loader

043. Зухруф сураси

Маккада нозил қилинган бу сура саксон тўққиз оятдан ташкил топган. У Қуръони Каримни тарифлаш билан бошланиб, сўнгра Аллоҳ таъоло Ўз бандаларига ато этган неъматлардан айримлари санаб ўтилади.
Бу сурада ўзлари барча нарсани Аллоҳ яратганига иқрор бўлиб туриб, яна Яратганга ўзгаларни «шерик» қиладиган ва хусусан «Унинг боласи бор» дейдиган мушрикларнинг даъволари аниқ-равшан ҳужжатлар билан кескин рад этилади.
Бу сурада ҳам Муҳаммад алайҳиссаломнинг салафларидан ҳазрати Иброҳим ва Мусо пайғамбарларнинг даъватлари ва чеккан азиятларидан айрим лавҳалар тасвирланади. Суранинг «Зухруф—Зеб-зийнат» деб номланишига сабаб, унда бу дунё олтин-кумуш ва зеб-зийнатлари Аллоҳ таъоло наздида қандай мартабада эканлиги батафсил баён қилинади. Сура Пайғамбар алайҳиссаломни мушриклардан юз ўгиришга буюриб, уларнинг яқинда қилмишларига яраша жазо олишлари аниқ эканлиги ҳақида хабар бериш билан ниҳоясига етади.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. Ҳо, Мим.

2-3. Очиқ-равшан Китобга—Қуръонга қасамки, албатта Биз уни сизлар ақл юргизишингиз (маъно-мазмунини фаҳмлашингиз) учун арабий Қуръон қилдик.

4. Дарҳақиқат, у Бизнинг даргоҳимиздаги Асл Китобга (Лавҳул-Маҳзуфга) юксак (мартабали) ва ҳикматли (Китобдир)

5. Бас, сизлар (куфру исёнда) ҳаддан ошувчи қавм бўлганларингиз учун Биз сизлардан бу Эслатмани буриб (сизларни ўз ҳолларнгизга ташлаб) қўюрмизми?!

6. Биз аввалгиларга ҳам қанча пайғамбар юборганмиз.

7. Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб кулган эдилар.

8. Бас, Биз улардан (Макка кофирларидан) кучли-қудратлироқларини ҳам ҳалок қилганмиз. (Ушбу Қуръонда) аввалгиларнинг масал-қиссалари ўтди-ку!

9. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом ), қасамки, агар Сиз улардан: «Омонлар ва Ерни ким яратган?», деб сўрасангиз, албатта: «Уларни Қудратли ва Билгувчи (Аллоҳ) яратган», дерлар. (Аммо ўзлари бўлса, ҳеч нарса ярата олмайдиган бут ва санамларни У Зотга шерик қилиб олиб, ўшаларга сиғинурлар).

10. Ўша Зот сизлар учун Ерни бешик—қароргоҳ қилиб қўйди ва (сафарларингизда кўзлаган мазилларингизга) йўл топишларингиз учун унда (Ерда турли) йўлларни (пайдо) қилди.

11. Ўша Зот осмондан (аниқ) ўлчов билан сув-ёмғир ёғдирди. Бас, Биз у (сув) билан «ўлик» шаҳар (қишлоқларни) тирилтирдик (яъни, қуруқ Ердан турли-туман гиёҳрани чиқардик). Сизлар ҳам (Қиёмат Кунида қабрларингиздан) мана шундай чиқарилурсизлар.

12. Ўша Зот барча жуфтларни (яъни, бор маҳлуқотни) яратди ва сизлар учун кемалар ва чорва ҳайвонларидан—сизлар минадиган нарсалар (пайдо) қилди.

13-14. Токи сизлар уларнинг устига ўрнашгайсизлар, сўнгра унга ўрнашиб олгач, Парвардигорингизнинг неъматини эслаб: «Бизларга бу (кема ёки от-улов)ни бўйсундириб қўйган Зот (яъни, Аллоҳ барча айбу-нуқсондан) Покдир. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Шак-шубҳасиз, бмзлар (барчамиз) Парвардигоримизга қайтгувчидирмиз»,дегайсизлар.
Изоҳ: Юқоридаги оятларда Аллоҳ таъоло бандаларига ато этган неъматлари қаторида улар шукр қилиб, ибрат олишлари учун ўзларидан неча баробар катта ва кучли кема ва туя каби, инсонлар миниб ва бошқариб юрадиган нарсаларни ҳам яратиб қўйганини ва шундай қудратли, баҳайбат нарсаларни инсонга бўйсундириб қўйганини баён қилди. Энди қуйдаги оятларда «фаришталар—Аллоҳнинг қизлари», деган ботил ақида эгалари бўлган мушриклар ҳақида ҳикоя қилиниб, уларнинг бу пуч даъволари Илоҳий мантиқ билан рад этилади.

15. Улар (мушриклар Аллоҳ) учун ўз бандаларидан (айримларини яъни, фаришталарни) жузъ—бўлак қилдилар! (Аллоҳнинг бандалари бўлган фаришталарни «У Зотнинг қизлари яъни, Унинг бир жузъи», дедилар. Чунки фарзанд отанинг жузъидир). Дарҳақиқат, инсон очиқ-ойдин кўрнамак-ношукурдир!

16. Балки (Аллоҳ) Ўзи яратадиган нарсалардан қизларни олиб қолиб, сизларга ўғилларни танлаб бергандир?!

17. Қачон уларнинг биронтасига, Ўзи Раҳмон учун мисол қилган нарса (яъни, қиз кўргани) ҳақида хушхабар берилса, ғазабга тўлган ҳолда юзи қорайиб кетар.

18. «Ҳали зеб-зийнат ичида ўстириладиган, (ҳеч қандай) жанжал-мунозарада (ўз мақсадини) очиқ-равшан баён қилиб бера олмайдиган (ожиз нотавон қиз болами)?!»

19. (Ҳолбуки,) ўзлари Раҳмоннинг бандалари бўлмиш фаришталарни «Қизлар» дедилар. Ё улар (Аллоҳ фаришталарни) яратишига гувоҳ бўлганмидилар?! Уларнинг бу «гувоҳ»ликлари албатта (номаи аъмолларига) ёзилур ва улар (Қиёмат Кунида) сўроққа тутилурлар!

20. Улар: «Агар Раҳмон хоҳлаганида, бизлар уларга (яъни, фаришталарга «улар Аллоҳнинг қизлари» деган эътиқод билан) ибодат қилмаган бўлур эдик», дедилар. (Яъни, бизлар фаришталарга Аллоҳнинг розилиги—хоҳиши билан сиғинганмиз, деб даъво қилдилар). Улар учун бу ҳақда ҳеч қандай билим-асос йўқдир. Улар фақат ёлғон сўзламоқдалар!

21. Ёки Биз уларга (Қуръондан) илгари бирон китоб ато этганмиз-у, улар ўшани ушлагувчимилар?! (Йўқ, асло ундоқ бўлган эмас)!

22. Йўқ, (улар учун ўзларича Аллоҳга турли махлуқотларни шерик қилиб олишларида бирон ҳужжат-далил йўқдир, шунинг учун ҳам бошқа ҳеч қандай сўз топа олмай) улар (шундай¬) дедилар: «Албатта бизлар ота-боболаримизни бир миллат—дин устида топганмиз ва албатта биз уларнинг изларидан бориб ҳидоят топгувчидирмиз».

23. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), шунингдек, Биз Сиздан илгари бирон қишлоқ-шаҳарга бирон огоҳлантирувчи-пайғамбар юбормадик, магар (юборганмизда) у жойнинг боёнлари: «Албатта ота-боболаримизни бир миллат—дин устида топганмиз ва албатта бизлар уларнинг изларидан эргашгувчидирмиз», деганлар.

24. (Шунда пайғамбарлари уларга): «Агар мен сизларга сизлар ота-боболарингизни (эътиқод қилган ҳолларида) топган диндан тўғрироқ Динни келтирган бўлсам ҳам-а?», деганида, улар: «Албатта бизлар сизлар элчи қилиб юборилган Динга кофирдирмиз», дедилар.

25. Бас, Биз улардан интиқом олдик. Энди у (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилгувчиларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринг!

26. Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман.

27. Магар мени яратган Зотгагина (ибодат қилурман). Бас, албатта У мени (Ҳақ динга) ҳидоят қилажак».

28. У (Иброҳим) ўшани (яъни, ўзиниг Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиши ҳақидаги сўзни ўзидан кейин келадиган зурриёти-авлодлари ҳам унга) қайтишлари учун ўз ортида қолгувчи сўз қилди.

29. Мен эса (Иброҳим авлодларидан бўлган, аммо у қолдирган Сўзга итоат этмаган) ана у (Макка аҳолиси)ни ҳам, уларнинг ота-боболарини ҳам то уларга Ҳақ—Қуръон ва очиқ-равшан пайғамбар (Муҳаммад алайҳиссалом) келгунча (узун умр ва фаровон ҳаёт билан) фойдалантирдим.

30. (Аммо) қачонки уларга Ҳақ—Қуръон келгач, улар: «Бу сеҳрдир, албатта бизлар унга кофирдирмиз», дедилар.

31. Яна улар: «Бу Қуръон икки қишлоқ(нинг биридан)дан бўлган улуғ одамга нозил қилинганида эди», дедилар.
Изоҳ: Икки қишлоқдан мурод Макка ва Тоиф шаҳарларидир. Мушриклар назарида Макканинг улуғи ўша жойлик боёнлардан Валид ибн-ал-Муғийра бўлса, Тоифнинг улуғи Увра ибн Маъсуд ас-Сақафий номли бир бой эди. У мушриклар ҳам барча замонлардаги дунёга қул бўлган кимсалар каби улуғликни мол-давлат ва салтанат билан ўлчар эдилар. Шунинг учун улар: «Агар бу Қуръон ҳақ китоб бўлганида Муҳаммадга ўхшаган бир етим ва камбағалга эмас, балки Валид ва Увра каби улуғ зотларга тушган бўлар эди», дедилар.

32. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингизнинг раҳмати (бўлмиш пайғамбарлик)ни ўшалар тақсимлайдиларми?! (Йўқ, асло ундоқ эмас!) Уларнинг ҳаёти дунёдаги маишат-тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз Ўзимиз тақсимлаганмиз ва баъзилари баъзиларини қўл остига олиб (ишлатишлари) учун (бировлврини бой ёки кучли-қувватли қилиб, бошқа бировларини эса камбағал ёки заиф-кучсиз қилиб) айримларини айримларидан баланд даража-мартабаларга кўтариб қўйганмиз. Парвардигорингизнинг раҳмати—пайғамбарлик эса улар тўплайдиган нарса (мол-дунё)ларидан яхшироқдир. (Бас, Биз бу улуғ неъматни фақат Ўзимиз танлаган кишиларгагина ато этурмиз).

33. Агар (иймонсиз кимсаларнинг бой-бадавлат, тўкин-сочинликда яшаётганларини кўришиб, барча) одамлар бир миллат (яъни, кофир) бўлиб олишлари (хавфи) бўлмаганида эди албатта Биз Раҳмонга (яъни, Бизга) кофир бўладиган кимсалар учун уйларининг шифтлари ҳам, унга чиқадиган нарвонлари ҳам кумушдан қилиб қўйган бўлур эдик.

34. Яна уларнинг уйларининг эшикларини ҳам, ўзлари устида суяниб-ястаниб ўтирадиган сўриларни ҳам (кумушдан қилиб қўйган бўлур эдик).

35. Яна (барча) зеб-зийнат—нақш-нигорларни ҳам (ўша кофирлар учун қилиб қўйга бўлур эдик. Зеро, буларнинг) барчаси фақат ҳаёти дунё матоларидир. Охират эса Парвардигорингиз наздида тақводор зртлар учундир.
Изоҳ: Ушбу оятларда Аллоҳ таъоло наздида бу дунё ўзининг бор зебу зийнат ва ҳою ҳаваси билан нақадар ҳақир бир нарса экани маълум бўлди. Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган бир ҳадиси шариф мазкур оятларнинг муносиб тафсири бўлса керак: «Агар Аллоҳ таъолонинг ҳузурида дунё учун пашшанинг қанотича вазн-қиммат бўлганида Аллоҳ кофирга ундан бир қултумини ҳам раво кўрмаган бўлур эди».Қуръни Карим бу оятлар воситасида бизларни тарки дунёчиликка тарғиб қилмайди, балки бу дунё қул бўлишга арзийдиган матоҳ эмаслигини уқтиради.

36. Ким Раҳмон Эслатмасидан (яъни, Қуръон панд-насиҳатларидан) кўр бўлиб олса — юз ўгирса, Биз унга шайтонни яқин қилиб қўюрмиз, бас, у ўша (кофирга доимий) ҳамроҳ бўлур.

37. Шак-шубҳасиз, (шайтонлар, Қуръондан юз ўгирган кимсаларни Тўғри) Йўлдан тўсурлар, (аммо ўша шайтонларнинг етовидаги адашганлар эса) ўзларини ҳидоят топгувчилар, деб ҳисоблайдилар.

38. То қачон Бизнинг ҳузуримизга келгач, (ўзини Тўғри Йўлдан оздирган шайтонга қараб): «Орзу эди, мен билан сенинг ўртанг Шарқу Ғарбнинг ўртасидаги масофа (каби йироқ) бўлса! Бас, (сен), нақадар ёмон ҳамроҳдирсан», дер.

39. (Эй кофирлар ва уларни Тўғри Йўлдан оздирган пешволари, ҳаёти дунёда куфр йўлини танлаш билан ўзларингизга) зулм қилганларингиз сабабли бу Кун сизларга азобда шерик эканликларингиз ҳаргиз фойда бермас (яъни, азобни қаттиқлигидан ҳар бирингиз ўзингиз билан овора бўлиб, шерикларингизга ҳамдардлик билдириб, азобларини енгиллата олмассизлар)!

40. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз «кар»ларга эшиттира олумисиз ё «кўр»лар ва очиқ залолатда бўлган кимсаларни ҳидоят қила олурмисиз?

41. Бас, агар Биз (кофирларни мағлуб этишдан илгари) Сизни кетказсак (яъни, вафот қилдирсак ҳам) албатта Биз улардан (охиратда) Интиқом олгувчидирмиз.

42. Ёки албатта Биз уларга ваъда қилган анрсани (яъни, кофирликлари сабабли уларнинг бошларига тушажак азобни ҳаётлик чоғингиздаёқ) Сизга кўрсатурмиз. Зеро, Биз уларга (азоб беришга) Қодирдирмиз.

43. Бас, Сиз ўзингизга ваҳий қилинган нарсани—Қуръонни маҳкам ушланг. Албатта Сиз Тўғри Йўлдадирсиз.

44. Албатта у (Қуръон) Сиз учун ҳам, қавмингиз-умматингиз учун ҳам бир шарафдир ва яқинда (Қиёмат Кунида бу неъмати Илоҳийя хусусида) сўралурсизлар.

45. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб (яъни, улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқинг-чи, Биз Раҳмондан (яъни, ўзимиздан) ўзга ибодат қилинадиган «илоҳ»лар қилинганмиканмиз?! (Йўқ, барча пайғамбарлар Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этгандирлар)!

46. Аниқки, Биз Мусони Ўз оят-мўжизаларимиз билан Фиръавн ва унинг одамларига юбордик. Бас, у: «Албатта мен барча оламлар Парвардигорининг пайғамбаридирман», деди.

47. Энди қачонки у Бизнинг оят-мўжизаларимизни уларга келтиргач, баногоҳ улар у (мўжиза)лар устидан кула бошладилар.

48. Биз уларга (тўфон,чигиртка балолари каби азоб оят-аломатларидан) бирон оят кўрсатсак, албатта у (ўзидан аввалги) шеригидан улуғроқ-даҳшатлироқ (бало-офат) бўлур эди. Шояд (куфрдан иймонга) қайтсалар, деб Биз уларни (турли) азоб билан ушладик.

49. Улар (Бизнинг оятларимизни кўришгач,Мусога): «Эй сеҳргар, сенга берган (дуойингни мустажоб қилиши хусусидаги) ваъдаси ҳаққи-ҳурматиПарвардигоринга бизлар учун дуо қил. (Агар У сенинг дуойинг сабабли бизлардан бу азобларни аритса), албатта бизлар ҳидоят топгувчидирмиз (яъни, ўша Аллоҳга иймон келтиргувчидирмиз)», дедилар.

50. Энди қачонки Биз (Мусонинг дуоси шарофати билан) улардан азобни аритсак, баногоҳ улар (ўзларининг иймон келтирамиз, деб берган аҳдларини) буза бошладилар.

51. Ва Фиръавн ўз қавмига жар солиб, деди: «Эй қавмим, Миср подшоҳлиги ва мана бу остимдан оқиб турган дарёлар менинг (мулким) эмасми?! Ахир кўрмаяпсизларми?!

52. Балки мен мана бу хор бўлган ва (ўз мақсадини очиқ баён қила олмайдиган кимсадан (яъни, Мусодан) яхшироқдирман?!

53. Бас, унга (Мусога осмондан худди подшоҳларнинг бўйнига гулчамбар ташланганидек) олтиндан бўлган билагузуклар ташланганида эди ёки у билан бирга фаришталар ҳамроҳ бўлиб келганида эди (унинг пайғамбарлигига ишонсанглар бўлар эди. Ундоқ бўлмагач, нега унга ийомн келтирасизлар)?!»

54. Бас, у ўз қавмини тезлатган эди, улар унга итоат этдилар. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм эдилар.

55. Энди қачонки улар Бизни дарғазаб қилишгач, Биз улардан интиқом олдик—уларнинг барчаларини (денгизга) ғарқ қилиб юбордик.

56. Бас, уларни кейингилар учун ўтмиш-ибрат ва мисол қилиб қўйдик.

57. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қачонки, (Ийсо) бинни Мариям мисол келтирса, баногоҳ қавмингиз (бу мисолдан шодланиб) қичқира бошлайдилар.

58. Улар: «Бизларнинг илоҳларимиз яхшироқми ёки уми (яъни, Ийсоми?!) дедилар. Улар (бу мисолни) Сизга фақат талашиб-торитшиш учунгина келтирдилар. Ахир улар хусуматчи-урушқоқ қавмдирлар!
Изоҳ: Бу оятлар мушриклар Ийсо бинни Мариямни мисол қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломни мулзам этмоқчи бўлгани хусусидадир. Пайғамбар алайҳиссалом Қурайшликларга: «(Эй мушриклар), сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир», оятини (Анбиё сураси, 98-оят) тиловат қилганларида, мушриклар ғазабга минишиб: «Эй Муҳаммад, бу фақат бизларга тегишлими ёки барча миллатларгами?», деб сўрашади. Ҳазрат уларга: «Бу оят барча замонлардаги мушриклар ва улар сиғинаётган нарсаларга тегишлидир», деб жавоб бергач, улардан бири бу жавобдан шодланиб: «Ахир сен Ийсони Аллоҳнинг пайғамбари деб эдинг-ку! Холбуки, насронийлар уни худо деб сиғинадилар. Бас, агар Ийсо насронийлар уни худо қилиб олганлари сабабли дўзахга тушадиган бўлса, бизлар ҳам ўз худоларимиз билан дўзахга тушишга розимиз. Энди бизларга айтинг-чи, бизларнинг худоларимиз яхшироқми ёки Ийсоми?!», деб қичқиради. Шунда юқоридаги оятлар нозил бўлиб, Ийсо пайғамбар Аллоҳ таъоло хузурига кўтарилиб кетгандан кейин насронийлар у зотни худо қилиб олишганлари учун у киши айбдор эмаслилари, бу мушриклар эса фақат талашиб-тортишиш учунгина бундай беҳуда мисолларни келтиришлари баён этилади. Қуйидаги оятларда Ийсо бинни Мариям ким бўлганликлари хусусида яна бир бор уқтирилади.

59. У фақатгина Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир. Биз уни (отасиз дунёга келтириш билан) бани Исроил учун (Бизнинг қудратимизни намойиш қиладиган) бир мисол-ибрат қилдик.

60. Агар хоҳлаганимизда, албатта сизларнинг ўрнингизга Ерда халифа бўладиган фаришталарни (пайдо) қилган бўлар эдик.
Изоҳ: Бу оятда Аллоҳ таъоло учун нафақат Ийсони отасиз яратиш, балки Ер юзидаги барча одамларни йўқ қилиб, уларнинг ўрнига фаришталарни қўйиб қўйиш ҳам жуда осон иш эканлиги таъкидланади.

61. Албатта (Ийсо Қиёмат) Соати ҳақидаги билим-аломатдир. Бас, сизлар у (Соат) ҳақида ҳаргиз шак-шубҳа қилмангиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Макка аҳлига айтинг): «Менга эргашинглар! Мана шу тўғри йўлдир.
Изоҳ: Саҳобайи каромлардан Ибн Аббос ва Қатоданинг айтишларича, (Аллоҳ уладан рози бўлсин), Қиёмат қойим бўлиши олдида Аллоҳ таъоло Ийсо алайҳиссаломга дунёга тушиб, у киши бутун ер юзида Ислом ҳукуматини юргизар эканлар. Шунинг учун бу ояти каримада Ийсо - Қиёмат аломатидир дейилади.    

62. Сизларни ҳаргиз шайтон (Аллоҳнинг динидан) тўсмасин! Албатта у сизлар учун очиқ душмандир».

63. Қачонки Ийсо аниқ-равшан ҳужжат-мўжизаларни келтиргач, деди: «Мана, мен сизларга Ҳикмат - Инжил билан, сизларга ўзларингиз ихтилоф қилаётган айрим нарсаларни баён қилиб бериш учун келдим. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат этингиз!

64. Албатта менинг Парвардигорим ҳам, сизларнинг Парвардигорингиз ҳам Аллоҳнинг Ўзидир, бас, (Ёлғиз) Унга ибодат қилингиз! Мана шу Тўғри Йўлдир».

65. Сўнг (Насронийларнинг ичидан чиққан) ҳибзлар-фирқалар (Ийсо хусусида, айримлари уни «худо» деб, айримлари «Худонинг ўғли», деб) ўзаро ихтилоф қилдилар. Бас, у золим кимсаларга аламли Кун (Қиёмат)нинг азоби - ҳалокат бўлғай!

66. Улар фақат ўзлари ҳам сезмаган ҳолларида (Қиёмат) Соати тўсатдан келиб қолишини кутмоқдалар, холос.

67. У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ Йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстлардир).

68-69. (У Кунда уларга айтилур): «Эй, Бизнинг оятларимизга иймон келтирган ва мусулмон бўлиб ўтган бандаларим, бу Кун сизлар учун ҳеч хавфу хатар ва сизлар асло ғамгин бўлмайсизлар.

70. Сизлар жуфти ҳалолларингиз билан бирга шод-хуррам бўлган ҳолларингизда жаннатга кирингиз!».

71. Уларга олтиндан бўлган лаганлар(да таомлар) ва қадаҳлар(да шароблар) айлантирилур. У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир. Сизлар у жойда мангу қолурсизлар.

72. Қилиб ўтган амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб бнрилган жаннат мана шудир.

73. Сизлар учун у жойда кўплаб мева-чевалар бўлиб, сизлар улардан ерсизлар.
Изоҳ: Мазкур оятларда беш кунлик дунёда тақво билан яшаб ўган мўмин-мусулмонларга мерос қилиб бериладиган жаннатдаги ноз-неъматлар беадад ва мангу-боқий, боғ мевалари эса ҳазон билмас эканлиги баён этилди. Энди динсиз осийларнинг оқибатлари қандай бўлиши ҳақида хабарберилади.

74. Албатта жиноятчи кимсалар (яъни, кофирлар) жаҳаннам азобида мангу қолгувчидирлар.

75. Улардан (азоб бирон лаҳза ҳам) енгиллатилмас ва улар (ўша азобда қолиб) бутунлай ноумид бўлгувчидирлар!

76. Уларга биз зулм қилмадик, лекин улар (ўзларига) зулм қилгувчи бўлдилар.

77. Улар (дўзах ходими бўлган фариштага) «Эй Молик, Парвардигоринг бизларга Ўз ҳукмини қилсин (яъни, тезроқ жонимизни олсин, бизлар бу азобдан қутулайлик», деб) нидо қилганларида, у: «Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) тургувчидирсизлар», деди.

78. Аниқки, Биз сизларга Ҳақ - Қуръонни келтирганмиз, лекин сизларнинг кўпларингиз Ҳақни ёмон кўргувчидирсизлар.

79. Балки улар (яъни, Макка мушриклари пайғамбар алайҳиссаломга суиқасд қилиш учун) бирон ишга қарор қилгандирлар?! Бас, албатта Биз ҳам (ўз пайғамбаримизга уларнинг макрларидан нажот бериб, суиқасд қилгувчиларнинг ўзларини ҳалок қилишга) қарор қилгувчидирмиз.

80. Балки уларнинг гумонларича, Биз уларнинг сирларини (билмасмиз) ва шивир-шивирларини эшитмасмиз?! Ундоқ эмас! Бизнинг элчиларимиз (фаришталар) уларнинг олдиларида (ҳар бир қилган ишларини) ёзиб турурлар.

81. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, «Аллоҳнинг боласи бор», дейдиган мушрикларга) айтинг: «Агар Раҳмоннинг боласи бўлганида мен (у болага) ибодат қилгувчиларнинг биринчиси бўлур эдим, (лекин У Зотнинг боласи ҳам, оиласи ҳам йўқдир)!»

82. Осмонлар ернинг Парвардигори, Арш Эгаси (бўлган Аллоҳ) улар сифатлаётган айблардан покдир!

83. Бас, Сиз уларни тарк қилинг! Улар то Ўзларига ваъда қилинган Кунга рўбарў бўлгунларича (ноҳақ йўлларига) шўнғишиб, (ўз дунёларида) ўйнаб-кулиб юраверсинлар!

84. У (Аллоҳ) осмонда ҳам Илоҳ, ерда ҳам Илоҳ бўлган Зотдир. У ҳикмат эгаси ва Билгувчидир.

85. Осмонлар ва Ер ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсалар пошоҳлиги Ўзиники бўлган Зот Баракотли - Буюкдир.(Қиёмат) Соати ҳақидаги билим ҳам Ёлғиз унинг ҳузуридадир. Ёлғиз унгагина қайтарилурсизлар.

86. (Мушриклар Аллоҳни) қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутлари (Қиёмат Кунида бирон кишини) шафоат қилишга эга бўла олмас, магар ўзлари билган ҳолларида ҳақ гувоҳлик берган (яъни, «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ёлғиз Аллоҳгина бор эканлигига гувоҳлик бераман», деган) кишиларгина (Аллоҳнинг изни-иродаси билан шафоат қилишга қодир бўлурлар).

87. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қасамки, агар Сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар: «Аллоҳ», дерлар. Бас, (ўша Яратгувчига ибодат қилиш ўрнига) қаёққа бурилиб кетмоқдалар?!

88. (Аллоҳ таъоло Муҳаммад алайҳиссаломнинг): «Парвардигорим, дарҳақиқат, ана улар иймон келтирмайдиган қавмдир», деган (сўзларини ҳам билур).

89. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз улардан юз ўгиринг ва «Тинчлик-омонлик бўлсин», денг! Бас, улар яқинда (куфру исёнларининг оқибати қандай бўлишини) билиб олажаклар!

Орқага Олдинга