loader

078. Набаъ сураси

Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, қирқ оятдан иборатдир.
Қуръони Карим сўнгги жузъининг илк сураси бўлган бу сура "Набаъ — Хабар" деб номланган бўлиб, унда ўлгандан кейин қайта тирилиш, Қиёмат ва у Кунда мўминлар етажак мангу бахт-саодат ҳамда кофирлар дучор бўлажак абадий азоб ҳақидаги хабарлар ўз аксини топгандир.
Бу сурада Аллоҳ таолонинг қудрати Илоҳийясига далолат қилиб турадиган бир неча ҳужжатлар келтирилиб, шундай қудрат Соҳиби бўлган Зот учун Қиёмат Кунида ўликларга қайта жон ато этиб тирилтириш жуда осон иш эканлиги таъкидланади ва у Кунни "Ҳақ билан ботил ажратиладиган Кун", деб аталади. Сура ўша Кунда кофирлар Аллоҳ таолонинг одил жазосидан қочгани жой топа олсдан қайтадан тупроққа айланишни орзу қилиб қолишлари тўғрисида хабар бериш билан хотималанади.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. (Мушриклар) бир-бирларидан нима ҳақида сўрашмоқдалар?!
2-3. Улар ўзлари ихтилоф қилгувчи бўлган — улуғ хабар ҳақида (яъни, қайта тирилиш тўғрисида савол-жавоб қилинмоқдалар).
4. Йўқ, (уларнинг гумонлари беҳудадир). Улар яқинда (бу хабарнинг ҳақ эканини) билиб олажаклар!
5. Яна бир бор йўқ! Улар яқинда билиб олажаклар!
Изоҳ: Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар қилиб юборилганларидан сўнг Макка ахлига қайта тирилиш ҳақ эканлиги ҳақида хабар берганларида, айрим мушриклар бу хабарни инкор қилган бўлишса, айримлари унга гумон билан қарашиб, бир-бирлари билан шу ҳақда талашиб-тортиша бошладилар. Шунда юқоридиги оятлир нозил бўлиб, уларнинг бундай савол-жавоблари нодуруст экани ва эрта бир Кун — Қиёмат қойим бўлгач, улир бу хабарнинг ҳақ эканлигини билиб қолишлари, аммо у Кунда уларнииг билишлари ҳам, тавба-тазарруъ қилишлари ҳам бефойда бўлиб қолиши таъкидланди. Энди қуйидаги оятларда Аллоҳ таоълонинг қудратини намойиш этадиган, ўлган жасадни қайта тирилтиришга нисбатан беқиёс улкан ва улуғ Илоҳий мўъжизалар саниб ўтилади.
6-7. Биз Ерни (барча жонзотлар маскан тутиб яшашлари учун) бир тўшак, тоғларни эса (ўша ерни тутиб тургувчи) қозиқлар қилиб қўймадикми?!
8. Биз сизларни жуфт-жуфт қилиб яратдик.
9. Биз уйқуларингизни (баданларингиз ва асабларингиз учун) ором қилдик.
Изоҳ: Дарҳақиқат, уйқу Аллоҳ таъолонинг энг улуғ неъматларидан биридир. Зеро, дунёдаги барча жонзот мубтало бўлган толиқиш, чарчаш деган бир дард борки, бу дарднинг уйқудан бўлак дармони йўқдир. Эҳтимол уйқусизлик дардига йўлиқан кишини бирон дори воситасида ухлатиш мумкиндир, лекин мана шу уйқуни яна бадтар чарчатадиган меҳнат эмас, балки ором-роҳат қилиш Яратгандан ўзганинг қўлидан келмас.
10. Биз Кечани (ўз қоронғуси билан барча нарсани яшириб турадиган) либос қилдик.
11. Кундузни эса тирикчилик (учун белгиланган виқт) қилдик.
12. Устларингизда етти (қават) пишиқ-мустаҳкам (осмонни) бино қилдик.
13. Ва доимо чарақлаб тургувчи чироқни (яъни, қуёшни пайдо) қилдик.
14-15-16. Яна Биз (ўзидан ёмғирни) сиқиб чиқаргувчи (булут)лардан — ўша (ёмғир) ёрдамида дон ва набототни ҳамда (қалинлигидан дарахтлари) бир-бирига чирмашиб кетган боғларни ундириб чиқариш учун — мўл-кўл сув-ёмғир ёғдирдик
Изоҳ: Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло Ўзининг қудратини кўрсатиб турадиган тўққиз ёрқин далилни келтиргач, энди яна аввалги мавзу — қайта тирилиш мавзусига қайтилади.
17. Албатта (Ҳақ билан ботил, яхши билан ёмон) ажратиладиган Кун (ҳисоб-китоб учун) белгиланган вақт бўлди.
18. У Кунда сур чалинур, бас, сизлар тўп-тўп бўлиб (маҳшаргоҳга) келурсизлар!
19. Осмон ҳам очилиб, (фиришталар тушиб келадиган) эшикларга айланиб қолди!
20. Тоғлар ҳам (минглаб йиллар ўрнашиб турган жойларидан жилдирилиб), сайрга чиқарилиб, (осмонда учиб юрган) саробга айланиб қолди!
21-22. Албатта туғёнга тушгувчиларнинг борар жойлари бўлган жаҳаннам (ўзига қулаб тушадиган кофирларга) кўз тутиб тургувчи бўлди.
23. Улар у жойда узоқ замонлар (яъни, абадул-абад) қолгувчидирлар!
24. Улар у жойда жаҳаннам ўтидан ором берадиган) бирон салқинни ва бирон
ичимликни тотмаслар!
25. Фақат қайноқ сув ва йирингнигина (тотурлар)!
26. (Мана шу уларнинг қилмишларига) яраша жазодир!
27. Чунки улар (Қиёмат Кунидаги) ҳисоб-китобдан умидсиз бўлган кимсалардир.
28. Улар Бизнинг оятларимизни бутунлай ёлғон дер эдилар!
29. Ҳолбуки, Биз барча нарсани хисоб-китоб қилиб, ёзиб қўйгандирмиз!
30. Бас, (эй кофирлар, Бизнинг азобимизни) тотиб кўринглар! Энди Биз сизларга фақат азобнигина зиёда қилурмиз!
31. Албатта тақводор зотлар учун (жаннатда) нажот манзили бордир.
32. Яна боғлар ва узумзорлар;
33. (Ёш ва хуснда) тенгдош хушқад (ҳур)лар,
34. Ва (шароб билан) тўла майкосалар бордир.
35. Улар у жойда бирон беҳуда ва ёлғон сўз эшитмаслар.
36-37-38. (Бу) Парвардигорингиз томонидан — осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг Парвардигори бўлмиш Меҳрибон Зот томонидан (берилган) мукофот, етарли марҳаматдир. Руҳ (Жаброил) ва (барча) фаришталар саф тортиб турадиган Кунда улар (инсонлар) У Зотдан (Аллоҳдан қўрқиб) бирон сўз айтишга эга бўлмаслар. Улар сўзлай олмаслар, фақат У Меҳрибон Зот изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзни айтур.
39. Бу ҳаққи-рост Кундир. Бас, ким хоҳласа ўз Парвардигори томон қайтадиган йўлни тутур.
40. (Эй Макка кофирлари), дарҳақиқат, Биз сизларни яқин(да воқеъ бўладиган) азобдан огоҳлантирдик. У Кунда (ҳар бир) киши ўзи қилиб ўтган нарсани (яъни, барча яхши-ёмон амалларини) кўрур ва кофир кимса: "Эҳ, кошки эди (қайтадан) тупроққа айланиб кетсам (у, муҳаққақ бошимга тушадиган азобдан кутулсам)", деб қолур.

Орқага Олдинга