loader

089. Фажр сураси

Бу сура ҳам Макка сураларидан бўлиб ўттиз оятдан иборатдир.
Бу сурада сўз аввал узоқ ўтмишда ўтган ва Аллоҳ таъолонинг пайғамбарларини ёлғончи қилганлари сабабли ҳалокатга дучор бўлган баъзи бир қавмлар ҳақида, сўнгра Ҳақ таъоло бандаларини бойлик билан ҳам, камбағал-фақирлик билан ҳам имтиҳон қилиши хусусида ва сура ниҳоясида эса Қиёмат Куни рўй берадиган даҳшатли ҳодисалар ва дунёдаги ҳаётини иймону эътиқодда устивор бўлиб ўтказган жонлар у Кунда жаннат неъматларига эришишлари тўғрисида боради.
Сура ўзининг илк ояти билан "Вал-фажр — Тонгга қасамя", деб номлангандир.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. Тонгга қасам;
2. (Зул-ҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам;
3. Жуфт ва тоқ (ракаатли намозлар)га қасам;
4. Ўтиб бораётган кечага қасамки, (албатта кофирлар азобга гирифтор бўлурлар)!
5. Мана шу (қасам ичилган нарсаларда) ақл эгаси учун (етарли) қасам бордир?!
6-7-8. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингиз (бошқа) юртларда ўхшаши яратилмаган, баланд устун(ли қаср)лар эгаси бўлган Ирам (шаҳридаги) Од (қабиласи)ни қандай (ҳалокатга дучор) қилганини кўрмадингизми?
9. (Қуро) водийсида харсанг тошларни кесиб ўзларига уйлар солиб олган кимсалар бўлмиш Самуд (қабиласини қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)?
10. Қозиқлар (яъни, ерга қозиқдеқ қоқилган баланд эҳромлар ва қасрлар) эгаси бўлган Фиръавнни (қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)?
11-12. Улар юртларида ҳадларидан ошиб, у жойларда бузғунчиликни кўпайтириб юборган эдилар.
13. Бас, Парвардигорингиз уларнинг устига турли азоб-офатни ёғдирди!
14. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз (барча нарсани) Кузатиб тургувчидир.
Изоҳ: Юқоридаги оятларда куфру исёнлари сабабли ҳалокатга дучор бўлган қавм ва қабилалар зикри ўтгач, энди бахт-саодатни мол-дунё билан ўлчайдиган кофир кимсалар ҳақида хабар берилади.
15. Бас, энди инсон қачон Парвардигори уни имтиҳон қилиб, азиз қилиб қўйса ва унга неъмат ато этса дарҳол: "Парвардигорим (иззат-ҳурматга лойиқ бўлганим учун) мени азиз қилиб қўйган", дер.
16. Энди қачон (Парвардигори) уни имтиҳон қилиб, ризқини танг қилиб қўйса, дарҳол: "Парвардигорим мени хор қилди", дер.
17. Йўқ, (сизлар гумон қилганларингиздек, иззат-икром — бойлик билан, хор-зор қилиш - камбатллик билан бўлмас). Йўқ, сизлар етимни иззат-икром қилмассизлар!
Изоҳ: Аллоҳ таъоло бировни яхши кўргани учун бой қилиб, ёки бошқа бировни ёмон кўргани учун камбағал қилиб кўймайди. Умуман, агар Аллоҳ наздида мол-дунёнинг пашшанинг қанотича ҳурмати бўлганида, кофирга ундан бир чақа ҳам бермаган бўлур эди. Лекин Аллоҳ таъоло инсонларни шукр қиладиларми-йўқми синовдан ўтказиш учун ризқларини танг қилиб кўяди, Демак, инсоннинг бойлик билан суюниб, камбағаллик билан куйиниб кетиши нотўғридир.
Оятнинг давомида энди Макка кофирларига хитоб қилиниб, уларнинг ўта очкўз ва хасис кимсалар эканликлари, бировнинг ҳақидан ҳазар қилмасликлари ва ҳалол-ҳармнинг фарқига бормасликлари фош қилинади.
18. Мискин-бечорага таом беришга ҳам бир-бирларингни таргиб қилмассизлар!
19. Меросни эса (ўзларингизнинг улушингизга ўзгаларникини ҳам) қўшиб ейиш билан еяверурсизлар!
20. Яна мол-дунёни қаттиқ муҳаббат билан яхши кўрурсизлар!
21. Йўқ (бундай кирдикорларингиздан қайтингиз)! Қачон Ер (зилзилага тушиб, барча нарса) чил-парчин қилинганда;
22. Парвардигорингиз ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда;
23. (Кофирлар кўришлари учун) ўша Кунда жаҳаннамни ҳам (яқин) келтириб қўйилганда — ана ўша Кунда инсон (бу кўрганларидан) эслатма-ибрат олур! (Аммо у Кунда) бу эслатма-ибрат(нинг фойдаси) қаёқдан тегсин?!
24. У: "Эҳ кошки эди мен ҳаёт вақтимда (яхши амаллар) қилиб ўтган бўлсам"! деб қолур!
25. У Кундаги (Аллоҳнинг) азоби каби ҳеч ким азоблай олмас!
26. Ва У Зотнинг (кишан ва занжирлар билан) боғлаши каби ҳеч ким боғлай олмас!
27. (У Кунда ҳаёти дунёдан Аллоҳ таъолонинг ваъдасига ишониб иймон ва эзгу амаллар билан ўтган мўъминларга хитоб қилиниб, дейилур): "Эй (Аллоҳнинг зикри билан) хотиржам-сокин нафс;
28. Сен (Аллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ таъоло томонидан сенинг амалларингдан) рози бўлинган ҳолда Парвардигоринг (ҳузури)га қайт!
29. Бас, (солиҳ) бандаларим қаторига киргин;
30. Ва Менинг жаннатимга киргин!"

Орқага Олдинга