loader

081. Таквир сураси

Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, йитрма тўқиз оятдир. У Қиёмат қойим бўлганида бутун коинотда рўй берадиган даҳшатли инқилоб-ўзгаришлар тасвири билан бошланиб, ана ўша Кунда ҳар бир жон ўз ҳаётида қандай амаллар қилиб ўтганини билиб, икрор бўлиши ҳақида хабар берилади.
Сўнгра Аллоҳ таъоло Ўзи яратган бир неча мавжудот номига қасам билан Куръони Карим фаришта Жаброил келтирган Илоҳий Сўз эканини ва ушбу Каломуллоҳнинг бирон оятини қолдирмасдан инсонларга етказиб бераётган Муҳаммад алайҳиссалом мажнун эмасликларини таъкидлайди.
Сура давомида инсонларга хитоб қилиниб, улардан кўлларида Ҳақ Йўлини кўрсатиб турган шундай буюк Китоб навжуд бўла туриб ўзлари учун яна қандай йўл ахтариб кетаётганлари сўралади. Сура Қиёмат Кунида бутун ер юзини ёритиб ва иситиб турадиган куёш ҳам ўралиб, нурсизланиб қолиши хусусидаги оят билан бошлангани сабабли "Таквир — Ўралиш" деқб номлангандир.

Мехрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. Қуёш ўралиб (нурсизланиб) қолганида;
2. Юлдузлар ҳам (ўз фалакларидан) тўкилганида;
3. Тоғлар ҳам (ўз жойларидан жилдирилиб), сайр қилдирилганида;
4. (Қорнидаги боласи) ўн ойлик бўлган бўғоз туялар ҳам бўш қўйиб юборилганида;
5. Ваҳший ҳайвонлар ҳам (бир жойга) тўпланиб қолганида;
6. Денгизлар (тандир каби) қизитилганида (ва сув ўрнига олов билан тўлганида);
7. Жонлар (қайтадан баданларга) жуфтланганида;
8-9. Тириклай кўмилган (ҳар бир) қиздан қандай гуноҳ сабабли ўлдирилгани сўралганида;
10. (Номаи аъмол) саҳифалари очилганида;
11. Осмон (ернинг устидан) сидириб олинганида;
12. Дўзах (кофирлар учун) ловуллатиб ёқилганида;
13. Жаннат (тақводор зотларга) яқин қилинганида;
14. (Ана ўша Кунда ҳар бир) жон ўзи (мана шу Кун учун) ҳозирлаб келган нарсани (яъни барчи яхши-ёмон амалларини) билур!
Изоҳ: Мазкур оятларда Қиёмат Кунида рўй беридиган ўн икки ҳодиса ҳақида хабар берилди. Демак, у Кунда кечаётган даҳшатнинг зиёдалигидан куёшнинг нури сўниб, юлдузлар ҳар ёққа сочилиб кетади ва тоғлар ҳам жойларидан жилдирилиб, худди булутлар каби осмонда сузиб юради. Саҳро аҳли жуда авайлаб-асрайдиган ва уларинг бой-бадавлатликлари рамзи бўлган — туғиш соати яқинлашиб қолган бўғоз туялар ҳам эгаларининг ёдидан кўтарилиб, ҳар ким ўзи билан ўзи бўлиб қолади (яъни, кишилар ўзларининг энг ардоқли нарсаларини ҳам унутадилар). Доимо бир-бирларининг гўштларини еб тирикчилик ўтказадиган ваҳший ҳайвонлар ҳам қандай қилиб бир жойга тўпланганларини билмай қоладилар, денгизлар эса сувлари қуриб, худди тагидан олов ёқилаётган қозонга айланадилар (минг-минг йиллик денгизларнинг бугунга келиб қурий бошлагани ўша Кун яқин қолганининг аломати эмасмикан?), инсонлар ўлиши билан чиқиб кетган жонлари қайта ўз баданларига киради, шунингдек, у Кунда тириклай кўмиб юборилган мазлума қизларнинг ҳам додига етилади (бу ҳақда "Наҳл" сурасининг 59-оятида батафсил изоҳ берилган) ва инсон ўлиши билан ёпилган номаи аъмоли қайта очилиб, ҳисоб-китоб қилинади, у Кунда ернинг томи бўлган осмон ҳам очиб юборилади ва ниҳоят кофирларга ловуллаб ёнаётган дўзах, мўъминларга эса жаннат яқин қилинади — мана шу воқеа-ҳодисалар содир бўладиган Қиёмат Кунида ҳар бир жоннинг ҳаёти дунёда қилиб ўтган яхши амаллари ўнг ёнига, ёмон амаллари чап ёнига келтириб кўйилади ва ҳеч ким ўз амалидан тона олмайди! Демак, ўша Куннинг қийноқ азобидан халос бўлишни истаган ҳар бир инсон бугунини Исломий эътиқод ва эзгу амал билан ўтказмоғи вожибдир!
15-16-17-18. Бас, Мен (кундузлари кўздан) ғойиб бўлгувчи, (кечалари ҳам) тез ўтиб (ўз «уя»лари — буржларига) яширингувчи (юлдуз)ларга ўз зулмати билан келиб-кетаётган кечага ва отаётган тонгга қасам ичурманки;
19-20-21. Шак-шубҳасиз, у (Қуръон) бир улуғ, қувватли, Аршнинг Соҳиби (бўлмиш Аллоҳ) наздида макон-мартабали, у жойда (яъни, осмонларда фаришталар томонидан) итоат этилгувчи, ишончли элчининг (яъни, Жаброил фариштанинг Аллоҳ таъоло томонидан келтирган) Сўзидир.
22. Ва сизларнинг соҳибингиз (Муҳаммад алайҳиссалом) мажнун эмасдир.
23. Дарҳақиқат, у (Жаброилни) очиқ уфқда кўрди.
24. У (Муҳаммад алайҳиссалом) ғайбга (яъни, ғайбдан келган ваҳийга) бахил ҳам эмасдир. (У Аллоҳ таъоло томонидан ўзига келадиган ваҳийларни бузмасдан, тўла-тўкис ҳолда сизларга етказур).
25. Ва у (Қуръон) қувилган-малъун шайтоннинг сўзи эмасдир.
26. Бас, сизлар (мана шу Қуръони Карим кўрсатган Ҳақ Йўлни инкор этиб) қаён кетмоқдасизлар?!
27-28. У (Қуръон) ҳеч шак-шубҳасиз, бутун оламлар учун — сизларнинг орангиздаги Тўғри Йўлда бўлмоқни хоҳлаган кишилар учун бир Эслатмадир.
29. Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина (Тўғри Йўлда бўлишни) хоҳларсизлар.

Орқага Олдинга