loader

085. Буруж сураси

“Буруж” – буржлар, яъни осмондаги Қуёш ва Ой буржлари.
Сурада Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари нақадар буюк экани таъриф этилиши билан бирга мўминларга азият етказган ва улар ўртасида фитна-фасод, бузғунчилик ишларини жорий қилган кимсаларга қаттиқ жазолар муқаррар экани ва Қуръони каримнинг Лавҳул-маҳфуздан кўчирилган илоҳий муқаддас калом экани каби маълумотлар бор.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Қасамёд этаман (ўн иккита) буржларга эга осмон билан,
2. ваъда қилинмиш кун (қиёмат) билан,
3. (ўша кунда) гувоҳ ва гувоҳлик берилувчи биланки («Чоҳ эгалари» қиссаси ҳақиқатдир)!
4. «Чоҳ эгалари»га – лаънат!
5. Қайсики, у (чоҳ) ёқилғили олов эди.
6. Ўшанда улар ўша (чоҳ)нинг устида ўтирувчи
7. ва мўминларга нисбатан қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ эдилар*.
* Муҳаммад (а.с.)дан олдин ўтган умматлар ичида золим подшоҳ буйруғи билан имонли кишиларга қаттиқ азоб берилгани, охири улар учун қазилган чоҳга золимларнинг ўзлари қулагани, чоҳ ичидаги олов мўминларни эмас, балки уларнинг ўзларини куйдириб юборгани сурада баён этилмоқда.
8.Улар (мўминлар)дан фақат Азиз (қудратли) ва Ҳамид (ҳамд эгаси) бўлмиш Аллоҳга имон келтирганлари учунгина ўч олдилар.
9. Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Унга хосдир. Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир.
10. Албатта, мўмин ва мўминаларни фитнага солиб, сўнгра тавба қилмаган кимсаларга жаҳаннам азоби ва улар учун ўт азоби бордир.
11. Албатта, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларга остидан анҳорлар оқиб турадиган боғлар бордир. Бу эса катта ютуқдир.
12. (Эй, Муҳаммад!) Шубҳасиз, Раббингизнинг (азобга) тутиши қаттиқдир.
13. Албатта, Унинг ўзи (яратишни) бошлар ва қайтарур (қайта тирилтирур).
14. У (мўминларга нисбатан) Ғафур (кечиримли) ва Вадуд (дўст),
15. Арш соҳиби, Мажид (буюк)
16. ва истаган нарсасини амалга оширувчидир.
17. (Эй, Муҳаммад!) Сизга «қўшинлар»нинг хабари келдими?
18. Фиръавн ва Самуд (қўшинлари)нинг.
19. Йўқ! Кофир бўлган кимсалар (ҳақ динни доимий) инкор қилишдадирлар.
20. Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ортида (барча нарсани билиб) иҳота қилиб турувчидир.
21. Балки, у (инкор этилган нарса) улуғ Қуръондирки,
22. (унинг асл нусхаси) Лавҳул-маҳфуздадир.

Орқага Олдинга