлар кесилди. Кафтдек текис майдонга масжиднинг биринчи ғишти қўйилди. Бинонинг пойдеворига тош терилиб, деворлари хом ғиштдан кўтарилди, хурмо дарахтларидан устун қилиниб, шох-шаббаси томга босилди. Шифт одам бўйидан салгина баланд эди. Масжид қурилишида расулуллоҳ бошчилигида ҳамма мусулмонлар баробар иштирок этишди. Одамларнинг кайфи чоғ, чарчоқ нималигини билмай ишлашар, тинмай қўшиқ айтишарди. Ҳатто расулуллоҳ ҳам:
Кўзлагаймиз роббимиздан охиратнинг савобин,
Муҳожир, ансорларга рақм-шафқат айласин. —
дея хиргойи қилардилар. Масжиднинг меҳроби Байтул муқаддас томонга қаратиб қурилди, Бинога зах урмасин деган ниятда остига шағал тўшалди, устун ва пештоқларга зеб берилмади, сувоқдан бошқа пардоз-андоз қилинмади. Одамлар бемалол кириб-чиқишлари учун уч томондан эшик очилди, атрофи қўрғон билан ўралмади ҳам. Расулуллоҳнинг рафиқалари Савда ва Оиша учун масжидга тақаб икки ҳужра солинди. Пайғамбар алайҳис-салом ҳар гал уйланганларида худди шу тарзда масжидга тақаб биттадан ҳужра қуриларди.

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР