loader

017. Исро сураси

Бир юз ўн бир оятдан иборат бўлган бу сура Маккада нозил қилинган. Бу сурада ҳам  бошқа Макка сураларида бўлгани каби эътиқод, Аллоҳ таъолонинг Якка-Ёлғизлиги, қайти тирилиш аниқ маълумотлиги борасида сўз кетса-да, ундаги энг асосий жиҳат Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг шахсиятлари ва у зотга Аллоҳ томонидан ато этилган мўъжизалар таътиф-тавсифидир. Бу сура Аллоҳ таъоло Ўзининг сўнгги Пайғамбарига кўрсатган «сайр» мўъжизаси ҳақида хабар бериш билан бошланади. Шу боисдан, суранинг номи «Ал-исро - Тунги сайр» деб аталгандир.
Бу сурада бани Исроил қавми хусусида ҳам сўз юритилиб, уларнинг туғёни ва исёнлари ҳамда Охират-оқибат топажак мусибатлари ҳақида хабар берилади. Шунинг учун айрим уламолар уни бани Исроил сураси деб атайдилар.
Бу сура мўъминларга ёлғиз Аллоҳ таъологагина ибодат қилишдан кейинги энг зарур амал ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг ҳузурида таъзим-тавозуъ билан туриш, буюрган ишларини қулоқ қоқмай бажариш эканини уқтиради. Яна бу сурада борлиқдаги жонли-жонсиз барча мавжудот ўз вужудлари, ўзаро боғланишлари ва бир тартиб-интизомга сўзсиз бўйсунишлари билан уларни яратган ҳам, бошқариб турган ҳам ёлғиз Аллоҳ таъоло эканига далолат қилиб туриши таъкидланади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. (Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад алайҳиссалом)ни - унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масдил-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) Пок Зотдир. Дарҳақиқат, У Эшитгувчи, Кўргувчи Зотдир.
Изоҳ: Бу - меърож, яъни Аллоҳ таъоло ҳузурига кўтарилиш қиссаси бўлиб, у пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилишларидан бир йил илгари воқе бўлгандир. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Бир кеча Масжид-ал-Ҳаромда эканман, баногоҳ ҳузуримга Жаброил Буроқ исмли отни етаклаб келди ва мени ўша отга миндириб самога олиб чиқиб кетди. Бир зумда Қуддус шаҳрига етиб келдик, бу ердаги Масжид-ал-Ақсода икки ракаат нафл намози ўқигач, яна Буроққа миниб Жаброил билан осмонга йўл олдик... Еттинчи осмонга етгач, Аллоҳ таъоло менга ва менинг умматимга кунда беш вақт намоз ўқишни фарз қилиб, деди: «Бу бир кеча-кундузда ўқиладиган беш вақт намознинг ҳар бирига ўн намоз савобини ато этурман! Демак, беш вақт намоз ўқиган кишига эллик вақт намоз савоби ёзилур. Шунингдек, бандаларимдан ким бир яхшилик қилишга азм этиб, уни адо эта олмаса, бир савоб, адо эта олса, ўн савоб ато қилурман. Энди кимки, бирон ёмон ишни - гуноҳни қасд қилса-ю, уни амалга оширмаса, у кишига гуноҳ ёзилмас, агар ўша ёмон ниятини амалга оширса, бир гуноҳ ёзилур», Парвардигоримдан ушбу вазифаларни олиб, заминга тушдим ва бир нафасда ўзимни Маккада кўрдим».
Ривоят қилишларича, пайғамбар алайҳиссалом меърожга чиқиб кетаётиб ҳужраларининг эшигини ёпганларида қимирлаб қолган эшик ҳалқаси осмондан қайтиб тушганларида ҳам силкиниб турган экан.

2. Биз Мусога китоб (Таврот) ато этдик ва у (Китоб)ни бани Исроил (қавми) учун ҳидоят қилиб (дедик): «Сизлар Мендан ўзгани вакил (яъни, барча ишлар ишониб топшириладиган зот) қилиб олманглар!

3. (Эй) Биз (ғарқ бўлишидан қутқариб) Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб (нажот берган) кишиларнинг зурриётлари, (сизлар ҳам Нуҳнинг йўлини тутинглар), зеро, у доимо шукр қилгувчи банда эди».

4. Шунингдек, Биз бани Исроилга у Китобда: «Сизлар албатта (Шом) заминида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга тушурсизлар», деб хабар бердик.

5. Бас, қачон у (бузғунчилик)лардан аввалгисининг вақти келганида, Биз сизларнинг устингизга (қилмишларингиз баробарида жазолаш учун) куч-қувват эгалари бўлган бандаларимизни юбордик. Улар (сизларни ҳалок қилиш, асир олиш учун) ховли-жойлар оралаб кездилар. (Бу ваъда) адо қилингувчи ваъда бўлди.
Изоҳ: Муфассирлар айтишларича, бани Исроил қавми ҳаромни ҳалол деб, ноҳақ қон тўкиб бузғунчилик йўлига кирганларида, Аллоҳ таъоло уларнинг устига Бобил ҳукмдорини ғолиб қилиб қўяди. У ўз лашкари билан келиб, бани Исроилдан етмиш минг нафарини қиличдан ўтказди. Уй-жойларини вайронага айлантиради. Бу Аллоҳ таъоло ваъда қилган жазо эди.

6. Сўнгра (тавба-тазарруъ қилиб ўзларингизни ўнглаганингиздан кейин) Биз сизларни қайтадан уларнинг (Бобил ҳукмдорининг) устига ғолиб қилдик ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад бериб, сон-саноқларингизни кўпайтирдик.

7. Агар (шундан кейин) чиройли амаллар қилсангизлар - ўзларингизга яхшилик қилгун бўлурсизлар. Агар ёмон - гуноҳ амаллар қилсангизлар ҳам ўзларингиз учундир. Бас, қачон кейинги (бузғунчиликнинг) вақти-соати келганида, (улар яна) юзларингизни қаро қилишлари, аввалги сафар кирганлари каби Масжид (ал-Ақсо)га кириб, (уни топташлари) учун ҳамда ўзлари эгаллаб олган (барча) ерларни вайрон этишлари учун (яна душманларингизни сизларнинг устингизга юборурмиз).
Изоҳ: Дарҳақиқат, бани Исроил қавми яна йўлдан озиб, ўзларига юборилган пайғамбарларни қатл этишгач, Аллоҳ таъоло уларнинг устига Форс мажусийларини ғолиб қилиб, улар бани Исроил қавмининг бошига бало ёғдирган, юртларини вайронага айлантирган экан.

8. (Агар тавба-тазарруъ қилиб ўзларингизни ўнгласангизлар), шояд Парвардигорларингиз сизларга раҳм қилса. Агар (яна бузғунчиликка) қайтсангизлар, Биз ҳам (сизларни ҳалок этишга) қайтурмиз. Биз кофирлар учун жаҳаннамни зиндон қилиб қўйганмиз.

9. Албатта бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қиладиган қиладиган мўъминларга катта ажр-мукофот борлигини(нг) хушхабар(ини) берур.

10. Шунингдек, охиратга ишонмайдиган кимсалар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганимизни(нг) ҳам («хушхабар»ини берур).

11. Инсон (Аллоҳ таъолодан) яхшилик сўраб дуои хайр қилгани каби (гоҳо сиқилган пайтларида) ёмонлик тилаб дуоибад ҳам қилур. Инсон (мана шундай) шошқалоқдир.

12. Биз кеча ва кундузни (Ўзимизнинг қудрати илоҳийямизни кўрсатиб турадиган) икки оят-аломат қилиб қўйдик Сўнг (сизлар тунда ором олишларингиз учун) кечанинг аломати (бўлмиш ой)ни «ўчириб» қўйдик (яъни, ой юзини доғ билан қоплаб, атрофга нур соча олмайдиган қилиб қўйдик), кундуз аломати (бўлмиш қуёш)ни эса сизлар Парвардигорингиздан фазлу марҳамат (яъни, ризқ-рўз) исташларингиз учун ёруғлик-нур сочувчи қилиб қўйдик. Токи сизлар йилларнинг саноғини ва ҳисоб-китобини билишларинигиз учун (кеча ва кундузни пайдар-пайғамбар келадиган қилиб қўйдик). Ва Биз барча нарсани (рўзи азалдаёқ) батафсил баён қилиб қўйдик (яъни, дунёдаги содир бўладиган бирон иш ёки воқеа-ҳодиса тасодифий бўлмай, балки ҳар бирининг воқеъ бўлиш жойи, вақти ва сабаблари батафсил баён қилиб қўйилгандир).
Изоҳ: Табарийнинг «Жомиъул-Баён» тафсирида айтилишича, бир киши ҳазрати Али (карамаллоҳу важҳаҳу)дан: «Ойнинг юзидаги доғ нима?» деб сўраганида, у зот: «Қуръондаги: «Кечанинг аломати (бўлмиш ой)ни «ўчириб қўйдик», деган оятни ўқимаганмисан?» деб жавоб қилган экан.

13. Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган ҳар бир амали икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур). Ва Биз қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб (кўрсатурмиз).

14. (Ва унга дейилур): «Китобингни (яъни, номаи аъмолингни) ўқи! (Ва қанча савобинг, қанча гуноҳинг бор эканининг ҳисобини қил)! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир».

15. Ким ҳидоят йўлига юрса, бас, ўзи учун юрар. Ким (ҳидоят) йўлидан озса, у ҳам ўз зиёнига озур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Биз то бирон пайғамбар юбормагунча (у орқали ўзимизнинг амру фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунларича, бирон кимсани) азоблагувчи эмасмиз.

16. Биз қачон бирон шаҳарни ҳалок қилишни истасак, унинг боёнларини (ўзимиз юборган пайғамбарларга итоат этишга) буюриб, улар итоатсизлик қилишгач, у шаҳар (аҳолиси) устига Сўз (азоб тушиши) вожиб-муқаррар бўлур. Бас, Биз уни вайронага айлантирурмиз.

17. Биз Нуҳ (қавмидан) кейин ҳам қанча асрларни (авлодларни) ҳалок қилдик. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингизнинг Ўзи бандаларининг гуноҳларидан етарли огоҳ, кўриб тургувчидир.

18. Ким нақд (дунё)ни кўзловчи бўлса, Биз (шу дунёда улардан) Ўзимиз истаган кимсалар учун Ўзимиз хоҳлаган нарсани нақд қилиб берурмиз. Сўнгра (яъни, охиратда) у мазаммат-маломатга ва қувғинга дучор бўлган ҳолда кирадиган жаҳаннамни унинг учун жой қилиб берурмиз.

19. Ким охиратни истаса ва мўъмин бўлган ҳолида (охиратга лойиқ) саъй-ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйлари (Аллоҳ наздида) мақбул бўлур.

20. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, бу дунёда одамларнинг) барчаларига - мана бу (мўъмин)ларга ҳам, анави (кофир)ларга ҳам Парвардигорингизнинг неъматидан ато этурмиз. Парвардигорингизнинг неъмати (ҳеч кимдан) манъ қилинмас.

21. (Бу дунёда) уларнинг бировларидан бировларини (ризқу мартабада) қандай устун қилганимизни кўринг! Шак-шубҳа йуқки, охират даражалари неча баробар улуғ ва афзалроқдир.

22. Сиз яна Аллоҳ билан бирга ўзга бирон илоҳ ҳам бор, деб мазамматлангувчи ва маҳрум бўлиб ўтирманг!

23. (Эй инсон), Парвардигоринг наздида, сизларга ёлғиз унинг ўзига ибодат қилишларинингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар у икковидан бири ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт!

24. Улар учун меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут - ҳокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)!
Изоҳ: Ушбу икки оятда ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабат хусусида сўз боради. Аввало, ислом барча мўъмин-мусулмон фарзандлар учун ота-онага яхшилик ёлғиз Аллоҳ таъолога ибодатдан кейинги иккинчи вазифа қилиб қўйяди. Бу таълимотга биноан, ота-она мўъминми, кофирми, яхшими, ёмонми, барибир фарзандлар уларга нисбатан ҳурмат сақлаши, сўзларини қайтармаслиги ва ҳақларига яхши дуолар қилиши вожибдир. Лекин мана шу ояти каримада зикр қилинган дуода жуда ҳам зарур бир нуқта борки, биз ундан ғофил бўлмаслигимиз лозим. Ота-оналик ҳуқуқини ва ҳурматини қозониш учун бола туғишнинг ўзи кифоя қилмай, балки уларга таълим-тарбия бериш ҳам муҳим шартлардан экан. Шунинг учун фарзанд ота-она ҳаққига дуо қилганида: «Ота-онам мени туққани учун уларга раҳм-шафқат қилгин», деб эмас, балки: «Улар мени чин инсон-мусулмон қилиб тарбиялаганлари учун уларга раҳм-шафқат қилгин», деб дуо қилиши буюрилди.

25. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз дилларингиздаги сирларингизни жуда яхши билгувчидир. Агар сизлар яхши бўлсангизлар (яъни, ота-оналарингизнинг ҳуқуқларини таниб, уларга меҳрибон бўлсангизлар, албатта Аллоҳ билмасдан қилган гуноҳларингизни мағфират қилур). Зеро, у тавба қилгувчиларни мағфират этгувчи бўлган зотдир.

26. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қавми-қариндошга, мискин ва йўловчиларга (хайру эҳсон қилиш билан) уларнинг ҳуқларини адо этинг ва исрофгарчиликка йўл қуйманг!

27. Чунки исроф қилгувчилар шайтонларнинг дўстлари бўлган кимсалардир. Шайтон эса Парвардигорга бутунлай кофир бўлгандир.

28. Агар сиз Парвардигорингиз томонидан бўладиган марҳаматдан умидвор ҳолингизда (ҳозир қўлингизда бўлмагани сабабли хайру эҳсон қилиш имконини топмай), улардан (яъни, қавм-қариндош, мискин ва йўловчиларга хайр-эҳсон қилишдан ҳозирча) юз ўгирадиган бўлсангиз, у ҳолда уларга юмшоқ сўз айтинг!

29. (Баҳиллик билан) қўлингизни бўйингизга боғлаб ҳам олманг! (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёзиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва ҳасратда қолурсиз.

30. Шубҳасиз, Парвардигорингиз ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Албатта, у бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб тургувчи бўлган зотдир.

31. (Эй инсонлар), болаларингизни йўқчиликдан қўрқиб ўлдирмангизлар - уларга ҳам, сизларга ҳам биз ўзимиз ризқ берурмиз. Уларни ўлдирмоқ, шак-шубҳасиз, катта хатодир.

32. Зинога яқинлаша кўрманглар! Чунки бу бузуқликдир - энг ёмон йўлдир.
Изоҳ: Эътибор берган бўлсангиз, Аллоҳ таъоло бу ўринда мўъмин-мусулмонларни бузуқликдан қайтарар экан, уларга: «Зино қилманглар» деб эмас, балки: «Зинога яқинлаша кўрманглар!» деб буюрди. Демак, Аллоҳдан қўрқадиган инсон зинога - фаҳшга олиб борадиган ҳар қандай ишлардан қаттиқ ҳазар қилиши лозим экан.

33. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни (яъни, қатл этишга мустаҳиқ бўлмаган жонни ноҳақ) ўлдирмангиз. Магар ҳақ (шаръий қонун) билангина ўлдиришларингиз мумкиндир. Кимки мазлум бўлган ҳолда (яъни, ноҳақ) ўлдирилса, биз унинг эгаси - вориси учун (қасос олишга) салтанат-ҳуқуқ бергандирмиз. Бас, у (қотилни) ўлдиришда ҳаддан ошмасин (яъни, қотилнинг ўрнига бошқа бировни ўлдирмасин, ё бир кишининг муқобилига икки кишини ўлдирмасин, ёки қотилни ўлдиришда унинг қулоқ-бурнини кесмасин)! Зеро, у (Аллоҳ томонидан қотилнинг устига) ғолиб қилинган зотдир.

34. Етимнинг молига то у балоғат ёшига етгунича яқинлашманглар, маган энг чиройли йўсинда (унга бирон зиён етказмасдан яқинлашинглар - тасарруф қилинлар)! Аҳдага вафо қилинглар! Зеро, аҳду паймон (қиёмат куни) масъул бўлинадиган ишдир.

35. (Ўрталарингиздаги олди-берди, савдо-сотиқдан бирон нарсани) ўлчаган вақтларингизда ўлчовни тўла-тўкис қилинглар ва тўғри тарозу билан тортинглар! Мана шу энг яхши ва энг чиройл ечим-ҳукмдир.

36. (Эй инсон), ўзнинг аниқ билмаган нарсага эргашма, чунки қулоқ, кўз, дил - буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ва ишонган ҳар бир нарсаси учун киши қиёмат кунида жавоб беради).

37. Ер юзида кибр-ҳаво билан юрмагин! Чунки сен (оёқларинг билан) ҳаргиз ерни тешиб (унинг тубига) кетолмайсан ва бўйи бастда тоғларга етолмайсан. (Бас, бу қадар ожиз экансан, нечун кибру ҳаво қилурсан?!)

38. Буларнинг (яъни, юқоридаги оятларда манъ этилган нарсаларнинг) барчаси Парвардигорингиз наздида макруҳ бўлган гуноҳлардир.

39. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бу (оятлар) Парвардигорингиз сизга ваҳий қилган ҳикматлардан (айримларидир). Сиз яна Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ ҳам бор, деб маломатланган ва (Аллоҳ раҳматидан) қувилган ҳолда жаҳаннамга ташланманг!

40. (Эй мушриклар), Парвардигорингиз сизларга ўғилларни танглаб бериб, Ўзига фаришталарни қиз қилиб олдими?! Дарҳақиқат, сизлар оғир сўзни - катта гуноҳни сўзламоқдасиз!
Изоҳ: Ушбу оят мушрик арабларнинг: «Фаришталар Тангрининг қизларидир», деган сўзларини инкор қилиб нозил бўлгандир.

41. Албатта, Биз бу Қуръонда улар эслатма (ибрат) олишлари учун (турли масал ва ҳикматларни) баён қилдик. (Лекин бу эслатмалар золим кимсаларни) янада (ҳақдан) қочирур - йироқлаштирур.

42. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Агар улар айтганларидек Аллоҳ  билан бирга (бошқа) илоҳлар ҳам бўлса эди, у ҳолда ўша (илоҳлар) Арш Соҳибига (яъни, Аллоҳга) қарши йўл излаган бўлур эдилар».

43. (Аллоҳ) улар айтган нарсадан пок ва ниҳоят даражада юксакдир.

44. Етти осмон, ер ва улардаги бор жонзот (Аллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса (Аллоҳга) ҳамду сано айтиш билан У Зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини - поклашларини англамассизлар. Дарҳақиқат, У Ҳалим ва Мағфиратли булган Зотдир.

45. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қачон сиз Қуръон қироат қилганингизда, биз сиз билан охиратга ишонмайдиган кимсалар ўртасида кўринмас парда тортиб қўюрмиз (бас, улар Қуръон маъноларини англай олмаслар).

46. Шунингдек, (Қуръонни) англай олмасинлар учун уларнинг дилларида тўсиқлар ва қулоқларида оғирлик-карлик пайдо қилурмиз. Қачон сиз Қуръонда ёлғиз Парвардигорингизни зикр қилсангиз, (мушриклар) орқаларига бурилиб қочурлар.

47. Биз уларнинг сизга (яъни, сизнинг қироатингизга) қулоқ тутаётган пайтларида нима сабабдан қулоқ тутаётганларини ва бу золим кимсалар ўзаро шивирлашиб (мўъминларга): «Аниқки, сизлар сеҳрланган - ақлдан озган кишига эргашмоқдасизлар», деяётганларини жуда яхши билурмиз.

48. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), улар сиз ҳақингизда (сеҳрланган, мажнун, шоир деб) қандай мисоллар келтирганларини, бас, йўлдан озиб (ҳақ) йўлни топа олмаётганларини кўринг!

49. Улар: «Суяк ва (чирик) мурдаларга айланиб кетгач, яна янгитдан яралиб қайта тирилурмизми?!» дедилар.

50-51. Айтинг: «Сизлар хоҳ тош ё темир бўлинглар ёки кўнгилларингизда (ҳаётлигини тасаввур қилиш) жуда қийин бўлган бошқа бирон махлуқ бўлинглар, (ҳар ҳолда Аллоҳ сизларни тирилтирур)». Ҳали улар: «Бизларни ким қайта тирилтира олур?» дейдилар. «Сизларни илк бор яратган Зот», деб айтинг! Ҳали улар Сизга бошларини ликиллатиб: «У (кун) қачон бўлур?» деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг!

52. «У Зот сизларни чорлайдиган Кунда унга ҳамду сано билан жавоб берурсизлар ва ўзларингизнинг (дунёда) жуда оз (муддат) турганларингизни ўйлаб қолурсизлар».

53. Бандаларимга айтингки, улар (ўзаро сўзлашганларида) энг гўзал сўзларни сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур. Дарҳақиқат, шайтон инсонга очиқ душмандир.

54. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз сизларни жуда яхши билур. Хоҳласа сизларга раҳм-шафқат қилур, хоҳласа сизларга азоб берур. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз сизни (одамлар) устига қўриқчи қилиб юборган эмасмиз (яъни, сизнинг вазифангиз фақат бизнинг амру фармонларимизни уларга етказмоқдир).

55. Парвардигорингиз осмонлар ва ердаги бор жонзотни жуда яхши билур. Ҳақиқатан, биз айрим пайғамбарларни айримларидан устун қилдик. Биз Довудга Забурни ато этдик.
Изоҳ: Бу оят баъзи мушриклар Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар эканларига иймон келтирмай, «Орамизда қанчадан-қанча олийнасаб зодагонлар турганида, мана шу етим, яланғоч Муҳаммад пайғамбар бўладими?» дейишганида нозил қилингандир. Аллоҳ таъоло унда нафақат Маккаликларни, балки еру осмонлардага барча жониворларни ҳам жуда яхши билишини, бинобарин, кимни пайғамбар қилиб сийлаш ҳам ўз ихтиёрида эканлигини баён қилади ва ўзи юборган пайғамбарларига турли мўъжизалар бериш билан айримларини айримларидан афзал қилиб қўйгани ҳақида хабар беради.

56. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушрикларга) айтинг: «(Аллоҳдан) ўзга (илоҳ), деб гумон қилган кимсаларингизни чорланглар! Улар сизлардан бирон зиённи арита олмаслар ва (уни сизлардан бошқаларга) буриб ҳам юбора олмаслар.

57. Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар. У зотнинг раҳмат, марҳаматидан умидвор бўлурлар. Азобидан қўрқурлар. Дарҳақиқат, Парвардигорингизнинг азоби қўрқинчлидир.
Изоҳ: Баъзи бир тоифалар фаришталарни, насронийлар Ийсо пайғамбарни, яҳудийлар эса Узайрни пайғамбарни илоҳ дейишиб, у зотларга сиғинадилар. Ушбу икки оят ўшалар хусусида бўлиб, уларга ўзлари сиғинаётган зотлар Аллоҳнинг ожиз бандалари экани баён қилингандир.

58. (Ер юзидаги) бор қишлоқ-шаҳарнинг (барчасини) биз қиёмат куни (келиши)дан илгари ҳалок қилгувчидирмиз ёки қаттиқ азоб билан азоблагувчидирмиз. Ушбу ҳукм китобда - (Лавҳул Маҳфузда) битилгандир.

59. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушриклар сиздан талаб қилган) оят-мўъжизаларни юборишдан бизни қайтарган нарса фақат аввалги умматлар у (мўъжизаларни кўргач, иймон келтириш ўрнига уларни) ёлғон деганларидир. Самуд қабиласига очиқ (мўъжиза бўлган) туяни ато этганимизда, унга зулм этдилар (ва оқибатда қирилиб кетдилар). Биз мўъжизаларни фақат (бандаларимизни ҳалокатдан) қутқариш учунгина юборурмиз.

60. Эсланг, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), биз сизга Парвардигорингиз (барча) одамларни ўраб-иҳота қилиб олгандир, деган эдик. Биз сизга меърож кечасида кўрсатган «туш»ни ва Қуръонда лаънатланган (заққум) дарахтини - у одамлар учун бир фитна-имтиҳон қилдик, холос. Биз (мушрикларни турли мўъжизалар билан) қўрқитурмиз. Аммо бу уларни бадтар туғёнга солур.
Изоҳ: Пайғамбар алайҳиссалом меърождан қайтганларидан сўнг эрталаб бу кеча ўзларининг Аллоҳ таъоло ҳузурига чиққанлари ва жаннатни ҳам, дўзахни ҳам ўз кўзлари билан кўрганларини айтиб, ўша дўзахнинг қоқ ўртасида Аллоҳнинг лаънатига учраб, жаҳаннамга тушган кимсалар учун «овқат» бўладиган «заққум» дарахти борлиги ҳақида хабар берганларида, Қурайш кофирлари «Сен жуда ажойиб туш кўрибсан-ку! Ахир ўт-олов у дарахтни куйдириб юбормайдими?», деб у зотни масхара қилиб кулишди. Шунда юқоридаги оят нозил бўлиб, унда Аллоҳ таъоло ўз пайғамбарига ўзининг барча бандалари аҳволида огоҳ зот эканини яна бир бор эслатиб, меърож ва унда кўрилган нарсалар хусусида «заққум» дарахти кишиларнинг ҳақиқий мўъмин ёки кофир эканлигини синаш учун бўлган бир имтиҳон-синов эканлигини таъкидлайди ва бундай қўрқитув-синовлар мўъминларнинг иймонини зиёда қилса, кофирларни бадтар туғёнга солиши ҳақида хабар беради.

61. Эсланг, биз фаришталарга: «Одамга сажда қилинг», дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат иблис (кибру ҳаво билан): «Сен лойдан яратган кимсага сажда қилурманми?», дейди.

62. У (яна шундай) деди: «Менга хабар бергин-чи, мана шу кимсани мендан улуғ-устун қилдингми? Қасамки, агар сен мени қиёмат кунигача (тирик) қолдирсанг, албатта мен унинг зурриётини қириб юборурман (яъни ҳақ йўлдан оздириб, ҳалокат йўлларига буриб юборурман). Магар озгиналаригина (ҳақ йўлда қолурлар»).

63. (Аллоҳ) айтди: «Бор, (сенга қиёматгача умр бердим). Бас, улардан ким сенга эргашса, у ҳолда шак-шубҳасиз жаҳаннам сизларга етарли жазо бўлур!

64. Улардан кучинг етган кимсани овозинг билан қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда (лашкарингни) торт. Топган мол-давлат ва бола-чақаларида уларга шерик бўл (яъни, уларни ҳаромдан мол-дунё ва бола-чақа орттиришга унда), уларга (ёлғон) ваъдалар қил. Дарҳақиқат, шайтон уларга фақат алдов-ёлғон нарсаларнигина ваъда қилур.

65. Менинг (иймон-эътиқодли) бандаларим устида эса сен учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик бўлмас. Парвардигорингнинг ўзи етарли вакил - сақловчидир»

66. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз унинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) изланглар деб сизлар учун денгизда кемаларни юргизиб қўйган зотдир. Дарҳақиқат, у сизларга меҳрибондир.

67. Денгизда сизларга бирон мусибат етганида, сизлар илтижо қиладиган бутлар ғойиб бўлур, фақат унинг ўзигина қолур (яъни, бало-мусибатлардан сизларни ёлғиз Аллоҳ қутқарур). Энди, қачонки, у зот сизларга ножот бериб, (қуруқликка чиқариб қўйгач) сизлар ундан юз ўгирурсиз. Дарҳақиқат инсон куфрони неъмат қилгувчидир.

68. Ёки (Аллоҳ) сизларни қуруқлик томонидан ҳам (ерга) юттириб юборишидан ёҳуд устингиздан тош ёғдиришидан, сўнгра ўзларингиз учун бирон вакил - сақловчи тополмай қолиш (ғами)дан хотиржаммисизлар?!

69. Ёки у зот сизларни яна қайтадан (денгизга) қайтариб, устингизга қаттиқ бўрон юборишидан, бас, кофир бўлганларингиз сабабли сизларни ғарқ қилишидан, сўнгра ўзларингиз учун биздан ўч олиб бергувчи бировни топа олмай қолиш (ғами)дан хотиржаммисизлар?!

70. Дарҳақиқат, биз одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда - қуруқлик ва денгизда (от улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик.

71. Биз ҳар бир одамни ўз номаи аъмоли билан чорлайдиган (қиёмат) кунини (эслангиз!) Бас, кимгаки ўз китоби - номаи аъмоли ўнг қўлидан берилса, ана ўша кишилар ўзларига қилчалик зулм қилинмаган ҳолда номаи аъмолларини ўқурлар (яъни, унда бу дунёда қилиб ўтган барча яхши амалларининг савоби битилган бўлур).

72. Кимки бу дунёда кўр-гумроҳ экан, бас, у охиратда ҳам кўр ва бутунлай йўлдан озгувчидир.

73. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушриклар) сизни бизнинг шаънимизга (ваҳийдан) ўзга нарсаларни тўқиб чиқарсиз деб, биз сизга ваҳий қилган оятлардан алдаб-буриб юборишларига оз қолди. У ҳолда (яъни, уларнинг йўриқларига юрсангиз), сизни дўст қилиб олган бўлур эдилар.

74. Агар биз сизни (ҳақ йўлда) собитқадам қилмаганимизда, сиз уларга бир қадар мойил бўлишингизга оз қолди.

75. У ҳолда албатта биз сизга дунё (азобини) ҳам, охират (азобини) ҳам икки ҳисса қилиб тоттирган бўлур эдик, сўнгра ўзингиз учун бизга қарши бирон мададкор топа олмаган бўлур эдингиз.
Изоҳ: Мушриклар пайғамбар алайҳиссаломга эргашишлари учун у киши ҳам ўзларининг баъзи шартларини қабул этишларини талаб қиладилар. Шунда Аллоҳ таъоло ўз пайғамбарини мушриклар фитнасидан огоҳ этиб, юқоридаги оятларни нозил қилди. Улуғ саҳобалардан ибн Аббос (розиаллоҳу анҳу) айтишларича, бу оятларга гарчи пайғамбар алайҳиссаломга хитоб қилинган бўлса-да, булар у кишининг умматлари учун ҳам танбеҳ бўлиб, Аллоҳ таъоло уларни кофирлар кўрсатган йўлларга эргашмасликка буюради. Акс ҳолда дунёю охиратда бахтсиз бўлиб қолишлари тўғрисида огоҳлантиради.

76. Улар сизни бу ердан (Маккадан) чиқариб юбориш учун (турли макр-ҳийлалар билан) тўзғотиб юборишларига оз қолди. У ҳолда уларнинг ўзлари ҳам сиздан кейин озгина (муддат) тура оладилар, холос. (Сўнгра албатта ҳалок қилинурлар).

77. (Ўз пайғамбарларини қувиб чиқарган қавмнинг ҳалок қилиниши) сиздан илгари юборган пайғамбарларимиздан қолган йўл-қонундир. Сиз ҳаргиз бизнинг қонунимиз ўзгарганини кўрмайсиз.

78. Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (тўкис адо қилинг)! Зеро, тонгги ўқиш (кеча ва кундуз фаришталари) ҳозир бўладиган намоздир.
Изоҳ: Барча муфассирлар ушбу оятни ҳар куни беш вақт намоз фарз эканига ҳужжат деб қабул қилганлар. Чунки қуёш оғиши билан «пешин» намози ўқилади. Кишининг сояси ўзига икки баробар бўлгач эса «аср» вақти киради. Кун ботиши билан «шом» бўлса, кеча қоронғуси тушиши билан «хуфтон» вақти кирган бўлади. Тун тугаб, тонг бошлангач, (хали қуёш чиқмасдан туриб) «тонгги ўқиш» - «бомдод» ўқиш фарз бўлади.

79. Кечанинг (бир қисмида) уйғониб, ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни ўқинг! Шоядки, Парвардигорингиз сизни (қиёмат кунида) мақтовли (яъни, гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирур.

80. Ва айтинг: «Парвардигорим, мени (қабримга) ҳаққирост (яъни, гуноҳлардан пок бўлган ҳолимда) дохил қилгин ва (қиёмат куни тирилтирганингда ҳам) ҳаққирост (ўнг томоним билан) чиқаргин ҳамда мен учун ўз даргоҳингдан бир мададкор қувват ато қилгин».

81. Яна айтинг: «Ҳақиқат (яъни, ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолгувчи нарсадир».

82. Биз мўъминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим-кофир кимсаларга фақат зиённи зиёда қилур.

83. Қачон биз инсонга (тинчлик, саломатлик, тўкинликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, четга бурилиб кетур. Қачон унга (ҳасталик, камбағаллик каби) бирон ёмонлик етса, ноумид бўлур.

84. Айтинг: «Ҳар ким ўз ҳолича амал қилур. Парвардигорингиз тўғри йўлдаги зотларни жуда яхши билур (ва ҳар кимга қилган иш-амалига мувофиқ жазо-мукофот берур).

85. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир». Сизларга жуда оз илм берилгандир.
Изоҳ: Ушбу оятда Аллоҳ таъолонинг хатто ўз пайғамбарларига ҳам маълум қилмаган ишлари борлиги баён этилиб, барча инсоният билиши мумкин бўлган билим-маърифат жуда оз нарса экани таъкидланади.

86. Қасамки, агар хоҳласак, биз сўзсиз сизга ваҳий қилган нарса - Қуръонни (сиздан) кеткизурмиз, сўнгра ўзингиз учун (яъни, биздан Қуръонни қайтариб олиш учун) бизга қарши бирон вакил-ҳомий топа олмассиз.

87. Илло, Парвардигорингизнинг марҳамати билангина (Қуръон неъмати қўлингизда, дилингизда боқийдир). Дарҳақиқат, у зотнинг сизга бўлган фазлу марҳамати каттадир.

88. Айтинг: «Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Қуръоннинг ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, агар бир-бирларига бу ишда ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар».

89. Аниқки, биз бу Қуръонда одамлар учун барча мисол-ибратлардан баён қилдик. Лекин одамларнинг кўплари фақат куфрнигина ихтиёр этдилар.

90. Ва дедилар: «Токи бизлар учун мана шу ерни ёриб, бир чашма (чиқариб бермасанг) биз сенга ҳаргиз иймон келтирмаймиз.

91. Ё сенинг ҳурмозор, узумзор боғинг бўлиб, унинг ўртасидан ёриб дарёлар (пайдо қилмасанг);

92. Ёки ўзинг даъво қилганингдек, осмонни устимизга парча-парча қилиб тушурмагунингча, ёки Аллоҳ ва фаришталарни олдимизга келтирмагунингча;

93. Ёки сенинг олтиндан бир уйинг бўлмагунича, ёҳуд ўзинг (кўз олдимизда) осмонга кўтарилмагунингча (ҳаргиз сенга иймон келтирмаймиз). Токи бизларга ўқийдиган бирон китоб туширмас экансан, бу (осмонга) кўтарилишингга ҳам ҳаргиз ишонмаймиз». Айтинг: «Эй пок Парвардигорим, мен фақат элчи-пайғамбар бўлган бир одам эдим-ку!»

94. Одамларга ҳидоят қилган пайтида, фақат: «Аллоҳ (фаришталарни эмас, балки) одамзотни пайғамбар қилиб юборибдими?!» деган сўзларигина уларни иймон келтиришларидан тўсди.

95. Айтинг: «Агар бу - ерда (одамлар эмас, балки) фаришталар маскан тутиб юрганларида эди, албатта, биз (яъни Аллоҳ) уларга осмондан фаришта пайғамбарни туширган бўлур эдик».

96. Айтинг: «Мен билан сизларнинг ўртамизда Аллоҳнинг ўзи етарли гувоҳдир. Албатта, у бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб тургувчи бўлган зотдир».

97. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топгувчидир. У зот кимни йўлдан оздирса, бас, сиз улар учун ундан ўзга дўст-мададкорларни топа олмассиз, биз уларни қиёмат кунида юзтубан ҳолларида кўр, соқов, кар қилиб тирилтирурмиз. Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир. Ҳар қачон (жаҳаннам ўти) сусайса, биз уларга оловни ловиллатиб юборурмиз.

98. Бу - бизнинг оятларимизга кофир бўлганлари ҳамда: «Суяк ва (чирик) мурдаларга айланган вақтимизда янгитдан яралиб қайта тирилурмизми?!» деганлари сабабли, уларга берилган жазодир.

99. Ахир улар (кофирлар) осмонлар ва ерни яратган зот - Аллоҳ уларнинг (яъни, инсонларнинг) ўхшашини ҳам қайта яратишга қодир эканини билмайдиларми?! (Аллоҳ) улар учун (яъни, ўлишлари ва қайта тирилишлари учун) аниқ бир муддатни белгилаб қўйгандир. Лекин золим кимсалар фақат куфргагина рози бўлурлар.

100. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, у мушрикларга) айтинг: «Агар сизлар Парвардигоримнинг раҳмат-ризқ хазиналарига эга бўлсангизлар, ўшанда ҳам (уни) ишлатишдан (тугатиб қўйишдан) қўрқиб, мумсиклик - баҳиллик қилган бўлур эдингизлар». (Чунки) инсон зоти хасис бўлур.

101. Аниқки, биз Мусога тўққиз очиқ оят-мўъжиза ато этдик. Сўнг у (Фиръавн ва унинг одамларининг олдига) келган пайтида, (унга): «Бани Исроилни (ўз юртлари - Шомга қўйиб юборилишини Фиръавндан) сўрагин», (деб амр этдик). Шунда Фиръавн унга: «Эй Мусо, ҳеч шубҳа йўқки, мен сени сеҳр-жодуга чалинган деб ўйламоқдаман», деди.

102. (Мусо) деди: «(Эй Фиръавн), сен анави очиқ-равшан (мўъжизаларни) фақат осмонлар ва ернинг Парвардигоригина ҳужжат қилиб нозил қилганини аниқ билурсан. Ҳеч шубҳа йўқки, эй Фиръавн, мен сени ҳалок қилингувчи, деб ўйламоқдаман».

103. Шунда, (Фиръавн Мусо ва унинг қавмини Миср) еридан қувиб чиқармоқчи бўлганида, биз уни (Фиръавнни) ва у билан бирга бўлган кимсаларнинг барчаларини (денгизга) ғарқ қилдик.

104. (Фиръавндан) сўнг бани Исроилга: «Мана шу ерни (Мисрни) маскан тутинглар! Энди қачон ваъда қилинган охират келганида, сизларнинг барчангизни (қайта тирилтириб) келтирурмиз», дедик.

105. Биз (Қуръонни) ҳаққирост нозил қилдик ва у ҳақ (ҳукм-фармонларимиз) билан нозил бўлди. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), биз сизни фақат (мўъминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи қилиб юбордик.

106. Сиз Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун биз уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик.

107. Айтинг: «(Эй мушриклар), сизлар (хоҳласангиз) унга ишонинглар, (хоҳласангиз) ишонманглар. Зотан, (Қуръон нозил бўлишидан) илгари илм (яъни, Таврот) берилган кишилар уларга (Қуръон) тиловат қилинган вақтида сажда қилган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар».

108. Ва улар: «Эй пок-Парвардигор! Албатта, Парвардигоримизнинг («Мен сўнгги пайғамбаримни юборурман ва унга Қуръон нозил қилурман», деган) ваъдаси адо қилигувчи ваъдадир», дедилар.

109. Улар йиғлаган ҳолларида, юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларнинг ҳокисорликларини зиёда қилур.
Изоҳ: Ушбу оятлар сажда оятлари бўлиб, уларни ўқиган ёки эшитган киши Аллоҳ учун бир марта сажда қилиши вожиб бўлади.

110. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Аллоҳ деб чорлангиз, ёки раҳмон - меҳрибон деб чорлангиз. Қандай чордласангизлар-да, жоиздир. Зеро, у зотнинг гўзал исмлари бордир». (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз намозингизни жуда жаҳрий (баланд овозда ошкора) ҳам қилиб юборманг, (токи, мушриклар эшитиб, Қуръонни ҳақорат қилмасинлар) ва уни ўта маҳфий ҳам қилиб юборманг (токи, саҳобаларингиз тинглаб фойдалансинлар)! Шуларнинг (яъни, жаҳрийлик билан маҳфийлик) ўртасидаги йўлни тутинг!

111. Ҳамду сано бола-чақа қилмаган, подшоҳлик, илоҳликда шериги йўк, хор-зорликдан (қутқаргувчи) дўсти-ёрдамчиси бўлмаган (яъни, ҳеч кимга хор-муҳтож бўлмайдиган) зот - Аллоҳ учундир» деб айтинг ва у зотни мудом улуғланг.

Орқага Олдинга