loader

098. Баййина сураси

“Баййина” – ҳужжат. Ҳужжатдан мурод бу ерда, Муҳаммад (а.с.) дирлар. Суранинг номи “Лам якун” деб ҳам юритилади. Унда кофир ва мушриклар, то Муҳаммад (а.с.) пайғамбар бўлиб келгунларича, ўзларининг куфроний ақидаларидан ажрамаганлари, кейин эса баъзилари куфрдан халос топиб, исломга киргани ва баъзилари куфрда қолгани, ибодатда ихлос зарурлиги, охиратда мўминларга ва кофирларга қилинадиган муомалалар тўғрисида маълумот берилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Аҳли китоблар ва мушриклардан иборат кофир кимсалар, то уларга Ҳужжат келмагунича, (куфрга оид ботил ақидаларидан) ажралувчи бўлмадилар.
2. (У Ҳужжат) Аллоҳ (томони)дан (юборилган) пайғамбар (Муҳаммаддир. У уларга) покиза саҳифаларни (Қуръонни) тиловат қилур.
3. У (саҳифа)ларда қимматли ёзувлар (аҳкомлар) мавжуддир.
4. Аҳли китоблар фақат уларга Ҳужжат (пайғамбар) келганидан кейингина бўлиниб кетдилар.
5. Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир.
6. Албатта, аҳли китоб ва мушриклардан иборат кофирлар жаҳаннам ўтида бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар. Ана ўшалар халойиқнинг энг ёмонидирлар.
7. Албатта, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар – айнан ўшалар халойиқнинг энг яхшисидирлар.
8. Парвардигорлари ҳузуридаги уларнинг мукофотлари – остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) мангу боғлардир. Улар ўша жойда абадул-абад қолувчидирлар. Аллоҳ улардан рози бўлур, улар (Аллоҳдан) рози бўлурлар. Бу (мукофот) Парвардигоридан қўрққан киши учундир.

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР