loader

Идда шартлари

Идда вожиб бўлиши учун қуйидаги шартлардан бири топилиши лозим бўлади. Улар:

1. Саҳиҳ никоҳ билан хилвати саҳиҳа ёки фосида ёки яқинлик идда вожиб бўлиши учун шартдир. Агар турмуш қурган эр-хотин хилвати саҳиҳа ёки яқинликдан олдин ажрашишса, идда вожиб бўлмайди;
2. Никоҳдан кейин эрнинг вафот этиши. Бу ҳолатда хилвати саҳиҳа ёки яқинлик бўлганми ёки бўлмаганми, аёл вафот иддасида ўтиради;
3. Фосид никоҳда идда учун яқинлик шартдир. Агар фосид никоҳ асосида икки ёш турмуш қурсалар ва ўрталарида хилвати саҳиҳа топилиб, ажрашишса ёки ҳали яқинлик қилмай эр вафот этиб қолса, аёлга идда ўтириш лозим бўлмайди.

وَسَبَبُ وُجُوبِهَا عَقْدُ النِّكَاحِ الْمُتَأَكِّدُ بِالتَّسْلِيمِ وَمَا جَرَى مَجْرَاهُ مِنْ مَوْتٍ، أَوْ خَلْوَةٍ أَيْ صَحِيحَةٍ، فَلَا عِدَّةَ بِخَلْوَةِ الرَّتْقَاءِ.

“Идданинг вожиб бўлиш сабаби аёл ўзини эрга топшириш ёки вафот ёки хилвати саҳиҳа билан таъкидланган никоҳ ақдидир. Ратқо аёл билан хилватда қолиш билан идда вожиб бўлмайди” (Раддул муҳтор).

وَمَا جَرَى مَجْرَاهُ الخ وَهَذَا خَاصٌّ بِالنِّكَاحِ الصَّحِيحِ أَمَّا الْفَاسِدُ فَلَا تَجِبُ فِيهِ الْعِدَّةُ إلَّا بِالْوَطْءِ.

“Матндаги “яқинлик ўрнига ўтадиган нарсалар” деган ибора саҳиҳ никоҳга хосдир. Фосид никоҳда идда ўтириш вожиб бўлмайди. Лекин яқинлик қилинса вожиб бўлади” (Раддул муҳтор).

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР