loader

Қўшин юбориш

Ҳижрийнинг биринчи йили рамазон ойида пайғамбар алайҳис-салом амакиси Ҳамза ибн Абдулмутталиб бошчилигидаги ўттиз кишини қурайшларнинг Шомдан қайтаётган карвонини тўсишга жўнатдилар. Абу Марсад оқ туғ кўтариб олдинда юрди. Карвонда Абу Жаҳл бошчилигида уч юз қуролли одам бор эди. Ислом аскарлари Қизил денгиз бўйидаги Ийс деган жойда карвонга дуч келдилар. Икки томон саф чекиб, жангга ҳозирланаётган пайтда Жуҳайна қабиласининг оқсоқоли Мажди ибн Амр Жуҳаний ўртага тушиб қон тўкилишининг олдини олди, икки томон омон-омонликда ўз йўлига равона бўлди. Мусулмонлар озчилик, мушриклар бир неча ҳисса кўплигинй назарда тутиб, расулуллоҳ Маждининг ишини маъқулладилар.
Шу йилнинг Шаввол ойида Убайда ибн Ҳорис бошчилигида муҳожирлардан саксон киши яна мушрикларнинг йўлини тўсишга отландилар, бу сафар Мистаҳ ибн Усоса аъламбардор бўлди. Қурайшларнинг карвонида икки юз нафар одам бор эди. Икки томон Робиғ деган жойда учрашганда ҳеч қандай тайёргарликсиз камондан бир-бирига ўқ ёғдира бошлади. Мушриклар мусулмонлар бунчалик оз бўлиши мумкин эмас, яқин атрофда пистирмаси бор, деган хавотирда қоча бошлашди, мусулмонлар уларни таъқиб этиб қувмади. Мушриклардан Миқдод ибн Асвад, Утба ибн Ғазвон мусулмонлар томонига қочиб ўтдилар. Илгарироқ ислом динига кирган бу одамлар анчадан бери мусулмонлар сафига қўшилиш имконини тополмай юришган эди.

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР