loader

Талоқи ражъийнинг турли кўринишлари

Юқорида ражъий талоқ тушишининг қоидалари фиқҳий китоблар асосида нақл қилиниб баён қилинди. Қуйида фатво китобларида келтирилган ражъий талоқнинг турли суратлари хулоса тарзда келтирилади:

1. Эр ўз аёлига: “Хоҳласанг никоҳимда қол ёки талоғингни ол” деди. Аёл ўша мажлисда: “Талоғимни олдим” деди. Бас, бир ражъий талоқ воқе бўлади;
2. Эр: “Биз талоқ қўйяпмиз” деди. У билан бир ражъий талоқ воқе бўлади;
3. Эр: “Бир кишига қараб, ўзининг аёлига тегишли қилиб: “Бугундан унга талоқ” деб тушунавер деса, бас бир ражъий талоқ воқе бўлади;
4. Бир талоқ қўйгани ҳақида бир неча кишига: “Мен аёлимга талоқ қўйдим” деса ва бундан хабарни етказиш мақсад бўлса, ражъий талоқ воқе бўлади;
5. Бир киши бир аёлни ёлғондакам эри бўлиб: “Мен ўз аёлимга талоқ қўйдим” деса, ёлғондакам аёли бўлган хотинга талоқ тушмай, ўзини аёлига бир ражъий талоқ воқе бўлади;
6. Бир киши қайнотасига сизнинг қизингиз менга теппа-тенг гап қайтараяпти, шунинг учун мен унга баробар талоқ қўйдим деса, бир ражъий талоқ воқе бўлади;
7. Зайд ўз қайнотасига ёки бир кишига: “Мен ўз аёлим Ҳиндга талоқ қўйдим” деса ва ундан олдин аёлига талоқ қўймаган бўлса, шу гап билан аёли Ҳиндга бир ражъий талоқ воқе бўлади;
8. Жанжал пайтда эр хотинига: “Жим бўлмасанг талоқсан” деди. Аёл жим бўлмади. Эр иккинчи бор: “Жим бўлмасанг талоқсан” деди. Аёл жим бўлмади. Учинчи марта эр: “Жим бўлмасанг талоқсан” деди. Бас аёл учинчисида жим бўлса, икки ражъий талоқ воқе бўлади;
9. Бир киши аёлига: “Бир талоқ” деб орқасидан: “Икки талоқ” деди. Бунда бир билан иккини жамлаш мақсад бўлмаса, икки ражъий талоқ воқе бўлади. Агар бир билан иккини жамлаш мақсад бўлса, уч талоқ воқе бўлади ва аёл ғализа боин талоқ бўлади;
10. Эр: “Талоқ бердим, бердим, бердим” деса, уч ражъий талоқ воқе бўлади;
11. Эр хотинига: “Мен сенга талоқ қўйдим. Бугундан бошлаб сен менга онамсан” деса, бу билан бир ражъий талоқ воқе бўлади;
12. Эр хотинига қараб: “Мен сенга шаръий талоқ қўйдим” деди. Бас, бу билан бир ражъий талоқ воқе бўлади;
13. Эр-хотин жанжаллашиб, эр хотинига талоқ қўйди ва икки талоқ қўйгани эсида, лекин уч талоқ қўйгани эсида эмас. Хотин: “Учинчи талоқни ҳам қўйгансан” деди. Бас, бундан икки ражъий талоқ воқе бўлади. Шакка биноан ва аёлнинг ёлғиз сўзига биноан уч талоқ деб ҳукм қилинмайди. Лекин эр уч талоқ қўйганига иқрор бўлса, уч талоқ воқе бўлади ;
14. Эр хотинига: “Мен сенга бир ойга бир талоқ қўйдим. Энди бир ойдан кейин менга қайта оласан” деса, бу билан бир ражъий талоқ воқе бўлади. Лекин, эрда икки талоқ қўйиш имкони қолади холос. Чунки, талоқ вақтинчалик бўлмайди ;
15. Аллоҳ таоло учун ўз аёлимга талоқ қўйдим деса, бу билан бир ражъий талоқ воқе бўлади ;
16. Зайднинг Раҳима ва Салима номли аёли бор бўлиб, Раҳиманинг онаси куёвига: “Сен менинг қизимга талоқ қўйдингми ёки бошқа хотининггами?” деди. Зайд унга жавобан: “Мен унга қўйдим” деди. Зайднинг сўзида сариҳ изофанинг қаринаси бор. Шу боис Зайднинг қайсидир аёлига қазоан талоқ воқе бўлиши лозим. Уни тайин қилиш эса, Зайдга боғлиқ ва талоғи қўйилган аёлни идда ичида қайтариб ола олади. Диёнатан олиб қаралса, Зайднинг бирорта аёлига талоқ воқе бўлмайди. Чунки, Зайд на бирор аёлини исмини айтди ва на бирор аёли томонига изофа қилди ;
17. Бир киши аёлига ўзига-ўзи бир талоқ қўйиш ихтиёрини берса ва ўзи унга уч талоқ қўйса, у билан икки талоқ воқе бўлади. Чунки, бир талоққа эр молик эмас. Ҳа, агар аёл учинчи талоққа рухсат берса, уч талоқ воқе бўлади ;
18. Аёлига: “Мен сени қўйдим, қўйдим” деган киши ҳақида Муфтий Маҳмуд соҳиб наввараллоҳу марқодаҳу шундай деганлар: “Бу лафз бизни замонамизда сариҳ талоқ лафзи ҳисобланади. Шунинг учун “Мен сени қўйдим” лафзини икки бор айтиш билан икки талоқ, уч бор айтиш билан уч талоқ воқе бўлади” деганлар;
19. Бир киши аёлига: “Талоқ бердим, бердим” деса, у билан икки ражъий талоқ воқе бўлади. Уч маротаба “бердим, бердим, бердим” деса, Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ у билан уч талоқ воқе бўлади деганлар. Муфтий Маҳмуд соҳиб раҳматуллоҳи алай бу ҳақда шундай деганлар: “Бирор китобда уни зидди нақл қилинмаган”. Бу сўзда талоқ сўзи бир марта айтилган бўлсада, “бердим” сўзи уч бор такрорланган, яъни “бердим” сўзи ўтимли бўлиб, унга эга қанчалар зарур бўлса, шунчалар унга тўлдирувчи ҳам зарурдир;
20. Бирор киши эрга: “Аёлингни талоқ қўй” деб, маслаҳат берса, эр унга розиман деса, бир ражъий талоқ воқе бўлади;
21. Зайд ўз аёлига: “Мен сенга талоқ қўйдим, ўз уйинга кетавер” деди. Авалги сўзи билан, яъни “Мен сенга талоқ қўйдим” билан бир талоқ, иккинчи “ўз уйингга кетавер” билан агар талоқни ният қилган бўлса, иккинчи талоқ воқе бўлади;
22. Зайдни бир киши хотини сабабли паришонхотир кўриб, нима хотининг сабабли хафамисан? Унга талоқ қўй деди. Шунда Зайд: “Аввал қўймаган юўлсам эни қўйдим” деди. Шу билан бир ражъий талоқ воқе бўлади.

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР