loader

093. Зуҳо сураси

Маккада нозил қилинган бу сура ўн бир оятдан иборатдир.
У Пайғамбар алайҳиссалом шахсиятларига хос бир сура бўлиб, унда Аллоҳ таъоло Ўзининг сўнгги Пайғамбарига нисбатан бўлган меҳр-муҳаббати ва раҳм-шафқати ҳақида хабар беради. Сўнгра у кишига Илоҳий йўл-йўриқлар кўрсатилади.
Сура ўзининг илк ояти билан "Ваз-зуҳа — Чошгоҳ вақтига қасам" деб номланган.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. Чошгоҳ вақтига қасам;
2. (Ўз зулмати билан чор-атрофни) қоплаб-ўраб олган кечага қасамки;
3. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингиз Сизни тарк этгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқдир.
Изоҳ: Ушбу оятлар Пайғамбаримизга ваҳий келиши бир неча муддат тўхтаб қолган ва айрим мушриклар: "Мана Муҳаммадни Парвардигори ташлаб кетди", деб гап тарқатган вақтларида нозил бўлгандир. Аллоҳ таъоло Ўзи яратган чошгоҳ (ёруғлик) ва кеча (қоронғулик) хиқкига қасам билан Муҳаммад алайҳиссаломни тарк этмагани ва ёмон кўриб қолмагани ҳақида хабар бериш орқали гўё ойнинг (ваҳий келмай қолган) ўн беши қоронғу бўлган бўлса, қолган ўн беши ёруғ бўлишига ишора қилаётгандек.
4. Албатта Охират Сиз учун дунёдан яхшироқдир.
5. Яқинда Парвардигорингиз Сизга (шундай неъматлар) ато этурки, Сиз (у Илоҳий марҳаматлардан) рози бўлурсиз.
6. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Парвардигорингиз) Сизни етим ҳолда топгач, бошпана бермадими?
Изоҳ: Бу ўринда Пайғамбар алайҳиссалом ёш гўдаклик чоғлариди етим бўлиб қолганларида аввал боболари Абдулмутталиб, сўнгра амакилари Абу Толиб қарамоғларида тарбия топганларига ишора қилинмоқда.
7. У Зот Сизни гумроҳ-ғофил ҳолда топиб, (Ҳақ Йўлига) ҳидоят қилиб қўйди-ку!
8. У Зот Сизни камбғал ҳолда топиб, бой қилиб қўйди-ку!
9. Бас, энди Сиз ҳам етимга қаҳр қилманг!
10. Сўрагувчи — тиланчини эса (бирон нирса бермасдан) ҳайдаманг!
11. Ва Парвардигорингизнинг (Сизга ато этган пайғамбарлик ва бошқа барча) неъмати ҳақида (кишиларга доимо) сўзланг!
Изоҳ: Ушбу Илоҳий йўл-йўриқлар фақат Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларига тааллуқли бўлмай, балки у зотнинг барча умматларига ҳам алоқадордир. Зеро, ҳар бир иймон-эътиқодли кишининг бурчи ўзи фазлу марҳаматига муҳтож бўлган энг Олий Зот — Аллоҳ таъолонинг унга ато этган беҳисоб ноз-неъматларини эслаб, ўзига муҳтож бўлган етим-бечораларга зулм қилмай, аксинча уларга кўлидан келганича ёрдам бериб юрмоқдир.

Орқага Олдинга