loader

Ҳижратнинг тўртинчи йили

Пайғамбар алайҳис-салом Ҳувайлиднинг ўғиллари Тулайҳа ва Саламалар ўз қавми бани Асадни мусулмонларга қарши курашга сафарбар этишганидан хабар топдилар. Расулуллоҳ Абу Салама ибн Абдул Асадга туғ тутқазиб, бир гуруҳ аскар билан бу икки қабилага хужум қилишни буюрдилар. Мусулмонлар муҳаррам ойининг бошида Мадинанинг шарқидаги Қатан деган жойда Асад қабиласига ҳужум қилишди. Мушриклар тум-тарақай қочишди. Абу Салама жуда кўп қўй, туяларни ўлжа олиб изига қайтди.
Шу йилнинг бошида Макканинг Арофат тоғига яқин Урана деган жойда яшовчи Суфён ибн Холид ибн Набиҳ Ҳузалий мусулмонларга қарши куч тўплаётгани маълум бўлди. Расулуллоҳ бу ёвуз кимсани йўқотиш учун Абдуллоҳ ибн Унайис Жуҳанийни ёлғиз юбордилар. Абдуллоҳ топшириқни адо этиш жараёнида лозим бўлиб қолса ёлғон ишлатишга ижозат сўради ва муҳаррам ойининг бошида ўзини Ҳузоа қабиласидан деб Суфёнинг ёнига борди. Суфён унинг кимлигини, насл-насабини сўраб-суриштирди. Абдуллоҳ: "Мен Ҳузоаданман. Сенинг Муҳаммадга қарши одам тўплаётганингни эшитиб ёнингда бирга бўлиш учун келдим", деди. Суфён бу гапдан хурсанд бўлиб, уни ўз чодирига олиб кирди ва чиндан ҳам куч тўплаётганини эътироф этди. Суҳбат пировардида Суфён ёнбошлаб уйқуга кетди. Абдуллоҳ вақтни ғанимат билиб, уни ўлдириб, секингина чодирдан чиқиб кетди ва эсон-омон Мадинага қайтиб келди. Оллоҳ таоло кофирларнинг навбатдаги хуружини шу йўл билан даф этди.

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР