loader

034. Сабаъ сураси

Сабаъ - Яман диёридаги қадимий шаҳар номи.  Унда Билқис исмли малика ҳукмронлик қилгани ва Сулаймон (а.с.) билан ўрталарида кечган можаролар тўғрисида Намл сурасида баён қилинган эди. Бу сурада мазкур Сабаъ қабиласининг ношукурликлари сабабли ноз-неъматлардан маҳрум бўлганлари тўғрисида оятлар келгани учун унга шу ном берилган. Сурада Довуд ва Сулаймон (а.с.) қиссалари, ҳақ билан ботилнинг ўзаро кураши, эзгуликка берилажак ажру савоблар, ёвузликка аталган уқубат ва жазолар тўғрисида ҳам батафсил маълумотлар берилган. Айниқса, жин, дев, парилар ҳам инсон каби ғайбий сирларни мукаммал билмаслиги ҳақида ибратли воқеалар ушбу сурада ўз аксини топган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Ҳамд Аллоҳга (хос)дир. У шундай зотки, осмонлардаги ва Ердаги (бор) нарса Уникидир. Охиратда ҳам ҳамд фақат Унга (хос)дир. У ҳикматли ва хабардор зотдир.
2. У Ерга кирадиган нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган нарсаларни ҳам, самодан тушадиган нарсаларни ҳам, унга кўтариладиган нарсаларни ҳам билур. У раҳмли ва мағфиратлидир.
3. Кофир бўлган кимсалар: "Бизларга қиёмат келмас", - дедилар. Айтинг: "Йуқ! Ғайбни билувчи Раббимга қасамки, шак-шубҳасиз, у (қиёмат) сизларга келур! Осмонлар ва Ердаги бир зарра мисолича, ундан ҳам кичик (ёки) катта бирор нарса (Аллоҳ)дан махфий бўлмас, албатта, аниқ Китобда (Лавҳул-Маҳфузда у) мавжуддир".
4. Токи (Аллоҳ) имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни мукофатлаши учун (қиёмат қойим бўлур). Ана ўшалар учун мағфират ва фаровон ризқ (жаннат) бордир.
5. Оятларимизга (қарши) курашиш ҳаракатида юрган кимсалар учун жазо аламли азобдир.
6. (Эй, Муҳаммад,) илм берилган зотлар Сизга Раббингиз (томони)дан нозил қилинган (Қуръон)нинг ҳақ (Китоб) эканини ва у қудратли, ҳамдга лойиқ зотнинг ёълига ҳидоят қилишини билурлар.
7. Кофир бўлган кимсалар дерлар: "Сизларга (чириб) титилиб бўлак-бўлак бўлиб кетган вақтингизда, албатта, сизлар яна янгитдан яратилурсизлар, деб хабар берадиган бир кишини кўрсатайликми?
8. У Аллоҳ шаънига ёлғон тўқидими ёки унда жиннилик борми?" - дедилар. Йуқ, (балки) охиратга ишонмайдиганлар азобда ва (ҳидоятдан) узоқ залолатдадирлар.
9. Ахир, улар олдиларидаги ва ортларидаги (атрофларидаги) нарсаларга - осмону заминга боқмайдиларми?! Агар Биз хоҳласак, уларни ерга юттириб юборурмиз ёки устиларига осмондан парчалар туширурмиз. Албатта, бунда ҳар бир (Аллоҳга) қайтувчи банда учун далолат бордир.
10. Биз Довудга (улуғ) фазл (мартаба) ато этдик: "Эй, тоғлар ва қушлар! (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!" Ва унинг учун темирни (хамирдек) мулойим қилиб қўйдик.
Изоҳ: Демак, Довуд (а.с.)га Аллоҳ таоло пайғамбарликдан ташқари яна хуш овоз ва темирчилик неъматларини ато этганки, Забур китобини тиловат қилганларида қуш-туюрлар ҳам мафтун бўлиб, унга жўр бўлар, атрофдаги тоғу тошлар ҳам акс садо бериб тиловатга қўшилишар, тасбеҳни бирга айтишар экан. Иккинчи неъмат-темирчиликда ҳам мислсиз имтиёзли бўлганларидан қўлларидаги темир хамирдек эриб, ундан хоҳлаган асбобни ясай олар эканлар.
11. (Ва унга дедик): "Совутлар ясагин ва (уларни) ясашда меъёрни билгин! (Эй, Довуд оиласи), яхши амал қилинглар! Зеро, Мен қилаётган амалларингизни кўриб турувчидирман".
12. Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйин сундирдик) ва унинг учун мис булоғини оқизиб қўйдик. Яна жинлардан ҳам Парвардигорининг изни билан унинг қўл остида ишлайдиган (жин)ларни (бўйсундириб қўйгандирмиз). Улардан ким Бизнинг амримиздан четласа, Биз унга ўт азобидан тоттириб қўюрмиз.
13. Улар (Сулаймонга мисдан у) хоҳлаган нарсаларни - меҳроблар (ибодатхоналар), тимсоллар (ҳайкаллар, суратлар), ҳовузлар каби (катта) лаганлар ва (ўчоқларга) ўрнашувчи қозонларни ясаб берурлар. "(Эй), Довуд оиласи, (бу неъматларнинг) шукронаси учун амал (ибодат) қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилувчиси оздир".
14. Бас, қачонки, Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилганимизда, унинг ўлимига фақат асосини еяётган кемирувчи қуртгина далолат қилди. Бас, қачонки, у қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар ғайбни билувчи бўлганларида бу хор қилувчи азобда (меҳнатда) қолмаган бўлур эдилар.
Изоҳ: Сулаймон (а.с.)га Аллоҳ таоло инсу жин, паррандаю даррандалар устидан подшоҳлик қилиш неъматини ато этган бўлиб, бир мис булоқ ҳам у кишига мусаххар этиб бўйинсундириб қўйилган экан. Пайғамбар итоатидаги жинлар ўша булоқдан мис эритмасини олиб, Сулаймон (а.с.) айтган буюм ва шаклларни ясар эканлар. Мазкур оятда жинларнинг ғайбий сирлардан ҳамиша огоҳ бўлавермасликлари исботланган. Зеро, агар улар ғайбни билганларида Сулаймон (а.с.)нинг асога суянган ҳолда вафот этганидан воқиф бўлар ва мажбурий қилаётган оғир ишларини тўхтатган бўлур эдилар. Ваҳоланки, улар пайғамбар асосини қурт еб, ерга қулаб тушганларидан кейингина хабар топдилар. Шундай қилиб, Сулаймон (а.с.) ўлиб, девлар меҳнатдан қутилган эканлар.
15. Сабаъ (қабиласи) учун ўз масканларида (Аллоҳнинг фазлига доир) бир аломат бор эди- ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб, (Биз уларга): "Парвардигорингиз ризқидан баҳраманд бўлинглар ва Унга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳар, (Парвардигорингиз) мағфиратли Парвардигордир" (деган эдик).
16. Бас, улар (шукрдан) юз ўгиргач, Биз уларнинг устига тўғон билан (тўсиб қўйилган) селни (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ мевали, юлғунзор ва сийрак бутазор "боғлар"га алмаштириб қўйдик.
17. Кофир бўлганлари сабабли уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз кофирдан ўзга кимсага жазо берармидик?!
18. Биз улар билан ўзимиз муборак қилган шаҳарларнинг орасида кўриниб турадиган қишлоқларни барпо қилиб, улар орасида юриш (масофаси)ни ҳам ўлчаб, (уларга): "Бу (қишлоқларда) кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинчгина юраверинглар!" (деган эдик).
19. Улар эса (бу неъматларга ношукрлик қилиб): "Парвардигоро, сафарларимиз орасидаги (масофани) йироқ қилгин", - дейишиб, ўзларига зулм қилдилар, бас, Биз уларни (одамлар оғзидаги) чўпчакка айлантириб қўйдик ва бўлиб-бўлиб ташладик. Албатта, бунда ҳар бир сабрли ва шукр қилувчи учун аломатлар бордир.
20. Дарҳақиқат, иблис уларнинг устидаги ("Мен уларни ёълдан оздира олурман", - деган) гумонини рўёбга чиқарди, бас, (Сабаъ қабиласи иблисга) эргашдилар, фақат бир гуруҳ мо’минларгина (қолдилар).
21. (Иблиснинг) улар устидаги ҳукмронлиги фақат охиратга имон келтирадиган кишиларни ундан (охиратдан) шубҳада турган кимсалардан ажратиб олишимиз учун бўлди. Раббингиз барча нарсани кузатиб турувчидир.
22. (Эй, Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: "Сизлар Аллоҳдан ўзга (илоҳлар) деб гумон қилган бутларингизга илтижо қилаверингларчи! Улар на осмонларда ва на Ерда бир зарра вазнича (нарса)га эга эмасдирлар ва улар учун шериклик ҳам йуқдир ҳамда улардан Унга бирор мададкор ҳам йуқдир.
23. (Аллоҳ) ҳузурида фақат У изн берган кишиларнинг шафоати (оқлови)гина фойда берур. То қачонки, (изн берилиб) дилларидан қўрқув кетказилгач, улар (бир-бирларига): "Парвардигорингиз нима деди (изн бердими)?" - деб (савол қилишиб), "Ҳақни (айтди, шафоатга изн берди), У олий ва буюк зотдир", - деб (жавоб қилурлар).
24. (Эй, Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: "Ким сизларга осмонлардан ва ердан ризқлантирур?" Айтинг: "Аллоҳ. Албатта, бизлар ёки сизлар ҳидоят узрадирмиз ёки аниқ залолатдадирмиз".
25. Айтинг: "Биз қилган гуноҳ тўғрисида сизлар масъул бўлмассизлар ва сизлар қилаётган амаллар тўғрисида бизлар масъул бўлмасмиз".
26. Айтинг: "Раббимиз (қиёмат куни) ўртамизни жамлар, сўнгра ўртамизда ҳақиқат (адолат) билан ҳукм қилур. Фақат Угина (адолат билан) ҳукм қилувчи ва (ҳақиқатни) билувчидир".
27. Айтинг: "(Эй, мушриклар,) сизлар Унга (Аллоҳга) қўшиб олган ширкларингизни менга кўрсатингиз-чи?! Йуқ. Балки Аллоҳнинг ўзигина қудрат ва ҳикмат эгасидир".
28. (Эй, Муҳаммад,) Биз Сизни, ҳақиқатан, барча одамларга хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи бўлган ҳолингизда, (пайғамбар қилиб) юбордик! Лекин, одамларнинг аксарияти (бу ҳақиқатни) билмаслар.
29. Улар: "Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қиёмат) қачон бўлади?" - дерлар.
30.Айтинг: "Сизлар учун шундай бир куннинг ваъдаси борки, ундан бирор соат орқага ҳам, илгарига ҳам сура олмассизлар".
31. Кофир бўлган кимсалар: "Бизлар бу Қуръонга ҳам, ундан олдинги (Китобларга) ҳам сира имон келтирмаймиз!" - дедилар. (Эй, Муҳаммад,) агар Сиз ўша золим кимсаларни (қиёмат куни) Парвардигор ҳузурида тик тургизиб қўйилиб, бир-бирларига гап қайтараётганларини кўрсангиз эди?! (ўшанда) заиф саналган кимсалар мутакаббир кимсаларга (ўз пешволарига): "Агар сизлар бўлмаганингизда, бизлар, албатта, мо’минлар бўлур эдик", - дейдилар.
32. Мутакаббир бўлганлар заиф саналганларга: "Сизларга ҳидоят келганидан сўнг, сизларни (ундан) биз тўсдикми? Йуқ, ўзларингиз жиноят қилувчи эдингизлар", - дерлар.
33. Заиф саналганлар мутакаббир бўлганларга: "Йуқ, кеча ва кундузги макр(ларингизчи)?! ўшанда сизлар бизларни Аллоҳга кофир бўлишга ва Унга "тенг шериклар" қилишга буюрар эдингизлар", - дейдилар. Азобни (ўз кўзлари билан) кўрган вақтларида улар ичларида надомат қиладилар ва Биз кофир бўлган кимсаларнинг бўйинларига кишанлар солурмиз.  Уларга (дунёда) қилиб ўтган қилмишларидан ўзга жазо берилармиди?!
34. Биз қайси бир қишлоққа бирор огоҳлантирувчи (пайғамбар) юбормайлик, албатта, у жойнинг маишатпарастлари: "Биз сизлар элчи қилиб юборилган (дин)га кофирмиз!" - дедилар.
35. Яна улар: "Бизларнинг молларимиз ва фарзандларимиз кўпроқ, (бинобарин), бизлар азобланувчи эмасмиз", - дедилар.
36. (Эй, Муҳаммад, уларга) айтинг: "Албатта, Раббим ўзи хоҳлаганларнинг ризқини кенг қилур ва (ўзи хоҳлаганларнинг ризқини) танг қилур. Лекин, кўп одамлар (буни) билмаслар".
37. На молларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Бизнинг даргоҳимизга яқин қилувчи эмасдир. Фақат имон келтирган ва солиҳ амал қилган зотлар - айнан ўшаларгагина қилган амаллари сабабли неча баробар мукофот бордир ва улар (жаннатдаги) кўшкларда осойишталикда бўлурлар.
38. Бизнинг оятларимизга (қарши) курашиш ҳаракатида юрадиган кимсалар - улар азобга ҳозир қилинувчидирлар.
39. Айтинг: "Албатта, Раббим бандаларидан ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани эҳсон қилсангизлар, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир".
40. (Есланг, Аллоҳ) уларнинг (мушрикларнинг) барчаларини тўплаб, сўнгра фаришталарга: "Ана у (мушрик)лар сизларга ибодат қилувчи бўлганмидилар?" - дейдиган кунда
41. (фаришталар): "Пок Парвардигор, улар эмас, ўзинг бизларнинг дўстимиздирсан. Ҳа, улар жинларга ибодат қилар эдилар. Уларнинг аксарияти уларга имон келтирувчидирлар", - дерлар.
42. Бас, бу кунда бирингиз бирингизга на фойда ва на зарар етказишга эга бўлмас ва Биз, золим бўлганларга: "ўзларингиз ёлғон деган дўзах азобини тотиб кўрингиз", - дермиз.
43. Қачонки, уларга Бизнинг оятларимиз аниқ ҳолда тиловат қилинса, улар: "Бу (Муҳаммад) фақат сизларни ота-боболарингиз ибодат қилиб ўтган нарсалардан тўсмоқчи бўлган кимсадир", - дерлар ва "Бу (Қуръон) фақат тўқилган бир бўҳтондир", - дерлар. Кофир бўлганлар уларга Ҳақиқат (Қуръон) келган вақтда у ҳақда: "Бу аниқ сеҳрдан бошқа нарса эмас", - дегайлар.
44. Ҳолбуки, (Исодан кейин) Биз уларга (ўқиб) ўрганишадиган китоблар келтирган эмасмиз ва уларга Сиздан аввал бирор огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам юборган эмасмиз.
45. Улардан илгари (ўтган) кимсалар ҳам (ўз пайғамбарларини) инкор этган эдилар Ҳолбуки, (Макка мушриклари) Биз уларга ато этган неъматларнинг ўндан бирига ҳам етганлари йуқ. Бас, (ўшалар) Менинг пайғамбарларимни инкор этишгач, Менинг эътирозим қандай бўлган эди?!
46. (Эй, Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: "Мен сизларга фақат биргина нарсани - Аллоҳ учун жуфт ҳолда ва якка ҳолингизда туришга, сўнгра тафаккур қилишингизни насиҳат қилурман. Соҳибингиз (Муҳаммад)да ҳеч қандай жиннилик йуқдир. У фақат қаттиқ азоб олдидан сизларга (юборилган) бир огоҳлантирувчи(пайғамбардир), холос".
47. Айтинг: "Мен сизлардан (пайғамбарлигим учун) ажр (ҳақ) сўрамасман. Бас, у сизларга бўла қолсин. Менинг ажрим фақат Аллоҳнинг зиммасидадир. У барча нарсага гувоҳдир".
48. Айтинг: "Албатта, Раббим (ботилликни) Ҳақ (Қуръон воситаси) билан (четга) улоқтирур. У ғайбларни аниқ билувчидир".
49. Айтинг: "Ҳақ (Қуръон) келди. Ботил (янгидан ширкни ва динсизликни) бошлай олмас ва қайтара олмас".
50. Айтинг: "Агар мен (ёълдан) озсам, бас, фақат ўз зараримга озурман ва агар ҳидоят топсам ҳам Раббим менга қилаётган ваҳий сабаблигинадир. Албатта, У эшитувчи ва яқиндир".
51. (Эй, Муҳаммад,) агар Сиз (мушрик ва кофирларни) даҳшатга тушган, йуқолишнинг иложи йуқ ва яқин бир макондан (дўзах сари) тутиб кетилган пайтларида кўрсангиз эди!
52. (ўша кунда) улар: "Имон келтирдик", - дейдилар. Йироқ бир жойдан (тавбага) эришиш қаёқда экан уларга?!
53. Ҳолбуки, улар илгари (дунёда) унга кофир бўлган эдилар! Ҳолбуки, улар йироқдан туриб, ғайбга (охиратга тош) отар эдилар.
54. (Мана энди,) худди улардан олдинги ҳамфикрларига қилингани каби, улар билан истайдиган нарсалари (имон) ўртаси тўсиб қўйилди, зеро, улар (дунёда) шак-шубҳада эдилар.

Орқага Олдинга