loader

024. Нур сураси

Бу сура Мадинада нозил бўлган. У олтмиш тўрт оятдир. Суранинг асосий мавзуси Исломий жамиятдаги ахлоқ-одоб қонун-қоидаларидир. Унда мусулмонларнинг бир-бирлари билан ўрнатишлари лозим бўлган муносабатларидан тортиб, Исломий оилаларнинг ичида барпо қилиниши зарур бўлган тоза иқлим ва покиза муҳит йўл-йўриқларигача батафсил баён қилинади.
Яна бу сурада жамиятни фисқу-фасоддан тоза тутиш, насл-насабларни аралашиб кетишидан сақлаш ва инсонларни ахлоқий тубанликдан асраш учун Аллоҳ таъоло фарз қилиб қўйган айрим жазо чоралари, жумладан зинокорликка қарши, тухматчиликка қарши Исломий жазо чоралари ҳам зикр қилинади. Ва бу билан Ислом назарида киши учун бировнинг молини ноҳақ олиш қандай ҳаром саналса, бировнинг ор-номусига тегиш ёки ноҳак, обрўсини тўкиш ҳам шундай ҳаром эканлиги уқтирилади.
Суранинг "Нур" деб номланишининг сабаби биринчидан ундан Аллоҳ еру осмонларнинг нури — асл ижодкори эканлиги хусусидаги гўзал ояти карималар ўрин олгани бўлса, иккинчидан бу сурада инсонлар бахтли, саодатли ҳаёт кечиришлари учун нур каби зарур бўлган Илоҳий аҳкомлар мавжудлигидир.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. (Ушбу сура) Биз нозил қилган ва (ундаги ҳукмларни мусулмонлар зиммасига) фарз қилган бир сурадир. Сизлар эслатма-ибрат олишингиз учун Биз унда очиқ-равшан оятларни нозил қилдик.

2. Зинокор аёл ва зинокор эркак — улардан ҳар бирини юз даррадан уринглар. Агар сизлар Аллоҳга ва Охират Кунига иймон келтиргувчи бўлсангизлар Аллоҳнинг (бу) ҳукмида (яъни, зинокорларни дарралашда) сизларни уларга нисбатан раҳм-шафқат (туйғулари) тутмасин! Уларнинг азобланишига бир тоифа мўъминлар гувоҳ бўлсинлар!
Изоҳ: Бу ҳукм бўйдоқ, яъни, оиласиз зинокорларнинг жазосидир. Агар оилали эркак ва хотинлар зинокорлик қилсалар, уларнинг жазолари тошбўрон қилиб ўлдирилмоқдир.

3. Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик уйланур. Ва бу (яъни, зинокор аёлларга уйланиш) мўъминларга ҳаром қилингандир.

4. Покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсалар(ни) — уларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон улар томонидан бирон гувоҳликни қабул қилманглар! Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир.
Изоҳ: Маълумки, жамият интизомини издан чиқарадиган нарсалардан бири турли миш-мишлар тарқатишдир. Шунинг учун Ислом динида бировлар ортидан миш-миш тарқатиш, бировни бузуқликда айблаб тош отиш фосиқлик деб аталиб, қаттиқ кораланади ва бундай кимсаларга мазкур оятдаги жазо берилади ҳамда уларни гувоҳликлари ўтмайдиган ёлғончилар деб эълон қилинади. Шу ўринда бир савол туғилиши табиий: Бир одам ёлғиз ўзи ёки тўртта эмас, масалан учта гувоҳ билан бирга бировнинг зино қилаётгани устидан чиқиб қолса ва бу воқеа — жиноятдан ўзгаларни огоҳ қилиб қўйса бунинг нимаси ёмон, нега у жазоланиши керак? Муфассирлар бу саволга шундай жавоб берадилар: Биринчидан, у ўзи гувоҳ бўлган нопок манзарани кўтариб келиб бир тоза мажлисни ҳам ифлос қилмаслиги яхшироқдир. Иккинчидан, агар ўша зинокор эркак ё аёл жиноятлари очилмай қолгани сабабли бандалар берадиган жазодан қутулиб қолсалар ҳам, ҳеч шак-шубҳа йўқки, улар ҳар ерда Ҳозиру Нозир — Аллоҳ таъоло берадиган жазодан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайдилар.

5. Магар шу (қилмишларидан) сўнг тавба қилиб, (ўзларини) тузатган кишиларгина (фосиқ эмасдирлар). Зеро, Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.

6. Ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаган ҳолида ўз хотинларини (бузуқ деб) бадном қиладиган кимсалар — уларнинг ҳар бири ўзини шак-шубҳасиз, ростгўйлардан, деб Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши (вожибдир).

7. (У эрнинг) бешинчи (гувоҳлиги эса) агар ёлғончилардан бўлса устига Аллоҳнинг лаънати (тушишини сўрамоқлигидир).
Изоҳ: Биронта гувоҳсиз ўз хотинини бузуққа чиқарган эр бу даъвосининг рост эканлигига Аллоҳ номига тўрт марта қасам ичиши гўё унинг учун тўртта гувоҳнинг ўрнига ўтади ва бешинчисида агар хотинига туҳмат қилган бўлса, Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлишини айтади. Мана шу қасамлари билан у саксон даррадан қутулади ва навбат бадном қилинган хотинга келади. Энди у зинокорлик жинояти учун белгиланган жазога дучор бўлмислиги учун куйидаги икки оятда зикр қилинган қасамни ичиши лозим, акс ҳолда зинокор деб топилиб жазоланади.

8. Ундан (яъни, аёлдан) азоб-жазони: "У (яъни, эри) шак-шубҳасиз, ёлғончилардан", деб Аллоҳ, номига тўрт марта гувоҳлик бериши дафъ қилур.

9. (У аёлнинг) бешинчи (гувоҳиги эса) агар (эри) ростгўйлардан бўлса, ўзининг устига Аллоҳнинг ғазаби (тушишини сўрамоқлигидир).

10. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаса ва Аллоҳ тавбаларни Қабул қилгувчи, ҳикмат Соҳиби бўлмаса эди (албатта ё эр, ё хотин шарманда қилинган бўлур эди).

11. Шак-шубҳасиз, бу бўхтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир. Уни сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламанглар, балки у сизлар учун яхшиликдир. Улардан (яъни, бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи касб қилган гуноҳ(га яраша жазо) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса учун улуғ азоб бордир.
Изоҳ: Ушбу оятда мазкур бўлган «бўҳтон»нинг тарихи бундайдир: Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалари билан бирга бир зотдан қайтар эканлар, Мадинага яқинлашиб қолганларида қоронғу кечада аскарларга бир оз ором олиш учун рухсат берадилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга ғазотга чиққан жуфти ҳалоллари Оиша — (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ҳожат учун чиқиб аскарлардан анча узоққа кетиб қолади ва қайтиб келганида карвон жилиб кетганини кўради. Шу пийт одатда карвон ортидан қолган нарсаларни йиғиб юриш учун тайинланган бир саҳоба келиб қолиб Оишани кўриб танийди ва уни туяга миндириб ўзи яёв ҳолда карвоннинг ортидан етказиб боради. Буни кўрган айрим мунофиқ кимсалар Оишани бадном қилишиб турли миш-мишлар тарқатадилар. Бу миш-мишларни эшитган Пайғамбар алайҳиссалом ҳам, Оиша ҳам, Абу Бакр Сиддиқ ҳам ва бошқа мусулмоилар ҳам ниҳоятда изтиробда қоладилар. Орадан тўла бир ой вақт ўтгандан сўнггина Пайғамбар алайҳиссаломга юқорида мазкур бўлган ва қуйида зикр қилинадиган оятлар нозил бўлиб, Оишанинг поклиги аниқланади ва бу миш-миш бўҳтон эканлиги ошкор бўлади ҳамда бўҳтончиларнинг ҳар бири учун қилган гуноҳига яраша жазо берилиши, уларнинг каттаси бўлган мунофиқ учун эса Охиратда улуғ азоб борлиги ҳақида хабар берилади. Аллоҳ, таъоло бу можарони мўъминлар учун ёмонлик эмас, балки яхшилик — Оишанинг Каломуллоҳ гувоҳлигида оқланиши деб атайди.

12. (Эй мўъминлар), сизлар (бу бўҳтонни) эшитган пайтингизда мўъмин ва мўъминалар бир-бирлари ҳақида яхшиликни ўйлаб: "Бу очиқ бўҳтон-ку!", десалар бўлмасмиди?!

13. Улар (яъни, Оишани бадном қилмоқчи бўлганлар ўз даъволарига) тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Бас, агар гувоҳ келтира олмасалар, у ҳолда Аллоҳ, наздида улар ёлғончидирлар.

14. Агар сизларга дунё ва Охиратда Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаса эди, албатта сизларни тинмай сўзлаган нарса — бўҳтонларингиз сабабли улуғ азоб ушлаган бўлур эди.

15. Ўшанда сизлар уни тилдан тилга олиб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўйлар ва буни енгил иш деб ўйлар эдингизлар. Ҳолбуки, у Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир).

16. Уни эшитган пайтингизда: "Бу (миш-мишни) сўзлаш биз учун жоиз эмасдир. Эй Пок Парвардигор, бу улуғ бўҳтон-ку!", десангизлар бўлмасмиди?!

17. Агар мўъмин бўлсангизлар ҳаргиз унга ўхшаган нарсаларга қайтмасликларингизни Аллоҳ сизларга панд-насиҳат қилур.

18. Ва Аллоҳ сизларга Ўз оятларини баён қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат Соҳибидир.

19. Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, Охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз.

20. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу марҳамати ва Аллоҳнинг Меҳрибон ва Раҳмли экани бўлмаса эди (албатта У Зот сизларга бу қилмишларингиз учун азобни нақд қилган бўлур эди).

21. Эй мўъминлар, шайтониинг изидан эргашманглар! Ким шайтоннинг изидан эргашса бас, албатта (шайтон) бузуқлик ва ёмонликка буюрур. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаса эди, ҳеч қачон сизлардан бирон киши (бирон гуноҳдан) пок бўлмас эди. Лекин Аллоҳ (фазлу марҳамати билан) Ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир.

22. Сизлардан фазл ва кенг-катта (мол-давлат) эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ Йўлида инфоқ-эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки (уларни) афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми?! Аллоҳ, Марфиратли, Мехрибондир.
Изоҳ: Бу оят Абу Бакр Сиддиқ (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ҳақидадир. У киши қизи Оиша ҳақида миш-миш тарқатганлар орасида бўлгани учун ўзининг қариндошларидан бирига ёрдам бермасликка қасам ичган эди. Юқоридаги оят нозил бўлганидан сўнг дарҳол қасамини бузиб унга инфоқ-эҳсон қилган экан ҳамда қасамни бузганлик каффорат-тўловини ҳам тўлаган экан.

23. Албатта покиза, (бузуқ ниятлардан) бехабар, мўъмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, Охиратда ҳам лаънатга дучор бўлдилар. Улар учун улуғ азоб бордир.

24. У Кунда — Қиёматда қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл ва оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур.

25. Ўша Кунда Аллоҳ уларнинг хақиқий жазоларини комил қилиб берур ва улар Аллоҳнинг очиқ-равшан Ҳақиқат эканини билурлар.

26. Нопок аёллар нопок эрлар учундир (яъни, лойиқдир), нопок эрлар нопок аёллар учундир. Покиза аёллар покиза эрлар учундир, покиза эрлар покиза аёллар учундир. Ана ўша (покиза эрлар ва покиза аёллар) уларнинг (яъни, нопок эрлар ва нопок аёлларнинг) айтаётган бўҳтонларидан покдирлар. Улар учун мағфират ва улуғ ризқ (яъни, жаннат неъматлари) бордир.

27. Эй мўъминлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизгача кирмангиз. Мана шу сизлар учун яхшироқдир. Шояд эслатма-ибрат олсангизлар.

28. Энди агар у (уй)ларда хеч кимни топмасангизлар, у ҳолда то сизларга изн берилмагунча уларга кирмангиз! Агар сизларга "қайтинглар", дейилса (яъни, киришга изн берилмаса) қайтиб кетинглар! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир). Аллоҳ қилаётган амалларингизни Билгувчидир.

29. (Биров учун) маскан бўлмаган (меҳмонхона, карвонсарой каби) сизлар фойдаланадиган уйларга (изн сўрамасдан) киришларингизда сизларга гуноҳ йўқдир. Аллоҳ ошкор қилаётган нарсангизни ҳам, яшираётган нарсангизни ҳам билур.

30. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), мўъминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Аллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан Хабардордир.

31. Мўъминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни, устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар! Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўзлари (каби) аёлларга ё қўл остиларидаги чўриларга ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни, жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркак хизматкор-қулларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина (ўз зеб-зийнатларини кўрсатишлари жоиздир). Яна яширган зеб-зийнатлари билинсин учун оёқларини (ерга) урмасинлар! Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўъминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар.

32. Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизнинг яхшиларини уйлаб қўиинглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-беҳожат қилур. Аллоҳ (фазлу-карами) Кенг, Билгувчидир.

33. Никоҳ (учун лозим бўлган мол-давлатни) топа олмаган кишилар то Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-бадавлат қилгунича ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар!! (Эй мўъминлар), қўл остингиздаги қуллардан битим тузишни истайдиган кишилар бўлса, у ҳолда агар сизлар уларда яхшиликни (яъни, диёнат, иймонни) билсангизлар, улар билан битим тузинглар ва уларга Аллоҳнинг сизларга ато этган молидан ато этинглар!
Покликни истаган чўриларингизни ҳаёти дунё нарсаларини истаб зинокорлик қилишга мажбурламанглар. Энди ким уларни мажбур этса, бас, албатта Аллоҳ мажбурлаганларидан сўнг (у чўриларни) Мағфират қилгувчи ва (уларга) Раҳм-Шафқат қилгувчидир.
Изоҳ: Маълумки, Ислом дини келган вақтида қулдорлик даври эди. Бинобарин, мусулмонлар орасида ҳам хожалар ва қул-чўрилар бўлиши табиий хол эди. Лекин Ислом мусулмонлирга қулларни озод қилишнинг бир қанча йўл-йўриқларини кўрсатган. Шулардаш бири мукотаба — битим тузишдир. Унда озод бўлишни истаган қул ўз хожаси билан муайян миқдордаги пулни топиб бериб озод бўлиш ҳақида битим тузади. Мана шу битим тузилган соатидан бошлаб у қулнинг бўйни қулликда бўлса-ди, қўли озод бўлади, яъни, келишилган миқдордаги пулни топиш учун хожасининг уйидан ташқарига чиқиб ишлаб юравериши жоиз бўлади. Қолаверса, юқорида зикр қилинганидек, Аллоҳ таъоло хожаларга Ўзи уларга ато этган мол-дунёдан бериб, битим тузган қулларининг озод бўлишларига ёрдам қилишни буюради...
Бу оятнинг иккинчи қисми Абдуллоҳ ибн Салул деган мунофиқ ҳақида нозил бўлгандир. У пул-мол топиш учун ўзининг икки чўрисини зинокорлик қилишга мажбурлайди. Улар пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига у мунофиқнинг устдан шикоят қилиб келганларида Аллоҳ таъоло Ўз Пайғамбарига юқоридаги сўзларни нозил қилади.

34. (Эй мўминлар), дарақиқат, Биз сизларга очиқ-равшан оятларни, сизлардан илгари ўтган зотлар тўғрисидаги мисолларни ва тақводор кишилар учун панд-нисиҳатни нозил қилдик.

35. Аллоҳ осмонлар ва ернинг Нуридир (яъни, уларнинг барчасини ёритиб, кўзга кўрсатиб — йўқдан бор қилиб тургувчидир). У Зот нурининг (мўъмин банда қалбидаги) мисоли худди бир токча, унинг устида бир чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дур юлдузга ўхшайди. У (чироқ) на Шарқий ва на Ғарбий бўлмаган (балки заминнинг қоқ марказидаги) муборак зайтун дарахтининг (мойидан) ёқилур. Унинг мойи (тиниқ, мусаффолигидан) гарчи унга олов тегмаса-да (атрофни) ёритиб юборгудек. (Олов теккач эса) нур устига нур (бўлур). Аллоҳ Ўзининг (бу) Нурига Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Аллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисоллар келтирур. Аллоҳ барча нарсани Билгувчидир.

36-37. (У чироқ) бир уйларда (яъни, масжидларда ёқилурки), Аллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишига ва уларда ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни, амр қилган) эди. У (масжидларда) эрта-ю кеч У Зотни поклайдиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас. Улар диллар ва кўзлар (нажот топишга умидворлик ва ҳалокатдан қўрқув ўртасида) изтиробга тушиб қоладиган (Қиёмат) Кунидан қўрқурлар.

38. Улар Аллоҳ ўзларини қилган амалларининг энг гўзаллари сабабли мукофотлаши ва яна уларга Ўз фазлу карами билан зиёда (савоблар ато) қилиши учун (эрта-ю кеч Аллоҳни поклаб ибодат қилурлар). Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур.

39. Кофир бўлган кимсаларнинг қилган амаллари эса саҳродаги саробга ўхшайди. Ташна одам уни сув деб ўйлар, то қачон унинг олдига келгач, ҳеч нарса эмаслигини кўрур ва Аллоҳни унинг (яъни, қилган амалининг) олдида топур. Бас, У Зот унинг хисоб-китобини комил қилур. Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчидир.

40. Ёки (кофирларнинг қилган амаллари) тўлқин устига тўлқин, яна унинг устидан (қора) булут қоплаб олган денгиздаги зулматларга ўхшайди. (Улар) устма-уст зулматлардир. У ўз қўлини чиқариб (қараса, қоронғуликнинг куюқлигидан) уни кўришга яқин бўлмас. Кимга Аллоҳ нур (иймон) бермаса, бас, унинг учун (ҳеч қандай) нур бўлмас.

41. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳга осмонлар ва Ердаги бор жонзот ҳам, (самода) саф тортган қушлар ҳам тасбеҳ айтиб — поклашини кўрмадингизми? Аниқки, (Аллоҳ) барчанинг дуо-ю тасбеҳини билиб турур. Аллоҳ, уларнинг қилаётган (барча) ишларини Билгувчидир.

42. Осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир. Ёлғиз Аллоҳга қайтиш бордир.

43. Аллоҳ булутларни ҳайдашини, сўнгра уларни бирлаштиришини, сўнгра уларни устма-уст қилишини кўрмадингизми? Сўнг (булут) орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсиз. (Аллоҳ) осмондан — ундаги (булутлар) тоғидан дўл ёғдириб унинг (зиёнини) Ўзи хоҳлаган кишиларга етказур ва Ўзи хоҳлаган кишилардан нари кетказур. Унинг чақмоғининг ёруғлиги (қараган) кўзларни кетказгудек бўлур.

44. Аллоҳ кеча ва кундузни айлантириб турур. Албатта бунда дил эгалари учун ибрат бордир.

45. Аллоҳ барча жониворни сувдан яратди. Улардан қорни билан (судралиб) юрадиганлари ҳам бор, икки оёқда юрадиганлари ҳам бор, тўрт (оёқда) юрадиганлари ҳам бордир. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта Аллоҳ, барча нарсага Қодирдир.

46. Дарҳақиқат, Биз очиқ-равшан оятларни нозил қилдик. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилур.

47. Улар (яъни, мунофиқлар): "Аллоҳга ва Пайғамбарга иймон келтирдик ва бўйсундик", дейдилар-у, шундан кейин улардан бўлган бир гуруҳ юз ўгириб кетур. Улар мўъмин эмасдирлар.

48. Қачон улар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорлансалар баногоҳ улардан бир гуруҳи (Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурига келишдан) юз ўгиргувчидир.

49. Агар ҳақиқат улар (тараф)да бўлса (Пайғамбар алайҳиссалом олдиларига) бўйин эгиб келурлар.

50. Уларнинг дилларида мараз борми ёки (Муҳаммад алайҳиссаломнинг Ҳак, Пайғамбар эканлигидан) шубҳаландиларми ёҳуд Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ўзларига зулм қилишидан қўрқарларми?! Йўқ, уларнинг ўзлари золимлардир.

51. Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чоғланган вақтларида мўъминларнинг сўзи "эшитдик ва бўйсундик", демоқдир. Ана ўшаларгина нажот топгувчилардир.

52. Ким Аллоҳ ва Унинг Пағрамбарига бўйсунса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, бас, ана ўшаларгина (бахт-саодатга) эришгувчилардир.

53. (Мунофиқлар) агар Сиз амр этсангиз албатта (жиҳодга) чиқишлари хақида жон-жаҳдлари билан Аллоҳга қасам ичдилар. Айтинг: "Қасам ичманглар! (Жиҳод)" маълум ибодатдир (яъни, бу ҳақда қасам ичишга ҳожат йўқдир). Албатта Аллоҳ, қилаётган амалларингиздан Хабардордир.

54. Айтинг: "Аллоҳга бўйсунингиз ва Пайғамбарга бўйсунингиз! Энди агар юз ўгирсангизлар бас, (Пайғамбар алайҳиссалом) зиммасида ўзига юкланган нарса (яъни, одамларга Аллоҳнинг Динини етказиш) бордир, сизларнинг зиммангизда эса ўзларингизга юкланган нарса (Пайғамбар алайҳиссаломга бўйсуниш) бордир. Агар унга бўйсунсангиз ҳидоят топурсизлар. Пайғамбар зиммасида (сизларни зўрлаб динга киргизиш эмас, балки) фақат (сизларга Ҳақ Динни) очиқ-равшан етказиш бордир.

55. Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (Ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек уларни ҳам Ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) Динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини Маккада кўрган) хавфу-хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас, улар итоатсиз кимсалардир.
Изоҳ: Бу оятда биз икки нуктага эътибор қилишимиз лозим, биринчиси, Аллоҳ, таъоло сизларни ер юзига Мен халифа қиламан, сизлар ўзингиз халифалик қура олмайсизлар, деб, ер юзига халифа - ҳукмрон қилиш Ёлғиз Ўзининг қўлида эканлиги ҳақида огоҳлантиради. Иккинчидан, сизлар иймон келтирсангиз ва яхши амаллар қилсангизгина Мен сизларни ерда халифа-ҳукмрон қиламан, деб ваъда беради.

56. (Эй мўъминлар), намозни тўкис адо этинглар, закотни ато этинглар ва Пайғамбарга бўйсунинглар. Шояд раҳматга эришсангизлар.

57. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз ҳаргиз кофир бўлган кимсаларни ер юзида (бирон жойга) қочиб қутулгувчи деб ўйламанг! Уларнинг борар жойлари дўзахдир. Нақадар ёмон оқибатдир у!

58. Эй мўъминлар, қўл остингиздаги (қул ва чўриларингиз) ҳамда ўзларингизнинг балоғатга етмаган (болаларингиз) уч вақтда (ҳузурингизга кириш учун) сизлардан изн сўрасинлар — бомдод намозидан илгари, пешин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни ташлаган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин. (Бу) уч вақт сизларнинг авратларингиз (очиқ бўлиши мумкин бўлган вақтлардир). Улар ўша (вақтлардан) сўнг (изн сўрамай киришларида) сизларга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўкдир. (Чунки) улар сизларга, бирингиз бирингизга келиб-кетиб тургувчидирсизлар. Аллоҳ оятларни сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир.

59. Қачон гўдакларингиз балоғатга етсалар, бас, улар ҳам (сизларнинг олдингизга кирмоқчи бўлишган хар қандай вақтда) худди улардан илгари (балоғатга етганлар) каби изн сўрасинлар! Аллоҳ Ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир.

60. Хотинлардан ўтириб - кексайиб қолган, эрга тегишни ўйламайдиганлари бирон зеб-зийнат билан ясанмаган ҳолларида кийимларини (яъни, рўмол, ёпинчиқларини) олиб қўйишларида уларга гуноҳ йўқдир. Ўзларини пок (яъни, рўмол, ёпинчиқ) тутишлари ўзлари учун яхширокдир. Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир.

61. (Жиҳодга чиқмай қолишларида) кўзи ожиз кишига ҳараж-танглик йўқдир, чўлоққа ҳараж йўқдир, хастага ҳараж йўқдир (яъни, улар жиҳодга чиқмаганлари учун айбланмаслар). (Эй мўъминлар), сизлар ўз уйларингиздан ё оталарингизнинг уйларидан ё оналарингизнинг уйларидан ё оға-иниларингизнинг уйларидан ё опа-сингилларингизнинг уйларидан ё амакиларингизнинг уйларидан ё аммаларингизнинг уйларидан ё тоғаларингизнинг уйларидан ё холаларингизнинг уйларидан ё сизлар калитларига эга бўлган уйлардан ё дўстингизнинг уйидан (изн сўрамасдан) таомланишингизда сизларга (гуноҳ йўқдир). Тўпланган ё бўлинган ҳолларингизда таомланишингизда сизларга гуноҳ йўқдир. Бас, қачон уйларга кирсангизлар бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак покиза саломни айтинглар (яъни, "Ассалому алайкум", денглар). Сизлар ақл юргизишларингиз учун Аллоҳ Ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур.

62. Албатта мўъминлар Аллоҳга ва унинг Пайғамбарига иймон келтирган зотлардир. Улар (Пайғамбар алайҳиссалом) билан бирон муҳим иш устида бўлган вақтларида то ундан изн сўрамагунларича кетмаслар. Сиздан изн сўрайдиган зотлар — ана ўшалар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига иймон келтирадиган зотлардир. Энди қачон улар Сиздан баъзи бир ишлари учун изн сўрасалар, бас, улардан ўзингиз хоҳлаган кишиларга изн беринг ва Аллоҳдан уларни мағфират қилишини сўранг. Албатта Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.

63. (Эй мўъминлар), Пайғамбарни чақиришни ўрталарингизда бир-бирларингизни чақириш каби қилмангизлар (яъни, у зотни ҳурмат-эҳтиром билан "эй Аллоҳнинг Пайғамбари", деб чақиринглар). Сизлардан беркинган ҳолларида (Пайғамбар ҳузуридан) суғурилиб чиқиб кетадиган кимсаларни Аллоҳ яхши билур. (Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!

64. Огоҳ бўлингизким, осмонлар ва ердаги бор нарсалар шак-шубҳасиз, Аллоҳникидир. У Зот сизлар устида турган нарсани (яъни, мўъмин ё мунофиқлигингизни) ҳам, (барча бандалар) ўзига қайтариладиган (Қиёмат) Кунини ҳам яхши билур, бас, уларга (ўша Кунда) қилиб ўтган амалларининг хабарини берур. Аллоҳ барча нарсани Билгувчидир.

Орқага Олдинга