loader

091. Шамс сураси

Бу сура ҳам Маккада нозил бўлган. У ўн беш оятдир.
Бу сурада Аллоҳ таъоло Ўзи яратган бир қанча мавжудотга ва Ўз Зотига қасам билан жонини иймон билан пок тутган киши нажот топиши, уни куфр билан хор қилган кимса эса номурод бўлиши ҳақида хабар беради.
Сўнгра ана шундай ҳалокатга учраган қавмлардан Самуд қабиласи мисол қилиб келтирилади. Сура ўзининг илк ояти билан "Ваш-шамс — Қуёшга қасам", дқб номлангандир.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. Қуёш ва унинг ёғдусига қасам;
2. У (куёш)нинг ортидан келган ойга қасам;
3. У (қуёшни оламга) ошкор қилган кундузга қасам;
4. У (куёшни ўз зулмати билан) ўраб-яшираётган кечага қасам;
5. Осмонга ва уни бино қилган Зотга қасам;
6. Ерга ва уни ёйиб-текис қилиб қўйган Зотга қасам;
7-8. Жонга ва уни расо қилиб-яратиб, унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб-ўргатиб қўйган Зотга қасамки;
9. Дарҳақиқат, уни (яъни, ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди.
10. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди.
Изоҳ: Сахобалардан ибн Аббос томонидан (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом қачон юқоридаги оятларни тиловат қилсалар, бир тўхтаб Аллоҳ таъолога бундай дуо қилар эканлар: "Аллоҳим, Ўзинг нафсимга — жонимга тақво ато этгин, Ўзинг унинг Эгаси — Хожасисан ва Ўзинг уни энг яхши Поклагувчисан".
Энди қуйидаги оятларда Самуд қабиласининг кирдикорлари баён қилинади. Улар ўзларига юборилган пайғамбар — Солиҳ алайҳиссаломни ёлғончи қилишиб, у зотдан мўъжиза талаб қилганларида Солиҳ алайхиссалом Аллоҳ таъолонинг қудрати билан бир харсанг тошни тирик туяга айлантириб қўядилар ва Самуд қабиласининг одамларига у туяга бирон зиён-заҳмат етказмасдан, навбати келганда суғориб туришни буюрадилар ва акс ҳолда ҳалокатга учрашлари ҳақида огоҳлантирадилар. Лекин у кофирлар пайғамбарнинг устидан кулишиб, туяни сўйиб юборадилар ва барчалари ҳалок бўладилар. (Бу ҳодиса ҳақида аввалги сураларнинг изоҳларида ҳам айтиб ўтилган).
11. Самуд (қабиласи) ҳаддан ошганлари сабабли (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилишди.
12. Эсланг, уларнинг орасидаги энг бадбахт кимса (туяни сўйиш учун) қўзралганида;
13. Аллоҳнинг пайғамбари (Солиҳ алайҳиссалом) уларга: "Аллоҳнинг туяси(ни сўйиб юбориш)дан ва уни суғориш(га тўсиқ бўлиш)дан (сақланинглар)!" деди.
14. Бас, улар (пайғамбарни) ёлғончи қилишиб, у (туя)ни сўйиб юборган эдилар, Парвардигорлари уларнинг бу гуноҳлари сабабли устларига қирғин юбориб, уни (қирғинни барчаларига) баробар қилди.
15. (Зотан, Аллоҳ таъоло бу ишининг) оқибатидан қўрқмас!
Изоҳ: Яъни, Еру осмонлардаги барча мавжудот Аллоҳ таъолонинг Ўз мулки бўлгани сабабли У Зот Ўз мулкини Ўзи хоҳлагандек тасарруф қилади ва бу тасарруфи хусусида ҳеч кимнинг олдида ҳисоб-китоб бермайди. Аксинча, бутун борлиқ У Зотнинг ҳузурида ҳисоб-китоб беради.

Орқага Олдинга